Қорақалпоғистонда туман бош архитектори қўлга олинди
Даврон Зокировга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Қорақалпоғистон Республикасидаги туманлардан бирининг бош архитектори лавозими ишониб топширилди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, йигирма саккиз ёшли раҳбар лавозимидан ҳаволанди. Олдига иш билан келган фуқаролардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Қисқача айтганда, давр-даврон суриш пайтим келди, дея нафсига эрк берди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
Д.Зокировнинг ҳузурига якка тартибдаги тадбиркор Сожида Ўринбоева келиб, фаолиятини кенгайтириш учун туман ҳудудидан ер ажратиб беришларини сўради. Тадбиркорнинг гапларига қулоқ солиб ўтирган Давроннинг ёдига туман захирасида турган 6,5 сотих ер тушди. Шу имкониятдан фойдаланиб қолмоқчи бўлди. С.Ўринбоевага: “Туман ҳокимияти сизга ер ажратиб бергунича, анча вақт ўтади, бир танишимнинг ер бор, хоҳласангиз ўша жойни гаплашиб олиб бераман”, деди. Аёл бироз ўйланиб, “Маслаҳатлашиб кўрай-чи”, дея телефон рақамини қолдириб, хонадан чиқиб кетди.
Бу орада Д.Зокиров таниши Ғолиб Суюнов билан гаплашиб, гўёки ер уники эканлигини, 4500 АҚШ долларидан камига сотмаслигини яхшилаб тушунтирди. Жиноий режани амалга ошириш учун эса икковлон яна бир шахсни, туман архитектура бўлимида мутахассис бўлиб ишлаётган Эркин Икромовни ҳам жалб қилишди.
Орадан бир неча кун ўтгач, С.Ўринбоева туман бош архитекторига қўнғироқ қилиб, ерни олишга рози эканлигини айтди ва нархини сўради. Д.Зокиров ернинг нархини келишилганидек 4500 АҚШ доллари, деб айтди. Лекин орадан маълум вақт ўтгач, С.Ўринбоевани жиноий шериги Ғ.Суюновга рўпара қилиб, ернинг нархини 4900 АҚШ долларига оширишди. Бу ҳолат эса тадбиркорда шубҳа уйғотди ва у тегишли жойга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлди.
Ниҳоят, Ғ.Суюнов ва Э.Икромов якка тартибдаги тадбиркор С.Ўринбоевани алдаб, ундан 4800 АҚШ долларини олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланди. Суриштирув жараёнида уларнинг “раҳнамоси” Д.Зокировнинг қилмишларига ҳам ойдинлик киритилди ва у ҳам қўлга олинди.
Суд учовловннинг қилмишини атрофлича кўриб чиқди ва тегишли жазо тайинлаб, ҳукм чиқарди.
Мавзуга оид
13:37 / 03.08.2024
“Авария ҳолатигина реновацияга сабаб бўла олади” – архитектор шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги қонун лойиҳасини «хавфли» дея атади
07:40 / 17.07.2024
Ўзбекистонда шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги кенг нишонланади
10:26 / 02.07.2024
Қорақалпоғистонда 15 млрд сўмлик давлат харидларини амалга оширишда қонун талаблари бузилган – Рақобат қўмитаси
12:31 / 01.07.2024