Жамият | 11:29 / 30.06.2017
16871
8 дақиқада ўқилади

«Рандаланган» мақола ёхуд чалажон бўлиб қолган матбуот хусусида

Байрам кайфиятингизни бузиш ниятида эмасману аммо бугунги табриклардан уялиб кетдим. Нима учун? Чунки бу табрикларда шаънимизга айтилган мақтов ва ашъорларнинг кўпчилигига лойиқ эмасмиз. 

Гапим бошида айтиб қўяй: ҳа, деб ўзининг «мен»и ҳақида гапираверар экан, деган хаёлга бориб юрманг. Чунки гап фақат менинг «мен»им ҳақида. Шул сабаб «мен»лар ҳаддан ортиқ ишлатилиб кетса, айбга буюрмагайсиз.

Авваллари мен бошқача эдим. У пайтлари менинг «мен»им тирик эди, ўзининг овози, овозининг эса акс-садоси бор эди. Менинг «мен»лигим икки сатримдан ҳам билиниб турарди. Ҳозир у чалажон, ўлган, деса ҳам бўлаверади. Чунки ўзим шундай деб ҳисоблайман. Бу ҳисоблашлар ўтган асримизда ҳам бўлган эди. Россиянинг мустамлакаси бўлиб, бу истибдодан қутулмоқ чораларини қидирмайдиган шахсларнинг «мен»и ўз жисмларига, руҳиятларига (худди она қорнидаги ҳомиланинг нобуд бўлиши каби) қабртошисиз дафн этилган. Уларни на яқин биродарлари, на кўнгилдошлари эслаб, гул кўтариб келишади. Хуллас, тарихда шундай қора кунлар ҳам бўлган, оғайни. Мавзудан чалғимайлик. Шукрки, бугун ундай эмас. Ўша ўрганиб қолган гапимиз деймизу, аммо барибир мусаффо осмон остида тинч-тотув ҳаёт кечирмоқдамиз.

Эй, Сен, тинч-тотув яшаётган бўлсанг, унда нимага дод соласан, нелардан кўнглинг ёришмаяпти, дейсизми? Куядиганим ҳам шу-да. Гапни қисқа қилиб мақсад-муддаога ўтиб қўя қолай. Мен «мен»имнинг гапига кириб, журналистика факультетига ҳужжат топширган эдим. Бахтимдан (балки бахтсизлигимдан) ўргилай, биринчи йилданоқ ўқишга кириб кетдим. Ҳаяжоним жамики яхшилик ва ёмонликлар, меҳр-мурувватлар, фисқу фасод ва хунрезликлар жо бўлиб кетган дунёга сиғмас эди. 

Ўқишни ҳам битирдим. Газетага мухбир бўлиб ишга жойлашдим. Олаётган маошим бошпана учун ижара пули ва еб-ичиб туриш учун зўрға етарди. (Биласиз, бизнинг касбимизда «тушум» деган нарса йўқ.) Қийинчиликлар жондан ўтиб, ўша бечора жон бўғзимга келиб, ҳаммасига қўл силташни, бор-э деб лаш-лушимни йиғиштириб, қишлоққа қайтишни ўйлаб қолардим. Аммо касбга бўлган меҳр ва иштиёқ бу йўлдан қайтарарди. Қишлоқдаги ота-онам эса менинг шу қуруқ савлатимдан ҳам мамнун. Уларнинг бу ёлғон-яшиқларимга ишониб юрганликларини кўриб, виждоним азобланарди. 

Мухбирлик фаолиятимнинг илк ҳафталари эди. Бўлим бошлиғимиз қайсидир байрам арафасида мавсумий мақола тайёрлаш топшириғини берди. Ишга киришдим. Чин кўнгилдан ҳаракат қилиб, материаллар йиғдим, суҳбатдошлар топиб, суҳбат қилдим. Ёздим-ўчирдим, яна ёздим. Хуллас, мақола тайёр бўлди. Уни бошқаларникига ўхшамаслигини истардим. Чунки у меники эди. Шу мақсадда мақолани бир ўқиган инсонда тирик таассурот қолдирадиган қилиб, ўзимизнинг тилда айтганда жайдари услубда ёздим. 

Материални топширганимдан сўнг бўлим бошлиғимиз уни енг шимариб «рандалаш»га тушиб кетди. Бечора мақола ёзилганига пушаймон бўлди. Мақола ичидаги суҳбатдош амакининг гапларига «осмонимиз мусаффо», «мана, 30 невара, 15 чевара ардоғида умргузаронлик қиляпман», «ҳокимият хабар олиб турибди, ҳаммаси яхши», «кўнгил хотиржам, танимиз соғ» ва яна шунга ўхшаш минг йиллик иборалар тиқиштирилди. Ўзингиз айтинг, қандай қилиб кўнгли хотиржам бўлиши мумкин бу инсоннинг? Уни яхши танирдим ва янада яхши таниб олдим бу мақолани ёзиш чоғида. Амакининг катта фарзанди оламдан ўтган, кичик ўғлининг турмуши бузилган эди. Яна бир қатор иқтисодий қийинчиликлар. Хўш, қандай қилиб бу амакининг ишлари зўр, кўнгли хотиржам бўлиши мумкин бу вазиятда?! Мен ахир унинг кўнглини ёзгандим. 

