Спорт | 14:20 / 07.05.2017
38420
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Бокс бўйича Жаҳон чемпионати ўтказилиши мумкин

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон бокс федерацияси Бокс бўйича Жаҳон чемпионатини ўтказиш учун ариза топширадиган бўлса, унинг мурожаати ижобий томондан кўриб чиқилиши мумкин. AIBA президенти Dr. Ching Kuo Wu сўзларига кўра, “Ўзбекистон бу каби мусобақани ўтказиш хоҳишини билдирса, унинг аризаси ташкилотга аъзо кўпчилик давлатлар томонидан қўллаб-қувватланиши мумкин”. Шу билан бирга, унинг қайд этишича, Ўзбекистон томони бу каби мусобақаларни ўта юқори даражада ўтказа олишини 29-Осиё чемпионати давомида яна бир бор исботлади.  

Бугун 7 май куни International Hotel Tashkent меҳмонхонасида Бокс бўйича 29-Осиё чемпионати поёнига етиши муносабати билан AIBA президенти Dr. Ching Kuo Wu, ASBC президенти Серик Қўнақбаев ҳамда Ўзбекистон бокс федерацияси вакили Малик Бабаев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. 

AIBA президенти Dr. Ching Kuo Wu мазкур мусобақанинг юқори савияда ўтказилгани билан Ўзбекистон бокс федерациясига ва барча масъулларга миннатдорчилик билдирар экан, ўзбек боксчилари кўрсатаётган юқори натижадан фақат хурсанд бўлишини таъкидлади. У бугунги финал жангларини ўтказадиган барча спортчиларга омад тилаб, ЖЧ йўлланмасини қўлга киритган боксчиларга омад тилади. 

ASBC президенти Серик Қўнақбаев ҳам Осиё миқёсидаги чемпионат ажойиб ўтказилганини таъкидлади. У ЖЧ йўлланмасини қўлга киритган барча боксчиларга Германиянинг Ҳамбург шаҳрида бўлиб ўтажак жаҳон биринчилигида қитъа шарафини муносиб ҳимоя қилишларига тилак билдирди. 

Мавзуга оид