Жамият | 17:34 / 20.06.2017
11115
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ноўрин рашк сабаб фуқарога тан жароҳати етказилди ва нарсалари ўмарилди

Шоҳиста Шералиева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ноўрин рашк сабаб оиласининг тинчини бузди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Уйига меҳмон бўлиб келган опасига дардини айтиб, йиғлай бошлаган Шоҳистани опаси Санам “қўй, ўша эрингни, инсоф бериб қолар, болаларинг катта бўлиб қолди”, дея тинчлантирди. Сингил эса йиғидан тийилмас, эрининг бошқа аёл билан бирга юрганини такрорлаб, опасига кўнглидаги режасини айтди. Аввалига синглисини тинчлантиришга, оғир-вазмин бўлишга ундаётган опа бирданига синглисининг дардига “керосин сепиб”, яна алангалатди.

Санам жаҳл билан ўрнидан туриб, “ҳозироқ бориб кўрсатиб қўямиз унга бировларнинг эрига осилиш қанақа бўлишини”, дея Шоҳистани кўчага судради.

Санам Шералиевани олиб кетиш учун келган ўғли Баҳодир ва унинг ўртоғи Нўмон ҳам уларга шерик бўлишди. Керакли манзилга етиб бориб, эшикни тақиллатишди. Эшик очилар-очилмас ичкарига ёпирилган кутилмаган меҳмонларнинг важоҳатидан Нозима Бекжонова довдираб қолди.

Шоҳиста кира солиб, “Сенми, мени эрим билан юрган?!”, деб Нозимага ташланди.

Аёл эса, ушбу ҳолатни умуман тушунмас, ҳатто бу одамлар уйига нима учун келиб, жанжал қилаётганликларини ҳам англамаган эди. “Ҳозир ҳаммасини билиб оласан”, дея Шоҳиста унинг сочларига ёпишди. Унга ҳамроҳ бўлган Санам ва Баҳодир ҳам Нозимага ташланди. Улар хонадон соҳибасининг сочларини кесиб, тепкилаб, қўлини сим билан боғлаб, унга турли даражадаги тан жароҳати етказишади. Шунда ҳам хуморидан чиқмаган Шоҳиста опаси ва жиянига унинг уйидаги нарсаларни эри олиб берганлигини айтиб, барча буюмларни олиб чиқиб кетишга кўрсатма беради.

Шоҳиста бошчилигидаги “босқинчи”лар Нозиманинг қулоғидаги 900 минг сўмлик иккита аёллар тилла зираги, 2 млн. сўмлик тилла занжир, бармоқларидаги 750 минг сўмлик учта тилла узук, 4 млн. сўмлик “Артель” русумли телевизор, 350 минг сўмлик DVD-плеер, 100 минг сўмлик электр иситгич, хуллас, идиш-товоқ ва бошқа уйдаги жамики буюмларни олишади.

Бу ҳам Шоҳистани тинчлантира олмади. Энди улар Нозимага тегишли паспорт, оила аъзоларига тегишли шахсий ҳужжатлар ва яшаш хонадонининг ҳужжатларини олиб қўйишди.

Чақирилмаган меҳмонларнинг “ҳужуми”дан тан жароҳати олган Нозима Бекжонова Шўрчи тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилди.

Олиб борилган дастлабки тергов ва суриштирув натижасида Шоҳиста Шералиевага жиноий шерик бўлган барча шахслар ўз айбларини тан олишди.

Уларга жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман судининг ҳукми билан тегишли жазо тайинланди.

Мавзуга оид