Ўзбекистон | 08:19 / 02.06.2017
14572
5 дақиқада ўқилади

ФВВнинг асосий вазифалари белгилаб берилди

Фото: ФВВ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Фармон билан қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

тинчлик ва ҳарбий даврда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш, гидротехника иншоотларининг барқарор ишлаши, гидрометеорологик ва сейсмологик кузатувлар, кичик ҳажмдаги кемалардан бехатар фойдаланиш, сув иншоотларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

фавқулодда вазиятлар юзага келиш хавфи ва омилларини олдиндан аниқлаш, улар вужудга келишини барвақт профилактика қилиш ва олдини олишни таъминлаш;

аҳолига фуқароларнинг ҳаёти, соғлиги ёки мулкига хавф-хатар туғилганда комплекс ёрдам кўрсатиш, халқ билан мулоқотни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бу борада ўзаро яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, мавжуд хавф-хатарлар тўғрисида аҳолини ўз вақтида огоҳлантириш ва хабардор қилиш;

фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқаро муҳофазасини ривожлантириш ва бошқарувини таъминлаш;

фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши ва ривожланиши хавфини комплекс мониторинг ва прогноз қилишни таъминлаш, мазкур соҳада гидрометеорологик ва сейсмик кузатувлар олиб бориш;

аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий хокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини, ушбу мақсадлар учун молиявий, озиқ-овқат, тиббиёт ва моддий-техник ресурсларнинг давлат захира фондларини ташкил этишга доир ишларини мувофиқлаштириш ва уларнинг самарали ҳамкорлигини ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, мамлакат аҳолиси ва ҳудудларини муҳофаза қилиш, гидротехник иншоотлар, кичик ҳажмли кемалардан фойдаланиш хавфсизлигини самарали назорат қилиш, сув ҳавзаларида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келганда иқтисодиёт объектлари фаолиятининг барқарорлигини оширишга қаратилган тадбирларни тайёрлаш, ўтказиш ва мувофиқлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳамда мақсадли илмий-техник дастурлар ишлаб чиқишни ташкил этиш ва амалга ошириш;

замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланган ҳолда аҳолини, мансабдор шахсларни ҳамда Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими тузилмаларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тизимли тайёрлаш ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, гидрометеорологик ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш.

Бундан ташқари, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳукумат ва ҳудудий комиссиялари ташкил этилади.

Қуйидагилар Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини такомиллаштириш ва янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга қаратилган энг муҳим масалаларни кўриб чиқиш, вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг вазифаларини белгилаш ва қарор қабул қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ҳар йили фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган фуқаро муҳофазаси (баҳор мавсумида) ҳамда аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш (куз мавсумида) ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг авария, ҳалокат, табиий ва бошқа офатлар оқибатида жабрланган фуқаролар, шунингдек, фавқулодда вазиятларни бартараф этишда иштирок этган шахсларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муҳофаза қилиш, тиббий реабилитация қилиш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

молиявий ва моддий ресурслар давлат захираларини ташкил этишни таъминлаш, шунингдек, улардан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш борасида халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятини, шунингдек, фуқаро муҳофазаси соҳасида мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари лойиҳаларини бир ҳафта муддатда киритиш вазифаси топширилди.

Мавзуга оид