Жамият | 14:06 / 06.05.2017
30579
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда чучук ер ости сувларининг ярмидан кўпи тугаш хавфи остида

Фото: Depositphotos

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "2017-2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Кейинги ўн йилликларда саноат ва қишлоқ хўжалигининг жадал суръатда ривожланиши чучук ер ости сувлари ҳолатига салбий таъсир кўрсатди. Бу эса ўз навбатида сув захиралари ҳажмининг сезиларли даражада қисқариши ҳамда сув олиш иншоотларининг рухсатсиз қурилишига, сувни назоратсиз олиш оқибатида эса айрим манбаларда сув захираларининг кескин камайиши ва тугашига олиб келди, дея таъкидланади ҳужжат шарҳида.

Республиканинг айрим ҳудудларида ер юзасидаги сувларни чиқариб ташлаш ва дренаж тизимларининг қониқарсиз ҳолати, ер ости сувлари сатҳининг интенсив кўтарилиши, шунингдек, режали тарзда гидрогеологик мониторинг олиб борилмагани оқибатида айрим шаҳарлар ва аҳоли пунктларида ер ости сувлари сатҳининг ер юзасига яқинлашиши кузатилмоқда. 

Муҳим жиҳати шундаки, шу йилнинг февраль-март ойларида 10 мингдан ортиқ сув қудуғи бўйича ўтказилган хатлов натижалари айтиб ўтилган салбий омилларнинг ер ости сувлари ҳолатига таъсири давом этаётганидан далолат беради. Хатлов 60 фоиздан ортиқ қудуқлардан ер ости сувлари назоратсиз олинаётгани ҳамда уларнинг ифлосланиши ва захираларининг камайиши давом этаётганини, 59 фоиз ер ости сувлари тасдиқланмаган захиралардан олинаётганини яққол кўрсатди 

Бугунги кунда Ўзбекистондаги 69 та шаҳар, 335 та посёлка ва 2902 та қишлоқ аҳоли пункти аҳолисининг эҳтиёжлари ер ости сувлари захиралари ҳисобига қондирилмоқда. 

Ҳужжатда таъкидланишича, ер ости сувлари мониторингининг амалдаги тизими сув манбаларининг ифлосланишига, ер ости сувлари захираларининг камайишига ва баъзи аҳоли пунктларида ер ости сувлари сатҳининг кўтарилишига олиб келувчи салбий омилларни ўз вақтида ва тўлақонли баҳолаш имконини бермаяпти. 

Ичимлик суви тақчил бўлган айрим ҳудудларда сувни чучуклаштириш бўйича замонавий қурилмалар етарли даражада жорий этилмаганини, сувни чучуклаштириш учун керак бўладиган ускуна ва қурилмаларни ишлаб чиқариш борасида мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Қарор билан ер ости сувларини ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш юзасидан назорат ва ҳисоб-китобнинг таъминланиши учун ваколатли давлат органларининг ҳамда сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, олинаётган сув ҳажмини тўлақонли тарзда ҳисобга олиш, шунингдек, уларнинг ифлосланиши ва камайишига йўл қўймаслик бўйича вазифалар белгиланди. 

Мазкур қарор билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари дастури соҳада муҳим ўрин тутади. 

Дастурни молиялаштириш учун Давлат бюджети, халқаро молиявий институтлар ва маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан 396 миллиард сўм йўналтириш кўзда тутилган. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига 2021 йилнинг охиригача 500 та автоматлаштирилган кузатув тизимини ўрнатиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда барча сув манбалари бўйича маълумотлар базасини тайёрлаган ҳолда ер ости сувлари мониторинги кузатув пунктларининг самарали тармоғини яратиш вазифаси топширилди. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги корхоналарини мутахассис кадрлар билан таъминлаш мақсадида 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Тошкент ирригация ва мелиорация институтида "Мелиоратив гидрогеология" таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлашни ташкил этиш кўзда тутилган. 

Мавзуга оид