Жамият | 13:51 / 22.06.2017
18259
4 дақиқада ўқилади

“Навоий” халқаро аэропортини 29 миллион сўмлик жаримага тортмоқчи бўлган тамагир аниқланди

Юсуф хос Ҳожибнинг “Тафаккур туҳфалари” асарида шундай ҳикмат келтирилган “Тўғрига ҳам эгрига ҳам бирдек ажрим қиладиган ҳақиқат куни бордир”. У ҳақиқат мезони шундай омил бўладики, оқни оқ, қорани қора деб кўриш қийин кечмайди.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, буни “Ўзбекистон темир йўллари” АК “Бухоро” минтақавий темирйўл узели “Кармана” темирйўл бекати бошлиғи лавозимида ишлаб келган Фахриддин Рустамов қонун билан юзма-юз бўлганида, суднинг қора курсисидан пушаймонликдан бош эгиб турганида янада чуқурроқ ҳис этган бўлса, ажабмас.

“Навоий” халқаро аэропорти эҳтиёжлари учун “Кармана” темирйўл бекатига 2016 йилнинг 16-17 август кунлари келган авиаёқилғи юкланган вагон цистерналарнинг тўхтаб қолиши бекат бошлиғи Ф.Рустамовни унча ташвишлантирмади. Чунки аэропортнинг ёқилғи-мойлаш материаллари хизмати бошлиғи С.Солиев (исм-фамилиялар ўзгартирилди) унга қўнғироқ қилиб қолади.

-  Ака, цистерналарни бўшатиб ололмаймиз. Ёқилғи учун жой масаласи танқисроқ бўлиб турибди.

-  Майли, хавотирланманг ҳали вақт борку, - деди-ю, Ф.Рустамовнинг кўнглида ғараз ният пайдо бўлди.

Бекат бошлиғи кутганидек бўлмади, аэропортдагилар ҳам анойи эмас. Қонунлар моҳияти, меъёрий ҳужжатлар билан ишлаш тартиб-қоидасини билгани боис барча ҳужжатларни тайёрлаб, вагон-цистерналар меъёрдан ортиқ сақланмаганлигини исботламоқчи бўлаверди. Аммо Ф.Рустамов ҳам ўз сўзида туриб олди.

-  Агар қонун йўли билан ҳисоб-китоб қилганда 4 кунда 20 миллион сўм жарима тўлашингизга тўғри келади, - деди Ф.Рустамов.

-  Ака, ёрдам қилинг, ахир...

-  Бўпти. Жаримани 3 миллион сўм қилиб бераман. Сиз ҳам бирор нарса берарсиз.

-  Бирор нарса... тушунмадим?...

-  200 та “кўк”, келишдикми?

С.Солиев ваъдага вафо қилишга ҳаракат қилди, аммо тамагир сўраган “кўк”ни тополмади. Йўловчи ташувчи такси ҳайдовчисидан 100 минг сўм бериб юборди. Бу хатти-ҳаракат Ф.Рустамовнинг нафсониятига тегиб кетдими, ишқилиб, агар айтилган 200 АҚШ долларини етказмаса, “Навоий” халқаро аэропортини 29 миллион сўм жаримага тортиш ҳақидаги ҳужжат тайёрлигини билдирди. Бу гап С.Солиевга таъсир қилди.

-  Ака, хотиржам бўлинг, қолганини ҳам сўмда етказаман, бугуноқ 1 миллион 200 минг сўм юбораман.

-  Мен розиман. Фақат чўзманг, - кескин жавоб берди Ф.Рустамов.

2016 йилнинг 16 сентябрь куни ўз хизмат хонасида 1 миллион 200 минг сўм порани санаб столи ғаладонига ташлаб қўйган Ф.Рустамов ҳалол фаолият юритган даврларида мисқоллаб йиққан обрўсига шу сонияларда путур етказаётганлиги англаб етмади. 

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди ҳукми билан Ф.Рустамов узил-кесил 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.  

 

Мавзуга оид