Жаҳон | 21:05 / 14.05.2017
15898
2 дақиқада ўқилади

Беларусь президенти Пекиндаги форумга 12 ёшли ўғлини олиб борди

Фото: REUTERS / Wu Hong/Pool

Беларусь президенти Александр Лукашенко Пекинда 14 май кун бошланган "Бир макон, бир йўл" форуми ўтказилиши муносабати билан тантанали қабулга ўғли Николай Лукашенко билан бирга келди. Ушбу форумда 40 га яқин давлат президентлари ва бош вазирлари иштирок этмоқда. 

Лукашенко кечки пайт кечки тановул ва концерт ўтиши керак бўлган Пекиндаги Халқ мажлислар уйига ўғли ҳамроҳлигида келди. Коля бундай маросимларга хос тарзда жиддий кўринишда – кулранг костюм ва оқ кўйлакда бўлган. 12 ёшли Колянинг қўлида кичкина яшил қутича бор эди.

Беларусь президенти ва унинг ўғли Хитой раиси Си Цзиньпин ва унинг рафиқаси Пэн Лиюань билан биргаликда суратга тушгандан кейин, аввал ҳам Коля билан учрашган Цзиньпин қўли билан бола анча улғайиб қолганини англатувчи имо-ишора қилди. Коля қўлидаги қутича ичидан шкатулка олиб, уни Хитойнинг биринчи хонимига совға қилди. Цзиньпин рафиқаси миннатдорчилик сифатида Колянинг икки юзидан ўпиб қўйди.

Коля Хитойга биринчи марта келиши эмас. У 2015 йил сентябрда отаси билан бирга Пекинга Хитой халқининг Япония билан урушдаги ғалабасининг 70 йиллигига бағишланган парадга келган. Ўшанда Коля хитойлик интернет фойдаланувчиларнинг юракларини забт этганди. Улар Коляни "малласоч шаҳзода" деб аташганди.

Беларусь президенти ўғлини тез-тез ўзи билан сафарларга олиб кетади. Аввалроқ Коля отаси билан бирга Қоҳирага ташриф буюрган. У ерда Коля учун Гиза эҳромларига экскурсия уюштирилган. Бундан ташқари, Коля 2015 йил сентябрда отаси билан БМТга делегат сифатида борган. Коля жорий апрелда отасининг Қирғизистонга сафарида ҳам унга ҳамроҳлик қилган.  

Мавзуга оид