Жаҳон | 12:17 / 29.04.2017
41858
4 дақиқада ўқилади

NI АҚШ Россия ва Хитой билан қандай уруш олиб боришини тахмин қилди

Фото: AFP

Америка ҳарбийлари келажакда Россия ва Хитой каби рақибларига қарши туриш бўйича тахминий режага эга, дейилади The National Interest журналида чоп этилган мақолада. Мақола муаллифи, Лексингтон институти вице-президенти ва Пентагоннинг собиқ ходими Даниэль Гурэ шундай фикрни билдирмоқда. 

Яқингинада мудофаа маъмурияти янги ишланмаларга маблағлар киритиш заруратига дуч келди. Бунга АҚШ эҳтимолий рақибларининг Вашингтон ҳарбий устунлигига муносиб жавоб тайёрлагани сабаб бўлди. 

Мудофаа соҳасига киритиладиган сармоялар дастурини Учинчи қаршилик кўрсатиш стратегияси (Third offset strategy) деб аташди.

Гурэ мақоласида Вашингтон нима учун янги ишланмаларга жуда муҳтожлигини изоҳлашга ҳаракат қилган. 

Бугунги кунда Россия ва бошқа рақиблар АҚШ ва НАТОнинг эҳтимолий ҳарбий устунлигига қарши қаратилган турли воситалар, тактика, техника ва тузилмаларга йирик маблағ ва куч сарфлади. Бундан ташқари, улар тезкор ҳужум қилишнинг ўз стратегиясини ишлаб чиқишмоқда. 

Вашингтон эса мудофаа соҳасидаги стратегиясини 2014 йилда қайта кўриб чиқишни бошлади. Айнан ўша йили Пентагон Мудофаа инновациялари ташаббуси деб номланувчи дастурни эълон қилди. У Қаршилик кўрсатиш учинчи стратегиясини бошлаб берди. 

Ташаббус муаллифлари энг илғор технологиялар ва тизимлардаги олға силжишларни аниқлашни қасд қилишди. Хусусан, роботсозлик, муқобил тизимлар, техникаларни кичиклаштириш, катта миқдордаги маълумотларни юбориш ва янги ишлаб чиқариш технологиялари, шу жумладан 3D-нашр имкониятлари ўрганиб чиқиладиган бўлди. 

Аммо, муаллифнинг сўзларига кўра, янги қарши туриш стратегияси "технологик истаклар рўйхати"дан иборат бўлмаслиги керак. Кимлар учундир бу улкан натижа бўлиб кўринмоқда.

Гурэ янги стратегияни ишлаб чиқишда Пентагон нималарга диққат қилиши борасида ўз фикрларини илгари сурди. Бунда A2AD тизимлари остида чекланган ҳужум қилиш имкониятига эга бўлган рақибга қарши туриш масаласини ўрганиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўларди, дейди муаллиф. 

Гурэ, шунингдек, Қаршилик кўрсатиш учинчи стратегиясидаги Америка аллақачон фойдалана оладиган имкониятларни ҳам санаб ўтади. Хусусан, бу кам сезиладиган бешинчи авлод қирувчи-бомбардимончи F-35 самолётидир. У, муаллиф фикрича, "ҳаво жангининг мутлақ янги кўринишини намойиш эта олади".

Пентагоннинг яна бир янги стратегияси ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ракеталарга қарши мудофаа тизимларини такомиллаштириш бўлиши даркор. Бу Россия, Хитой ва бошқа эҳтимолий рақибларда баллистик ракеталар захираси ортаётган бир вақтда жуда зарурдир. 

Бундан ташқари, АҚШ, деб ёзади Гурэ, яқинда дронлар, қанотли ракеталар, артиллерия снарядлари ва миналарнии уриб тушира оладиган кўп мақсадли учириш тизимини синовдан ўтказди. 

Муаллиф яна лазер қуролини ҳам ёдга олар экан, бундай кучли қуроллар яқин 10 йилда Америка ҳарбий кемаларида пайдо бўлишини тахмин қилади. 

Ва ниҳоят, янги стратегиянинг яна бир йўналиши танклар ва зирхли техникаларни модернизация қилиш бўлиши керак. Гурэнинг фикрича, АҚШ Россия билан ҳарбий тўқнашувга борадиган бўлса, биринчи галда унинг қуруқликдаги қўшинларининг биринчи эшелонини йўқ қилиши талаб этилади. 

Мақола муаллифи, юқоридагилардан келиб чиқиб хулоса қилар экан, Пентагон ушбу қуролларни етарли миқдорда қўллашга ва уларни харид қилиш учун бюджетдан зарурий маблағларни ажратишга журъати етармикан, дея савол билан мурожаат қилади. 

Мавзуга оид