Ўзбекистон | 22:15 / 06.07.2017
30426
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан видеоселектор ўтказди

6 июль куни Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Унда ҳукумат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олий тиббиёт ўқув юртлари ректорлари, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари директорлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда президент соғлиқни сақлаш масаласи ҳар бир одамнинг кундалик ҳаётига тўғридан-тўғри дахлдор бўлиб, бу борадаги муаммолар аҳолининг саломатлигига, охир-оқибатда жамиятнинг ижтимоий кайфиятига, халқнинг давлатга, ҳукуматга бўлган ишончига, ҳеч шубҳасиз, энг кучли таъсир кўрсатадиган соҳа эканлигига урғу берди.

Йиғилишда тиббиёт соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида кейинги пайтда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар эътироф этилди.

Бу ҳақда сўз юритганда, аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштиришга оид қарор ижроси доирасида 793 қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари, 441 тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилгани, фаолияти тугатилаётган 658 қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга берилганини қайд этиш лозим.

Шу билан бирга, шу йилнинг ўзида жойларга етказиб берилиши керак бўлган 1 минг 200 «тез ёрдам» машинасидан 1 июлгача жами 646 дона автотранспорт, жумладан, Тошкент шаҳри бўйича 126 дона Damas етказиб берилгани муҳим амалий қадам ҳисобланади.

Айни пайтда соғлиқни сақлаш соҳасида бир қатор камчиликлар ҳам кўзга ташланаётгани мажлисда танқидий таҳлил асосида кўрсатиб берилди. Хусусан, патронаж ишлари талаб даражасида эмаслигига урғу берилди. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига патронаж хизматининг мазмун-моҳияти ва асосий вазифалари аниқ белгилаб қўйиладиган алоҳида Низом тайёрлаш вазифаси топширилди.

«Биз энди тиббиёт муассасаси, жумладан, патронаж хизматининг фаолиятига соҳа амалдорлари эмас, балки оддий одамлар, аҳолининг бевосита ўзи холис баҳо берадиган тизим яратишимиз керак», — деди давлат раҳбари.

Йиғилишда яна бир долзарб муаммо — минтақа ва ҳудудларда шифокор кадрлар етишмовчилиги билан боғлиқ масала ҳам муҳокама қилиниб, вазиятни ижобий томонга ўзгартириш мақсадида тиббиёт ходимлари учун зарур шароитлар яратиш, жумладан, уларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар, истеъмол кредитлари билан таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш ҳақида кўрсатма берилди.

Яна бир устувор йўналиш — республикада соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини ривожлантиришнинг мавжуд ҳолати атрофлича муҳокама қилинди. Бу борада давлат раҳбарининг жорий йил 1 апрелда қабул қилинган қарорига биноан хусусий тиббиёт муассасасалари фаолиятига чекловлар бекор қилиниб, қатор имтиёзлар берилгани, улар учун барча турдаги юқори технологик операцияларни амалга оширишга рухсат этилгани таъкидланди. Лекин яратиб берилган катта имкониятларга қарамасдан, бу борада сусткашликка йўл қўйилаётгани танқидий нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилинди. Бу масалада, айниқса, Сирдарё, Жиззах, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида жиддий камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Маҳаллий ҳокимликлар хусусий тиббиёт соҳасига сармоя жалб қилиш масаласига, янги муассаса ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорларга етарли даражада эътибор бермаётгани билан боғлиқ камчиликлар танқид қилиниб, соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни ривожлантириш юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Жумладан, шу борада «Асакабанк» қошида Нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб топилди ва давлат раҳбарининг кўрсатмасига биноан қўшимча молиявий манбалар ҳисобидан ушбу жамғармага 14 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилди.

Йиғилишда тегишли вазирлик ва идоралар, компаниялар ва хўжалик бирлашмаларининг раҳбарлари, бир қатор вилоят ва туманлар ҳокимларининг ахборотлари тингланди.

Мавзуга оид