Жамият | 17:07 / 16.06.2017
23175
5 дақиқада ўқилади

Лоқайдликнинг вақти ўтди: жамиятдаги камбағалликни йўқотиш ўз қўлимизда

Иллюстратив фото

Бугун эрталаб ишга келсам, қўшни ташкилот гулзорини тозалатаёган экан. Ҳорманглар дедим-у, икки нафар юпун кийинган мардикор аёлга кўзим тушди. Ишхонамда ишларни тақсимлаб, миямга дам бериш мақсадида кўчага чиқдим. Чиқсам ҳалиги икки аёл кун иссиқ бўлишига қарамай ишлаётган экан. Уларни ишини ва ўзини кузатдим. Устидаги кўйлаклари жуда ҳам эскириб кетган, қўллари қаварган, озғин ва юзлари нурсиз эди.

Секин ёнларига бориб, уларни суҳбатга тортдим. Маълум бўлишича, аёллардан бирининг уч нафар  фарзанди бор, у ёлғиз ўзи мардикорчилик қилиб, шу уч боланинг қорнини тўйғазишини айтди. Иккинчи аёл эса турмуш ўртоғи борлиги, лекин чет элга пул топиш мақсадида кетганига икки йил бўлгани, икки боласини ёлғиз ўзи боқиб, тарбиялаётганини айтиб ўтди.

Ҳаётда шу ҳолатга тушишларинга ким сабабчи ва бирор бир кимса сизлардан хабар олиб турадими, дея савол билан юзландим. Аёллар эса ҳозирда ким кимдан хабар олади, барча ўзи билан ўзи овора-ку, дея жавоб қайтаришди. Ўқимаганликларини, бирор бир ҳунар ўрганмаганликларини, маълумотлари бўлган тақдирда ҳам ҳеч ким ишга олмаслигини, бунинг учун таниш-билиш кераклигини хўрсиниб айтиб қолишди. Ўйланиб қолдим. Бу аёллар кимга керак - фарзандигами, ака-укаларию қўни-қўшни, қариндош-уруғигами ёки бизнинг жамиятгами?..

Шу вақт ишхонадан ходимлар чақириб қолишди ва улар билан суҳбатимиз узилиб қолди. Иш тугагандан сўнг уйга қайтдим. Уйдагилар бадавлат қўшнимизникида бўлаётган эҳсон-ифторликка боришимни айтишди. Ифторликка бордим. Дастурхон сархил мевалар, сомса, норин, кабоб ва турли хил таомлар билан безатилган. Йиғилганларнинг ҳаммаси ўзига тўқ, улар эҳсон ейдиган одамлар эмас эди. Кўпчилик еди, ичди, дуолар ўқилди.

Дастурхонда нозу неъматлар ортиб қолди. Лекин томоғимдан ҳеч нарса ўтмади. Кундузи суҳбатлашган аёлларнинг биз кимга керакмиз, деган саволи бошимда ғувиллаб айланар эди. Уйга кирдиму ухлаб қолибман.

Турсам соат кечки 11 эди. Бугунги воқеаларни бирма бир ўйлаб, тўғриси сиқилиб кетдим. Кўз олдимга мардикор бозори келди. У ерга ризқ излаб чиққан инсонларнинг аҳволи, иш берувчи келса, унинг кетидан қувишлари... Мардикор бозорда эрталабдан кечгача 60-70 нафар эркак ва 20-30 га яқин аёл ҳар куни ўзлари ва оилаларининг ризқини кутишади. Кимдир топади, кимдир эса йўқ. Мардикор аёл тўғри айтибди - жамиятимиздаги бу инсонлар кимга керак, айби нима?

Кўпчилик уларнинг ўзлари айбдор, касб-ҳунар ўрганмаган, дангаса инсонлар, дейиши мумкин. Уларни шу даражага етишига ота-она оила, маҳалла, жамият сабабчи эмасми? Бу инсонларнинг фарзандлари яхши емаса, ичмаса, киймаса, таълим-тарбия олмаса, ҳудди онаси-отасидек бўлмаслигига ким кафолат бера олади? Бу мардикор инсонларга ким эҳсон қилади, ким касб-ҳунар ўргатади,  ким доимий иш билан таъминлайди, ким доимий даромад манбаига эга қилади? Бу инсонларни болалари қачон тўйиб овқатланади, яхши кийинади? Сўниб бораётган ота-онасини қачон меҳрибон, қувноқ ҳолатда кўради? Қачон оиласи билан бирга бирор бир жойга дам олгани ёки уйида бирор бир тансиқ таом пишириб ейди?

Айбни осонгина ҳукуматга ағдарамиз. Тўғри, қисман улар айбдордир. Ижтимоий ҳимоя, маънавий ишлар тўғри олиб борилмагандир. Биз-чи, атрофдагилар нима қиляпмиз? Нимага бефарқмиз? Нега эҳсон-ифторликларни мардикор бозорларда ёки етимхоналарда бермаймиз? Рамазон ойида маҳалламиздаги бева-бечора, етим-есирларга эҳсон-ифторлиги қилиб бермаймиз? Нега бу инсонларни доимий иш ва даромад манбаига эга қилмаймиз? Савол кўп, лекин ечими борми?

Ечими бор. Ечими оддий. Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ишларга ёрдам берайлик. Президентимиз аҳоли даромадини оширайлик, деб ҳар кун гапиряпти. Боқиб-парваришлаш учун хонадонларга товуқ, сигир ва эчкилар, деҳқончлик учун иссиқхоналар қуришга банкларнинг жалб қилиниши қувонарли ҳол. Лекин бу ишлар фақат банкнинг ишими? Саховатпеша тадбиркорларимиз, ўзига тўқ хожи акалар ҳам бор-ку.

Келинг, шу Рамазон ойининг охирги 10 кунида эҳтиёжманд инсонларга эҳсон-ифторликлар қилиб берайлик. Рамазон ҳайитидан Қурбон ҳайитигача 70 кун оралиғида маҳалламиздаги кам таъминланган оилаларга товуқ, мол, қўй ва эчкилар олиб бериб, иссиқхонлар қуриб берайлик. Касб-ҳунарга ўргатиб, доимий иш билан таъминлайлик. Келинглар, шу одамларга қўшимча даромад манбаи топадиган шароитлар қилиб берайлик. Ушбу давлатнинг ривожи фақат ҳукуматга эмас, ўзимизга ҳам керак-ку. Уларни жамиятдан ажратиб қўймайлик.

Асад Солиев

Мавзуга оид