А.Усмоновнинг видеомурожаати Россия ижтимоий-сиёсий ҳаёти учун ҳақиқий сенсация бўлди
Ишбилармоннинг мухолифатга видеомурожаати Россия ижтимоий-сиёсий ландшафти учун ҳақиқий сенсация бўлди. "Газета.ру" шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.
Унга кўра, Россия бизнеси "катта пуллар сокинликни яхши кўриши"га ўрганиб қолган, шу боис йирик ишбилармонлар омма олдида чиқиш қилишни ёқтиришмайди. Бунинг ўзига яраша мантиғи бор, албатта.
Юқори ижтимоий мавқега эга шахс ҳаттоки энг бемаъни айбловларга жавоб берса ҳам, айбловчини ўзи билан бир даражага қўяди, ҳеч бўлмаганда рамзий маънода, яъни "интернетдаги ҳар қандай инсон" вақтинчалик нуфузли амалдорга тенглаштирилади. Айнан шундай мантиққа асосан, президентлик лавозимига асосий номзодлар сайлов олди дебатларида қатнашмайди.
Шундай бўлса-да, Усмонов бу шартлиликни кечиб ўтиб, Алексей Навальнийнинг айбловларига "оммавий" жавоб қайтарди. Усмоновни Навальний билан мубоҳасага киришган биринчи инсон деб бўлмайди, албатта. Бунга қадар "Роснано" раҳбари Анатолий Чубайс ва телебошловчи Владимир Познер ҳам Навальнийга "тўқнаш келган". Усмонов Навальнийни дебатларга чорламади - улар орасида сиртдан баҳс кечмоқда. Умуман олганда, улар тўғридан тўғри баҳслашиши ҳам эҳтимолдан холи эмас, чунки ҳозирда ишбилармон Навальний билан судлашмоқда.
Видеоайбловлар билан алмашинув омманинг бирор бир томонга ён босишига хизмат қила оладими? Эҳтимол, шундайдир.
Таъкидлаш жоизки, Навальний интернет-аудитория билан мулоқотда ўзини сувдаги балиқ каби ҳис қилади - бу унинг муҳити ва унинг оммасидир.
Шунга қарамай, Алишер Усмонов таваккалга қўл урди: "бировнинг ҳудуди"да курашга киришди. Натижада Россия тарихида деярли ноёб жанр юзага келди - "олигархнинг мухолифат топ-блогерига видеомурожаати". Усмонов ва унинг маслаҳатчилари интернетда миллионлаб аудиторияга эга блогернинг айбловларига Москва шаҳрининг туман суди жавоби - жавоб эмаслигини яхши тушунишади. Суднинг қарорига кўпчилик истеҳзо билан қарайди, айниқса, томонлардан бири йирик ишбилармон бўлса...
Усмоновнинг Навальнийга мурожаати айнан шу жиҳатдан ҳам қизиқдир. Ишбилармон суднинг ҳаттоки ижобий қарори ҳам жамоатчилик олдида унинг мавқеига таъсир ўтказмаслигини англаб турган кўринади - Усмонов тадбиркор сифатида Россия суд тизими ислоҳотларидан яхши хабардор бўлиши керак, дейилади манбада.
У жамоатчилик олдида ўзини оқлаши ва омма томонидан жиддий қабул қилиниши мумкин бўлган ҳеч қандай нуфузли коллегия, парламент кенгашлари ёки саноат палатаси йўқлигини яхши билади.
Шу боис бунинг биргина йўли қолади - оммага тўғридан тўғри интернет орқали мурожаат қилиш. Бу йирик ишбилармон учун янгилик, албатта, бироқ бундан бошқа вариант ишончсиздек. Манбада таъкидланишича, ишбилармоннинг ушбу мурожаатини ижобий баҳолаш мумкин, зеро у халқ унинг изоҳларини эшитишига эришди.
Мавзуга оид
17:38 / 04.11.2024
Германияда Алишер Усмоновга нисбатан тергов тўхтатилди
20:49 / 29.10.2024
Алишер Усмонов яна Халқаро қиличбозлик федерацияси раҳбари бўлиши мумкин
15:10 / 14.10.2024
Bild: Усмонов ARD журналисти устидан прокуратурага ариза берди
21:22 / 01.10.2024