Жаҳон | 16:34 / 01.05.2017
8796
2 дақиқада ўқилади

Трамп Дутертени Оқ уйга таклиф қилгани учун танқид қилинди

Фото: Reuters

АҚШ Давлат департаменти ва Миллий хавфсизлик кенгаши Дональд Трампнинг Филиппин етакчиси Родриго Дутертени Оқ уйга таклиф қилгани ҳақидаги баёнотидан ташвишда. Америка раҳбари бу қарорни мустақил равишда қабул қилиб, уни ўзининг ташқи ишлар вазирлиги билан муҳокама қилмаган. Энди эса Давлат департаменти ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан танқидлар "тўлқини"ни кутмоқда, президент маъмуриятида эса қарорни Трампнинг меҳмондўстлиги билан оқлашга ҳаракат қилишмоқда. 

Гап шундаки, Трамп Дутерте билан "дўстона" руҳда ўтган телефон суҳбатида Филиппин раҳбарини Оқ уйда қабул қилишга тайёр эканини айтган. 

"Президент Трамп Родриго Дутертени Оқ уйга АҚШ ва Филиппин ўртасидаги альянснинг аҳамиятини муҳокама қилиш учун таклиф қилди", - дейилади Оқ уй матбуот хизматида. 

Трамп мазкур қарорни қабул қилишда Дутертенинг Ғарбдаги мавқеига эътибор бермади. Президент Европа сиёсатчилари ва ҳуқуқ ҳимоячилари гиёҳванд моддаларни сотувчилар билан кураш баҳонасида ўз фуқароларини оммавий қиришда айблаётган кишини Вашингтонга таклиф қилгани тўғрисида ўйлаб ҳам ўтирмади. 

Шу муносабат билан Human Rights Watch'да Трамп маҳаллий ҳукумат қўлидан ҳалок бўлаётган филиппинликлар ўлими учун маънавий жавобгар экани айтилди. 

Сенатор-демократ Кристофер Мёрфи ҳам шу мазмунда фикр билдирди. "Реал вақт режимида биз Америка инсон ҳуқуқлари институтининг кулга айланаётганини кузатмоқдамиз", - деб ёзади у ўз Twitter'ида. 

Президент маъмуриятида Трампнинг қарорини оқлашга уриниб, Шимолий Корея таҳдиди қаршисида барча иттифоқдошлар билан бирлашиш зарурлиги таъкидланди. 

Таъкидлаш жоизки, Дональд Трамп Филиппин етакчисининг гиёҳвандликка қарши қатъий чораларини танқид қилмайди. Трамп АҚШ президенти лавозимига тайинланганидан кейин Дутертега унинг кампаниясида муваффақиятлар тилаган. 

Мавзуга оид