Жамият | 17:17 / 28.06.2017
36633
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аҳолисининг коммунал тўловлар бўйича қарзи - 5 триллион сўмдан ортиқ

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси ва юридик шахсларнинг коммунал тўловлар бўйича умумий қарз миқдори - 5 триллион сўмдан ортиқ. Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган йиғилишда мутахассислар шундай маълумот беришди.

Шунингдек электр бўйича салкам 3 миллион, газ бўйича 1,8 миллион абонент қарздор ҳисобланади. 

Экспертларнинг таъкидлашича, аҳолига ўтган ойда фойдаланилган ресурс учун жорий ойнинг 10 санасига қадар тўлов киритиш имкони берилади. Бу автоматлаштирилган тизимга уланмаган истеъмолчиларга тегишли. 

Автоматлашган тизимга уланганлар эса, олдиндан тўлов киритишади. Масалан, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманини олсак, 64 мингдан зиёд истеъмолчининг 55 фоизидан кўпроғи автоматлашган тизимга уланган ва улар олдиндан тўлов киритиш тартибига риоя қилишади. 

Юридик шахсларга келадиган бўлсак, улар 2017 йилнинг 1 июлидан энергоресурслар учун 100 фоизли олдиндан тўловни амалга оширишади. 

Таъкидлаш жоизки, Қонунчиликка киритилган қўшимчаларга кўра, бундан буён абонент тўғридан тўғри қарзларини тўламаса, жазога тортилади. Шунингдек Коммунал тўловлар механизмларига таъсир киритиш ёки уни бевосита электр ўлчагичларни ўзгартириш, унинг пломбаларига тегиш ёки кўп ҳолатларни бузганлик учун модда қўшилмоқда. Бундай ҳолатларда 75 баробардан 150 баробаргача, 150 баробардан 300 баробаргача, 300 дан 500 баробаргача жарима белгиланади. Бир ой ичида қарз тўланмаса, 2 йилдан 3 йилгача муддатга жиноий жавобгарликка тортилади, озодликдан маҳрум ҳам  қилинади.

Мавзуга оид