Ўзбекистон | 11:25 / 27.04.2017
55304
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 27 апрель куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилмоқда

Мустақиллик йилларида вилоят ҳар томонлама ривожланди, унинг шаҳар ва қишлоқлари обод бўлиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошди. Ҳудудда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ижтимоий соҳаларни ривожлантиришда салмоқли натижаларга эришилмоқда. 

2016 йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш суръати 9,6 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 17,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти 6,3, қурилиш ишлари 11,8, чакана товар айланиши 15,2 фоизга ўсди. 

Ўтган йили саноат соҳасини ривожлантиришга доир 304, қишлоқ хўжалигида 696 лойиҳа амалга оширилди. 

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар самарасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2016 йилда 80,3 фоизни ташкил этди. 

Ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан 38 миллион долларлик маҳсулотлар ва хизматлар экспорти амалга оширилди. 

“Жиззах” эркин иқтисодий зонаси вилоят саноатини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. 2016 йилда бу ерда фаолият кўрсатаётган корхоналар томонидан 163 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 

Биринчи Президентимизнинг 2013 йил 18 мартдаги "Жиззах" махсус индустриал зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони асосида барпо этилган ушбу махсус ҳудудда ўтган йилларда 20 (Жиззахда 15 та, Сирдарёда 5 та) корхона ишга туширилди. 

Замонавий технологиялар билан таъминланган корхоналарда 1000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Иш ўринларининг 60 фоизини олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари банд этди. 

Ҳозир эркин иқтисодий ҳудудда юк ва енгил автомобиллар учун тормоз колодкалари, телевизор, кондиционер, музлаткич, кир ювиш машинаси, микротўлқинли печ, светодиодли чироқлар, полипропилен иплар, видео ва IP телефонлар, телекоммуникация ускуналари, интернет тезлигини оширувчи бутловчи қисмлар каби турли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. 

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида вилоятда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларини изчил давом эттириш, вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли манфаатларини таъминлаш бўйича катта режа ва мақсадларни баён этган эди. Президентимизнинг Жиззахга ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболли лойиҳалар билан танишиш кўзда тутилган.

Мавзуга оид