Ўзбекистон | 12:20 / 09.07.2017
70683
10 дақиқада ўқилади

11 йиллик таълим: Ютуқ ва камчиликлар

Шу йилнинг 16 июнь санасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Учтепа туманидаги 78-умумтаълим мактабини бориб кўрди. Унда мактаб ва коллежлар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш, хусусан, тажриба сифатида ушбу таълим масканида 11 йиллик таълимни қайта тиклаш, унинг қошида ўқув-касб корхонаси ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Жумладан, президент шундай деди: «Юқори синфларда болалар шахс бўлиб, жамоа бўлиб шаклланади. Айни ўша пайтда уларни ўзлари ўрганган муҳитдан ажратиб қўймаслик керак. Бу ёшларнинг руҳиятига, давоматига, охир-оқибат таълим-тарбиясига салбий таъсир қилиши мумкин. Шу боис таълим жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш, ўқув дастурларини такомиллаштириш зарур...»

Бу таълим тизимидаги улкан қадамлардан бўлди дейиш мумкин. Бир қатор интернет сайтлари ҳамда Халқ таълими вазирлигидаги манбага асосланиб айтадиган бўлсак, пойтахт мактабларидаги битирувчиларнинг ота-оналари ўртасида сўровнома ўтказилди. Сўровномада ота-оналардан фарзандлар таълимни 10-11 синфлар негизида давом эттириши ёки коллеж-лицейларга йўл олиши бўйича фикрлари сўралди. Натижа эса ота-оналарнинг 70 фоизи 11 йиллик таълим қайта ташкил этилиши тарафдори эканини кўрсатди. Бу ҳолат юзасидан келгусида вилоятлар миқёсида ҳам кенг жамоатчилик фикри ўрганилади. Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг кўрсатма беришича, шу йил сентябридан Тошкент шаҳридаги ҳар бир тумандан 4тадан мактабда тажриба-синов тариқасида 10-11 синфлар очилиши кўзда тутилган.

Келинг, энди бу борада жуда кўпчилик юртдошларимиз қатори биз ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларимизни билдириб ўтсак:
11 ЙИЛЛИК ТАЪЛИМНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ
Синфдошлар яна икки йил бирга. Аввало, тўққиз йиллик қадрдонлар бирданига тарқаб кетмайди. Улар яна икки йил бирга бўлишади, бахтли болалик ва ўқувчилик дамлари кўпга чўзилади деб бемалол айтиш мумкин. Синфдошлар бир-бирини янада яхшироқ билиб боришади...

Назорат осонлашиши. Кўпчилик таъкидлаганидек, ўқувчи-ёшларни назорат қилиш, таълим-тарбия бериш бирмунча осонлашади (аммо барибир муаммолар бўлиши табиий). Жумладан, маҳалла-кўй, мактаб ва ота-оналар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва жипслик янда мустаҳкам бўлади (албатта, баъзи истисноларни ҳисобга олмасак).

Фанлар камлиги. Мактабларда коллеж ёки лицейлардаги каби фанлар кўп эмас. Мактабларда фақат умумтаълим фанлари ўқитилади. Коллежларда эса бунга қўшимча равишда мутахассислик фанлари ҳам ўтилади. Фанлар камлиги ўқувчига дарсларни яхши ўзлаштириш имконини бериши мумкин (ўқувчининг салоҳиятидан келиб чиқиб).

Таълим масканининг қулай ерда жойлашгани. Бу биринчи навбатда ота-оналарга моддий қулайлик яратади. Ўқувчилар ҳам нисбатан узоқроқдаги коллеж ё лицейга эмас, қадрдон мактабига боради. Бу омил ҳам қайсидир маънода таълим сифатига таъсир ўтказади.

