Жаҳон | 01:02 / 08.05.2017
144144
11 дақиқада ўқилади

Иккинчи жаҳон урушининг 11 та энг муҳим палласи

Уруш бутун Ер курраси бўйлаб борар эди; уларнинг баъзилари кунлаб чўзилса, бошқалари ойлаб, ҳаттоки йиллаб давом этаётганди. Хўш, иккинчи жаҳон урушининг қайси жанглари энг муҳимлари сифатида тарихга муҳрланиб қолган?

«Энг муҳим» деганда, албатта, «ҳал қилувчи» жанглар назарда тутилмаган ёки бўлмаса уларнинг «энг катта», «энг шарафли», «энг қонли», «энг маҳоратли» ва «энг муваффақиятли»сини англатмайди.  Биз «муҳим» деганимизда урушнинг якунига бўлмаса-да, кейинчалик юз берган ҳарбий ёки сиёсий воқеаларга катта таъсир ўтказган жангларни назарда тутдик. Уларнинг энг қисқаси 90 дақиқа, энг узоғи — уч ой давом этган.

 

1. Франция. 1940 йил, май

Бенилюкс давлатлари ва Франция шимолининг бор-йўғи уч-тўрт ҳафтада тезлик билан ва қўққисдан эгаллаб олиниши манёврга асосланган немисча жанг маҳоратининг энг яхши мисоли бўла олади.

Бу жангларда немислар француз армиясининг белини синдириб юборишган. Ҳитлер Ғарбий Европа устидан тўлиқ ҳукмронликка эга бўлган, шундан сўнг фашистлар Италияси ҳам урушга қўшилган. 1940 йилдан 1945 йилгача бўлган барча воқеалар мана шу ғалабанинг оқибати ҳисобланади.

Немис армияси ўшанда бир хатога йўл қўйган ва алал-оқибат у ўта муҳим хато бўлиб чиққан: улар Британия экспедицион кучларининг Дюнкерк орқали қочишларига йўл қўйиб беришган. Натижада, Буюк Британия немислар учун сезиларли таҳдидлигича қолган ва Ҳитлернинг ғалабаси тўлақонли бўлмаган.

Сталиннинг ҳам капиталистик давлатларнинг ўзаро вайрон қилувчи, узоқ давом этувчи можароларини кутгани ҳам ўзини оқламаган; совет иттифоқининг ўзи ҳам таҳдид остида қолган.

 

2. Британия учун жанг. 1940 йил, август–сентябрь

Бостириб киришни режалаштира туриб, Люфтваффе кучлари Буюк Британия қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари базасини, сўнгра Лондонни ҳам бомбардимон қилишган. Бундан асосий мақсад ҳавода ташаббусга эга бўлиш ва Британияни сулҳ имзолашга мажбурлаш бўлган.

Бироқ Британия радиолокацион тизимини ишлатаётган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва қудратли флотга эга эди. Жамиятнинг маънавий руҳи ҳам кўтаринки эди. Немислар бора-бора жиддий йўқотишларга дуч кела бошлашди ва кейинчалик кундузги бомбардимондан, кам самарали тунги аҳён-аҳёндаги парвозларга ўтиб олишди. Куз ҳам кутилганидан совуқроқ келди ва немисларнинг эҳтимолли бостириб кириш режасини чиппакка чиқарди.

Британия учун жанглар Германияга (АҚШга ҳам) Англияни урушда енгиш осон иш эмаслигини намойиш қилиб берди. Америкаликлар инглизларга ёрдам қўлини чўзгач, Ҳитлер «яхшиси СССР билан шуғулланганим маъқул», деган тўхтамга келган.

 

3. «Барбаросса» режаси. 1941 йил, июнь–июль

СССРга тўсатдан ҳужум қилиш бутун уруш давомида Ҳитлернинг энг вайронкор ғалабаси бўлган; жанглар жуда улкан ҳудудда олиб борилган. Вермахтнинг биринчи мақсадига етилган: Россиянинг ғарбий қисмида қизил армияни тезда яксон қилинган.

Бироқ глобал мақсад — совет ҳокимиятини ағдариб ташлаб, Россиянинг бутун Европа қисмини эгаллашга эришилмаган. Жуда даҳшатли ҳужум, ниҳоят, ватан ҳимоячиларини деярли 1000 километрга — Ленинград ва Москва остоналаригача чекинишга мажбур қилган. Қизил армияга тикланиш учун вақт зарур эди; улар босқинчиларни СССР ҳудудидан ҳайдаб чиқаришга 1944 йилга келибгина эришишган.

