Фан-техника | 08:26 / 03.05.2017
7562
2 дақиқада ўқилади

Туристик космолёт яна бир синов парвозидан муваффақиятли ўтди

Фото:hi-news.ru

Душанба куни суборбитал фазовий кема - SpaceShipTwo Unity’нинг навбатдаги синови бўлиб ўтди. У Virgin Galactic компанияси томонидан ишлаб чиқилмоқда. Муҳандислар синов парвози давомида кемага қўниш чоғида аэродинамик тормоз олишга ёрдам бериши керак бўлган тизимни тажрибадан ўтказишди. Синов муваффақиятли ўтди, шунинг учун келаси сафар мутахассислар Unity’нинг бошқа жиҳатларини текширишади.

Компания вакилларининг хабар беришича, ҳисоб бўйича саккизинчи парвоз одатий режимда ўтган. Unity фазовий кемаси бортида икки учувчи бўлган бўлса, WhiteKnightTwo ташувчисини ҳам икки нафар пилот бошқарган, шунингдек бортда муҳандис ҳам бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Virgin Galactic’нинг аввалги кема модели Калифорния жанубидаги саҳрода 2014 йилнинг кузида синов парвози давомида қулаб тушганди. Ҳалокат туфайли бир учувчи ҳаётдан кўз юмган, бошқаси эса жиддий жароҳатлар олган.

Маълумот учун, Unity фазовий кемаси биринчи навбатда суборбитал туристларга мўлжалланган. Хоҳловчилар ҳозирнинг ўзидаёқ чипта харид қилиши мумкин, унинг нархи 250 минг долларга тенг.

Мавзуга оид