Жамият | 17:55 / 12.06.2017
63173
7 дақиқада ўқилади

Тунгги Наманган: кошки эди бу манзара бўлмаса...

Дунёнинг энг қудратли давлатлари атроф-муҳитни, бу орқали иқлимни яхшилаш мақсадида ўз бюджетлари ҳисобида зарур-чора тадбирлар олиб бормоқда. Бу борада кўп қийматли лойиҳалар, дастурлар ишлаб чиқилмоқда ва ҳаётга татбиқ этилмоқда. Одамларнинг табиатга бўлган муносабати тубдан ўзгартирилмоқда, бу борада ички маданият шакллантирилмоқда. Айтиб ўтиш жоизки, бу каби жаҳон миқёсидаги ислоҳотларга Ўзбекистон ҳам қўшилиб, ўз доирасида ҳаракатланмоқда. Табиатни асраш, ободончилик орқали бу ишларни йўлга қўйиш давом этаётган бир вақтда гўёки осмондан тушгандек ёки улар бошқа сайёра, бошқа мамлакат одамларидек айримлар ҳамон иллатли ишларини давом эттиришмоқда. “Дунё ва давр” газетаси бош муҳаррири Раҳимжон Ирисов ва Namnews.uz ахборот-таҳлилий портали раҳбари Анвар Икрамов муаллифлиги остида тайёрланган таҳлилий мақолада ана шу иллат ҳақида сўз юритилган.

“Яқиндагина Наманган шаҳрида 57-анъанавий гул байрами кўтаринки руҳда ўтказилди. Ўндан ортиқ мамлакатлардан меҳмонлар ташриф буюришди. Наманганнинг ўзига хос табиати, гулсевар халқи ардоқланди. Айнан гул байрамининг ўзига хослиги сабаб Наманган шаҳрини экотуристик зонага айлантириш таклифи ўртага ташланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрь куни имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонининг устувор йўналишларидан бирида - туризмнинг янги салоҳиятли турлари зиёрат қилиш, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш, қишлоқ, саноат, ишбилармонлик, болалар, ёшлар ва оилавий туризмни жадал ривожлантириш, алоҳида банд сифатида белгилаб қўйилган бўлиб, бу борада айнан Наманган шаҳрида кўп ишларни амалга оширса бўлади.

Лекин шундай паллада узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган ачинарли ҳолат кўзга кўриниб қолади. Шаҳарнинг туни аянчли аҳволда. Кун ботиши билан шаҳарнинг асосий марказий кўчалари ҳисобланган – Навоий, Бобуршоҳ, Машраб кўчалари бўйларига тонналаб ахлат чиқариб ташланади. Мисол учун Бобуршоҳ ва Навоий кўчаларида бу ҳолатни ҳар 50-100 метрда учратиш мумкин бўлиб қолди.  Тунда ахлатхонага айланиб, эрталабгача “комхозчи”лар томонидан тозалаб чиқиладиган шаҳарда қандай қилиб туризмни ривожлантириш мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 3 декабрдаги “Республика аҳоли пунктларида санитария жиҳатидан тозалаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 315-сонли қарорига асосан Наманган шаҳрида муайян ишлар амалга оширилди. Маҳаллалардан чиқинди ташиш билан шуғулланувчи “Наманган мусаффо иқлим” МЧЖ ташкил этилди. У кредит асосида янги техникалар олди.  Ушбу ташкилот ва Наманган шаҳар ободонлаштириш бошқармасига қарашли коммунал хизмат машиналари шаҳардан чиқиндиларни чиқариш учун астойдил “тер тўкиб” меҳнат қилмоқда.

Қарорда “шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг ташқи қиёфасига бўлган замонавий шаҳарсозлик талабларини ҳисобга олган ҳолда, қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш ва уларни санитария қоидалари ва нормаларига қатъий мувофиқ ҳолда жойлаштириш ишларининг ташкил этилишини таъминлаш”  белгиланиб, бу вазифа ижросини таъминлаш ва назорат қилиш “аҳоли пунктларида санитария жиҳатидан тозалашни ташкил этиш комплекс тадбирларини бажариш бўйича шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари даражасидаги ишчи гуруҳ”лар зиммасига юкланган. Гуруҳ раислиги эса шаҳар ва туман ҳокимларига ишониб топширилган.

Қарор ижроси қисман таъминланмоқда. Лекин юқорида таъкидлаганимиз Навоий, Бобуршоҳ, Уйчи кўчалари, Андижон кўчаси бошидаги ачинарли ҳолат ҳатто тонг отиб иш бошлангунга қадар давом этмоқда.

Шаҳар ҳокимлигининг ишчи гуруҳи мутасаддилари, ушбу ҳудудлардаги маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари қаерга қарашмоқда? Наҳот бундай ҳол шаҳар ҳуснига доғ бўлиб қолаётгани уларни ўйлантирмаётган бўлса?  Халқ тили билан айтганда, “сэс” қаерга қарамоқда? Экологик вазиятни бузувчи, атроф-муҳитга эпидемия тарқатиш ўчоғи бўлган бундай ахлатхонларни тунда бўлса ҳам мавжуд бўлиши тиббий қонун-қоидаларга тўғри келадими?

Президент Шавкат Мирзиёев 18 апрель куни “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Унинг асосида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (“Уйжойкомхизмат” вазирлиги) ташкил қилинди  ва унинг таркибида вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари тузилди. Бир ҳафтадан сўнг бу фармон кучга кирганига ҳам икки ой тўлади.

Янги тузилманинг асосий вазифаси ва фаолият йўналишларидан бири сифатида:

- хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштириш, кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш, улардан фойдаланиш ва эксплуатация харажатларини аниқлаш бўйича талабларга, кўп хонадонли уйларни техник эксплуатация қилиш қоидалари ва нормаларига, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларнинг санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда сақланишига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш деб белгилаб қўйилган.  Биз таъкидлаган ахлатхонларнинг аксарияти кўп қаватли уйлар рўпарасида мавжуд. Буни бартараф этиш мазкур ташкилот томонидан ниҳоясига етказилиши керак.

Наманган шаҳрининг ачинарли тунги қиёфасидан қачон қутуламиз. Марказий кўчалардаги тунги ахлатхоналар қачонгача дилни хира қилади? Ҳокимлик раҳбарияти бу борада ташкилий ишни эплай оладими?  Эй, барака топкур МФЙ фаоллари, ишласангиз бўлмайдими? Фуқароларчи, оддий фуқаролар Сизда заррача бўлсада, фидойилик борми ўзи? Амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик қачон пайдо бўлади Сизда? Елим халтадаги ахлатни дуч келган жойга ирғитиб кетаверасизми? Хонадонингиз ахлатини махсус қопларга солиб, автомашина келганда олиб чиқиб берсангиз бўлмайдими? Ахир шаҳар ҳаммамизники-ку!”.

“Namnews.uz ва «Дунё ва давр» ушбу масала ечимини ўз назоратига олади ва бу мавзуга яна қайтади. Ҳокимлик ва унинг тузилмаларидан ушбу материал юзасидан жавоб кутади”, дейилган мақола якунида.

Мавзуга оид