 

4. Москва. 1941 йил, декабрь

Қизил Армиянинг 5 декабрь куни Москва остоналарида бошланган кутилмаган ва муваффақиятли қарши ҳужуми бутун урушнинг муҳимлиги бўйича иккинчи ўриндаги жанги бўлди.

Ҳали совет қўшинлари олдида кўплаб оғир мағлубиятлар турар, немисларни эса 1942–1943 йилларда Сталинград остонасида бундан-да баттар йўқотишларга дуч келиш кутиб турганди. Лекин Москва остонасидаги бу мағлубият ҳитлерчиларнинг блицкриг режаси барбод бўлганини англатарди; СССР бор-йўғи бир неча ойгагина ҳарбий қудратини йўқотган эди.

Энди шимолий ва марказий фронтларда совет қўшинлари мустаҳкам ўрнашиб олган эди ва Учинчи рейх учун «ҳолдан тойдирувчи жанг» олиб боришдан маъни қолмаганди.

 

5. Пёрл-Ҳарбор, 1941 йил, 7 декабрь

Жанг бор-йўғи 90 дақиқа давом этган ва у бир томонлама бўлган эса-да, бироқ тарихда у энг муҳим жанглардан бири сифатида ёзилиб қолган. Олтита авиаташувчи кема ва 400 та самолёт Америка флотининг бош базасига ҳужум уюштирган.

Рақибнинг флотини фалаж қилиб, Япония қийналмасдан бутун Жанубий-Шарқий Осиёни босиб олган. «Шармандалик куни»гача ўзини иккинчи жаҳон урушига нисбатан босиқ ва эҳтиёткор тутиб турган Америка жамияти ўз кайфиятини бутунлай ўзгартириб, Япония ва Германияга қарши тўлақонли урушга киришган — гарчи рақибга Тинч океанида қарши зарба бериш Америка қўшинларини Европага ўз вақтида жўнатишга монелик қилса-да.

Орадан уч йил ўтиб Америкада гуллаб, мева солган японларга қарши кайфият инсоният тарихидаги энг даҳшатли қуролнинг ишлатилишига олиб келди.

 

6. Мидуэй. 1942 йил, июнь

Япония флоти Мидуэй (Ҳаваи оролларининг шимоли-ғарбий қисмидаги) оролига америкаликларни қопқонга тушириш мақсадида боради. Аслида, японларнинг ўзи қопқонга тушади ва тўртта энг яхши авиаташувчи кемасидан айрилади.

Бу ерда тилга олинган 10 та жанг ичидан фақат шунисигина ҳақиқатдан ҳам мутлақо бошқача тугаши мумкин бўлган. Мидуэйдаги ғалабадан сўнг америкаликлар Тинч океанининг жанубий қисмида стратегик ташаббусга эга бўлиб қолган.

АҚШнинг Тинч океани марказий қисмидан туриб, фаол бостириб боришига ҳали бир ярим йил бор бўлса-да, японлар шунча вақт ичида ўз мудофаа чизиғини барпо этишга улгуришмаган.

 

7. «Машъала» операцияси. 1942 йил, ноябрь

Иттифоқчиларнинг Марокаш ва Жазоирга туширилиши осон жанг эди: Франциянинг Виши ҳукумати аскарлари аввал Ҳитлерга қарши кураша туриб, тезда бошқа томонга ўтиб олишади. Бироқ «Машъала» илк стратегик ҳужумкор операция бўлган, боз устига, Америка қўшинлари илк бор Атлантика океанини кесиб ўтишганди.

Операциядан сўнг Тунисда ҳам ғалаба қозонилган, шундан сўнг Сициялияга бостириб кирилган ва Италия таслим қилинган. Инглизлар томонидан ишлаб чиқилган ва Рузвельт томонидан қабул қилинган Ўрта Ер денгизи бўйича стратегия ҳамда «Машъала»нинг муваффақияти Нормандияга иттифоқчиларнинг туширилиши 1943 йилда рўй бермаслигига олиб келди.

Ўша ноябрь ойида кейинроқ Ал-Аламийнда юз берган жанг янада қонли ва Британиянинг бу урушда ғолиб томонлардан бири бўлишини ваъда қилган эса-да, «Машъала» тарихий истиқболда муҳимроқ ўринга эга бўлган.

