Ўзбекистон | 21:45 / 05.07.2017
38595
3 дақиқада ўқилади

Олий ҳарбий таълим муассасаларида тест синовлари бўлиб ўтди

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун номзодларни танлаб олиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 майдаги 320-сонли Қарори билан Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кирувчи номзодларни квотага мувофиқ тақсимлашни ўз ичига олувчи ягона танлов тизими жорий қилинди. Бу тизим, тест синовлари натижалари бўйича энг юқори балл тўплаган номзодлар орасидан олий ҳарбий таълим муассасаларини тўлдириш имконини беради.

Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 16 июндаги 
209-сонли Қарорига мувофиқ олий ҳарбий таълим муассасаларига курсантлар қабул қилишнинг янги муддатлари белгилангани бу борада ташланган навбатдаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ энди олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришга номзод абитуриентларнинг ҳар йилги тест синовлари 
5 июлда ўтказилиб, курсантликка қабул қилинганлар 10 июлда эълон қилинади. 

Таъкидлаш жоизки, мазкур Қарор билан олий ҳарбий таълим муассасаларини курсантлар билан тўлдириш сифатини янада яхшилаш учун пухта тайёрланган ёшлар орасидан номзодларни танлаб олиш имконияти такомиллаштирилмоқда. Қолаверса, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовларидан ўта олмаганлар бошқа олий ўқув юртларига ҳужжат топширишга улгуришмоқда. Бу эса келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодга давлатимиз томонидан яратилаётган муҳим имкониятлардан биридир. 

Ҳозирги кунда Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги олий ҳарбий таълим муассасаларида 28 та мутахассислик бўйича офицер кадрлар тайёрланяпти. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, олий ҳарбий таълим муассасаларида таълим тизими тубдан ўзгармоқда, уларда бўлғуси офицерларни тайёрлаш ва тарбиялаш ҳозирги замон талабларига тўла мос келадиган, принципиал жиҳатдан мутлақо янги ўқув-техник ва маънавий-ахлоқий асосда йўлга қўйилган. Бир сўз билан айтганда, олий ҳарбий таълим муассасаларида назарий ва амалий билимларни узлуксиз равишда ўзлаштириб борадиган, кучли, билимли ва қатъий иродали офицер кадрларни тайёрлаш учун барча имкониятлар яратилган.

Юқорида келтирилган Қарор ижроси юзасидан Мудофаа вазирлигига қарашли олий ҳарбий таълим муассасалари – Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти, Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультетида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази масъул ходимлари иштирокида 2017 йилнинг 5 июлида тест синовлари ўтказилди. Унда 7800 дан зиёд ёшлар иштирок этди.

Мавзуга оид