Бўлим муҳаррирининг чиғириғидан ўтган «мақола» (энди уни мақола дейишга ҳам тил бормай қолган эди) навбат бўйича бош муҳаррир ўринбосари томон йўл олди. У киши ҳам материални роса «савалади». Кириш, асосий қисм ва якун - миллий журналистикамиздаги асосий ва ўзгармас ягона қолипга солинди ва «мақола» тайёр бўлди.

Материал газетада босилиб ҳам чиқди. Қанчалик хафа бўлган бўлсам-да, бир кўз югуртириб чиқдим ва мақоладан ўз «мен»имни қидира бошладим. Афсуски, ўзимнинг мақоламда ўз «мен»им йўқ эди. Кейин ўша ҳафта босмадан чиққан барча сиёсий ва ижтимоий нашрларни йиғиб, айнан ўша байрамга бағишланган мақолаларни солиштира бошладим. Натижа кутилгани ва кутганимдек. Деярли барча газеталардаги мақолалар муаллифи битта одам эди. Ҳа, ҳа, уларни бир киши ёзган. Уларда, жумладан, шундай ибораларни учратиш мумкин эди: «ёш авлод эъзозида бўлган», «ҳокимлик ва ташкилотларнинг ҳаракатлари самараси ўлароқ», «кенг амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ» «кўрилаётган чоралар натижасида» ва яна шунга ўхшаш охири йўқ жумлалар эди. Ҳеч бир мақолада ярқ этиб, муаллифнинг «мен»и кўринмас эди.

Талабалик пайтларимиз бир устозимиз савол бергандилар:

— Оммавий маданиятнинг охири нима билан тугайди? — деб. Ҳеч ким жавоб беролмагач, ўзлари жавоб бергандилар: — Дунё аҳолисини яратиш билан. Яъни, Ер юзида бирорта миллат қолмасдан ҳамма аҳоли битта қараш ва нафас билан яшайди. Бунда миллий қадриятлардан, ўзгачаликдан асар ҳам қолмайди. 

Бизнинг журналистикамиз, хусусан, матбуотимиз (баъзи нашрларни инобатга олмаганда) ҳозир шундай аҳволда. Бутун матбуот бўйлаб битта ягона журналистик услуб ва шакл мавжуд. Бунда на ўзгачалик, на янгича ёндашув бор. Тағин ўзимиз одамлар газета ўқимай қўйди, деб арз-ҳол қилиб қўямиз. Тузук-қуруқ нарса ёзмаганимиздан кейин бечора халқда нима айб? Ахир бу халқ нима ёзсак ҳам ўқиш мажбуриятини олмаган бўлса. Обуна дейсизми? Қўйсангиз-чи, биламиз-ку қандай обуна бўлишларини. 

Президентимиз бир йиғилишда ТВ фаолияти, хусусан, «Ахборот», «Таҳлилнома», «Давр» информацион дастурларини танқид қилганидан сўнг соҳада анчагина ўзгаришлар содир бўлди (Саллани олиб кел, деса, каллани олиб келган баъзи бир ҳолатларни инобатга олмаганда, албатта). Хўш, энди Президент қачон бизни танқид остида олар экан, деб кутиб ўтираверамизми ё ишга киришамизми, «мен»ини йўқотиб қўйган матбуот раҳбарлари, журналистлар,  ўртоқ ҳамкасблар. Агар шуни кутиб ўтирган бўлсак, халқнинг бизга бўлган ишончидан ном-нишон ҳам қолмайди. Чунки ТВдаги ўзгаришлар давлат раҳбарининг танқидидан кейин ўзгаргани соҳа вакиллари, мутахассислар бу каби камчилик ва сохтакашликларни шу пайтгача кўрмаганми, англамаганми, деган ўйни халқимиз онггида шакллантириб бўлди. Агар биз ҳам шундай кутадиган бўлсак, халқ олдидаги шундоқ ҳам йўқ ҳурматимизни яна бир бор йўқотиб қўйишимиз тайин. 

Айтмоқчи бўлганим: журналистлар, дўстлар, ҳурматли замондош, кенг ва катта ўзгаришлар замонида яшаяпмиз. Бизнинг эскича услубимиз ўзимизни-да зериктириб юборди. Янгиланайлик! Ҳар битта нашрнинг ва журналистнинг «мен»ини тирилтирайлик. Токи одамлар имзосиз ва нашр номисиз келтирилган материалларнинг ҳам муаллифларини таниб оладиган бўлсин. Белни маҳкам боғлайдиган вақт ўтиб кетганига ҳам анча бўлди. Ҳечдан кўра кеч, деб отни қамчилайлик. «Мен»имиз тирилганида ёруғ юз билан кўришишни тилаб қоламан сизга.

Мавзуга оид