 

8. Сталинград. 1942 йил ноябрь – 1943 йил январь

Уч ойлик бу жангни урушнинг бурилиш нуқтаси, деб аташади. Сталинграддан сўнг вермахт СССРнинг бирорта янги ҳудудини эгаллаб ололмаган. 1942 йилнинг ноябрида ўтказилган ва немис қўшинлари ёрдамдан узиб қўйилишига олиб келган операция қайта куч тўплаган қизил армиянинг ҳарбий санъати намойиши бўлган.

31 январь куни Олтинчи армиянинг Сталинградда таслим этилиши — немисларнинг биринчи энг йирик мағлубияти бўлади. Немис раҳбарияти ва фашистлар томонидан босиб олинган Европа аҳолиси бунинг аҳамиятини жуда яхши англаб туришганди: энди Учинчи рейх мудофаага ўтишга маҳкум эди.

 

9. Брянск/Орёл ва Белгород/Харьков. 1943 йил, июль–август

Курск жанги (1943 йилнинг июли) ҳам кўпинча советларнинг уч буюк ғалабаси қаторида тилга олинади. Бу ёз фаслида қўлга киритилган илк ғалаба эди (Москва ва Сталинграддан фарқли ўлароқ).

Ҳитлернинг Курск ёйи бўйлаб ҳужум қилиши («Қалъа» (Zitadelle) операцияси) чиндан ҳам тўхтатилган, лекин у стратегик нуқтаи назардан унчалик ҳам муҳим бўлмаган, советлар эса катта йўқотишларга дучор бўлишган. «Қалъа»дан сўнг, Курскнинг шимолидан (Брянск/Орёл — «Кутузов» операцияси) ва унинг жанубидан (Белгород/Харьков — «Саркарда Румянцев» операцияси) ўтказилган қарши ҳужумлар муҳимроқ бўлган.

Қизил армия бутун жанубий фронт бўйлаб устунликни ўз қўлига олган ва сақлаб турган. Унинг Днепр орқали ғарбий Украинага — урушолди чегарасигача ҳаракат қилиши 1944 йилнинг февралига қадар деярли тўхтовсиз давом этади.

 

10. Нормандия. 1944 йил, июнь–июль

Буюк Британияда «D» куни (6 июнь) ва ундан сўнг Нормандияда 6 ҳафта давом этган ҳарбий ҳаракатлар энг кўзга кўринарли «муҳим жанг» сифатида тилга олинади: бу жангнинг шарофати билан ғарбий Европа тезда босқинчилардан озод қилинади.

Техник нуқтаи назарда ҳали уруш нималигини билмайдиган кўплаб аскарларни Ла-Манш бўғози орқали ўтказиш жуда мушкул иш эди. Шу сабаб немислар ҳар қандай ҳужумни қайтара оламиз, деб ҳисоблаб туришган.

«D»  кунидан сўнг Ҳитлер Нормандия ҳимоясини мустаҳкамлашга қарор қилади, бироқ июль ойи охирларида АҚШ асосий ҳужумкор операцияни бошлаб юборгач, абжағи чиққан вермахт қўшинларининг тезда Германия чегараларигача чекинишдан бошқа иложи қолмайди.

 

11. «Багратион» операцияси. 1944 йил, июнь–июль

«D» кунидан уч ҳафта ўтиб совет қўшинларининг Белоруссияда уюштирган қақшаткич ҳужумлари Нормандиядаги жанглардан ҳам миқёслироқ бўлган.

Ҳужум жойининг танланишида ғафлатда қолдирилган немислар узлуксиз ҳужум суръатларидан тўлиқ тушкунликка тушиб қолишади — олти ҳафта ичида бутун бир армия яксон қилинади, советларнинг катта ҳудуди озод этилади, ҳужумкор бўлинмалар эса олдинга — Польшанинг марказий қисмигача кириб боради. «Багратион» инглиз-америка қўшинларининг «Нормандия»даги муваффақиятининг мустаҳкамланишига ҳам ёрдам беради.

Шиддатли қарши ҳужум (августда Руминиядаги мағлубият ҳам ҳисобга олинса) бу қадар муҳим ўрин тутганига сабаб шуки, уруш охирига келиб, қизил армия бутун Шарқий Европани ўз назорати остида ушлаб турган эди.

 

Мавзуга оид