Спорт | 22:39 / 17.05.2017
20823
6 дақиқада ўқилади

Боку—2017, олтинчи кун. Битта олтин, иккита кумуш ва тўртта бронза

Бугун, 17 май куни Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида IV «Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари»нинг олтинчи кунги мусобақалари давом этди. Шу куни Ўзбекистон делегацияси медаллар жамғармаси яна битта олтин, иккита кумуш ва тўртта бронза медаль билан бойиди. 

Бугун ўзбекистонлик спортчилар 6та спорт турида иштирок этишди.

Оғир атлетика
Бугунги баҳсларда ўзбекистонлик 3 нафар оғир атлетикачи ўз иштирокини ўтказди.

-105 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган оғир атлетикачи Иван Ефремов  совриндорлар орасидан жой эгаллади. У учинчи натижани (380) қайд этди ва бронза медали билан тақдирланди. Турнирнинг олтин ва кумуш медаллари мос равишда эронлик ва ироқлик спортчилар Барори Муҳаммадризо (395) ҳамда Салвон Алайфурийга (391) насиб этди.

Фото: МОҚ

+105 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган оғир атлетикачи Рустам Жангабаев  даст ва силтаб кўтаришда энг яхши натижани кўрсатиб (431), олтин медалга сазовор бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринларни эронлик Ҳумоюн Теймурян (414) ва Рамин Рабифарадонбеҳ (399) эгаллади.

Фото: МОҚ

Енгил атлетика
200 м масофага югуриш бўйича ярим финалда иштирок этган Нигина Шарипова финалга йўлланма олди. Финал 18 май куни ўтказилади.

Паралимпиячилар ўртасида 100 м масофага югуришда иштирок этган Мансур Абдурашидов эса маррага иккинчи бўлиб келди ва кумуш медаль соҳибига айланди.

Спорт курашлари
Юнон-рум кураши
-98 кг вазн тоифасида гиламга чиққан Рустам Ассакалов мусобақанинг бронза медални қўлга киритди. У бронза учун кечган баҳсда покистонлик рақиби Разани 9 сонияда мағлуб этди. Ассакалов чорак финалда ироқлик Алхаббияни мағлуб этган, лекин ярим финалда мезбонлар вакили Нуриевга имкониятни бой бериб қўйган эди.

Спортнинг шу тури бўйича -59 кг вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган ва финалга чиққан Исломбек Баҳромов эса олтин ола олмади. У Қирғизистон вакили Канибек Жолчубековга ютқазди ва кумуш медаль билан кифояланди.

Фото: МОҚ

-80 кг вазн тоифасида гиламга чиққан Жонибек Отабеков эса биринчи баҳсдаёқ жазоирлик спортчига ютқазиб, иштирокини тўхтатди.

Таэквондо WTF
Аёллар
67 кг вазн тоифасидаги Нигора Турсунқулова биринчи баҳсда покистонлик Асия Батулни енгди, аммо финал учун баҳсда озарбойжонлик Фарида Азизовага 0:3 ҳисобида ютқазди ва бронза билан кифояланадиган бўлди.

Фото: МОҚ

+73 кг вазн тоифасидаги Светлана Осипова эса биринчи баҳсда тожикистонлик Моҳру Ҳалимова устидан ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди. Энди у финалга чиқиш учун эронлик Худабандига қарши жанг қилади. 

Эркаклар
-80 кг вазн тоифасида даянга чиққан Максим Рафалович бронза медалини қўлга киритди. У биринчи баҳсда қатарлик Али Аларминийни енгганди, ярим финал баҳсида туркиялик спортчи Юнус Сарига 5:7 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Фото: МОҚ

+87 кг вазн тоифасида даянга чиқадиган Дмитрий Шокин баҳсларга чорак финалдан қўшилди, у марокашлик Зуҳаир Бараззукка қарши жанг қилиб, 24:4 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Энди у ярим финалда эронлик Ҳўсайн Қурбонзодага қарши чиқади.

Теннис
Яккалик баҳслари
16 май куни Сергей Фомин биринчи босқичда малайзиялик М.Марзуқийни 7:5, 6:1 ҳисобларида енгганди. Унга иккинчи босқичда туркманистонлик Й.Рогусский рақиб бўлади.
Бугун Саидаъло Саидкаримов Мозамбик вакили Ж. Элиасни 6:1, 6:0 ҳисобларида мағлубиятга учратиб, иккинчи босқичга йўл олди. Унга иккинчи босқичда Саудия Арабистони вакили А.Алҳақбаний рақиб бўлади.

Бокс
Ярим финал иштирокчилари
-49 кг: Мироншоҳ Ибрагимов
-52 кг: Аброр Қодиров
-56 кг: Абдулхай Шораҳматов
-64 кг: Алёр Норалиев
-69 кг: Бобо-Усмон Батуров

Мироншоҳ Ибрагимов ярим финалда ироқлик Носир Ҳасанга 2:3 ҳисобида ютқазди.

-56 кг вазн тоифасидаги Абдулҳай Шораҳматов эса озарбойжонлик Тайфур Алиевни 5:0 ҳисобида мағлуб этди. У финалда туркманистонлик Мередов Ёқуб билан рақиб бўлади.

-64 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Алёр Норалиев эса ярим финалда Қозоғистон вакили Куан Кувватов билан муштлашиб, ғолиб келди (5:0). Унга 18 май кунги финал баҳсида мисрлик Муҳаммад Ислом рақиблик қилади.

-52 кг вазн тоифасидаги Аброр Қодиров ишончни оқлай олмади. Аввалги босқичда озарбойжонлик Маъсуд Юсуфзодани мағлуб этган Қодиров ярим финалда марокашлик Дара Абдуллайига ютқазди ва бронза медаль билан кифояланадиган бўлди.

Аброр Қодировнинг муваффақиятсизлигидан кейин рингга кўтарилган Бобо-Усмон Ботуров (69 кг) ишончни оқлади. У суриялик Аҳмад Ҳуссанни мағлубиятга учратиб, финалга йўл олди.

Шу тариқа, финалга йўл олган ўзбекистонлик боксчилар сони 3 нафарга етди. 

Ўзбекистон бокс терма жамоаси Бокуга 9 нафар боксчи билан жўнаб кетганди. Улар орасидан 4 нафар боксчи: Улуғбек Дўстмуродов (-60 кг), Маҳмуд Ғоипов (-75 кг), Мадиёр Саидраҳимов (-81 кг) ва Сардор Бегалиев (-91 кг) медаллар учун курашдан чиқиб бўлганди.

Айни вақтда Ўзбекистон делегацияси жамғарган жами медаллар сони 41та (8та олтин, 11та кумуш, 22та бронза). Ўзбекистон 57 давлат иштирок этаётган турнирда медаллар ҳисоби бўйича Туркия, Озарбойжон ва Эрондан кейин тўртинчи ўринда. Турнирда қатнашаётган терма жамоаларнинг 29таси камида битта медаль олган.

Мавзуга оид