Ўқишга киришга интилиш кучаяди. 10-11 синфда ўқиётган ўқувчи олий ўқув юртига киришда нисбатан яхшироқ тайёрланиши мумкин. Сабаби, бунда сессия, семестр деган тушунчалар ўз аҳамиятини йўқотади. Энди улғаяётган ўқувчи сессиялар ҳақида қайғурмайди, балки дарсларда фаол қатнашиб, уйга вазифани ҳам зўр тайёрлаб, умумтаълим фанларини яхши ўзлаштириш орқали олий ўқув юртига кириш имкониятини бирмунча оширади. Аммо бунда битта салбий жиҳат бор: киролмаганлар тақдири не кечади?

Ўқувчилар у ёқ-бу ёққа санғиб юрмайди. Назорат яхши бўлганидан кейин ўсмир ёшдаги ўқувчилар ҳар ёққа санғимай, бор эътиборни таълимга, яхшироқ дарс тайёрлашга қаратади. Шунинг ўзи ҳам олға силжиш дегани. Тўғри, ҳамма йигит-қизларни ҳам аъло хулқли деб бўлмайди. Аммо якунда барибир тарозининг «Яхши» палласи «Ёмон»ини босади.

Ўқитувчи «полапон»ларига қайғуради. Мактабдаги 9 йиллик қадрдон ўқитувчилар (бунга бошланғич синф ўқитувчилари ҳам киради) коллеждаги 3 йиллик янги ўқитувчилардан кўра ўқувчиларга жонкуярроқ бўлишади. Ўқувчиларга янги ўқитувчига мослашишдан кўра эски – қадрдон ўқитувчилари билан таълимни давом эттириш анча осонроқ. Лекин бунда ҳам битта камчилик кўзга ташланиши мумкин: ўқувчилар орасида янги дўстларни орттиришни яхши кўрувчилар, янгиликка интилувчилар, бошқа жойларни ҳам кўришни истовчилар исталганча топилади. Демак, бу билан ҳам ҳисоблашиш керак.

Меҳр-оқибат тушунчалари кучаяди. Меҳр-оқибат ҳар ерда бор, аммо гап унинг қаерда, қанчалигида. Чунончи, 16-17 ёшдаги ўқувчи 9 йиллик мактабдошлари билан қадрдонроқ бўлади, уларга меҳри кўпроқ товланади. Янги дўстларига эса унчалик меҳр кўрсатмаслиги, ишонмаслиги, кези келса, кўп нарсага кўз юмиши мумкин. Лоқайдлик ҳам аслида мана шунақа оддий нарсалардан келиб чиқади. Лоқайдлик бор ерда эса... Ўзингиз кўриб турибсиз дунёда нималар бўлаётганини.

11 ЙИЛЛИК ТАЪЛИМНИНГ КАМЧИЛИКЛАРИ
Фақат шаҳодатнома берилиши. Ҳақиқатан ҳам, биринчи ўринда шу жойи кўпчиликни ўйлантириб қўймоқда. Сабаби, 11 йиллик таълимни тугатгандан сўнг диплом эмас, шаҳодатнома (аттестат) берилади. Табиийки, шу жойига келганда дипломнинг салмоғи босади. Коллежни битирган-ку, ҳар ҳолда, дипломи орқали бирор жойга ишга жойлашади, аммо 11 синфни битирганлар-чи, уларнинг тақдири не кечади? Борди-ю, ўқишга кира олмаса, вазият янада мураккаблашади. (Ўйлашимизча, янги тизимда ўқув-касб устахонаси очилиши шуни инобатга олган ҳолда тузилса керак).

Қисқа муддат. Тан олиш керак, тўққиз йиллик таълимдан кейинги яна уч йиллик таълимга деярли барчамиз ўрганиб, мослашиб бўлдик. Агар бирданига 11 синфга қайтилса, икки йиллик муддат кўп нарсага озлик қилиб қолмайдими? Яъни бунда ҳам назарий, ҳам амалий билимларни эгаллашга улгуриш ё бирор касбнинг этагини тутиш керак.

Ортиқча маблағ. 10-11 синфлар учун дарслик ва ўқув қўлланмалар чиқариш учун озмунча маблағ кетмайди. Улар замон талабига мос тарзда ишлаб чиқилиши учун маълум вақт керак бўлади. Қисқа фурсатларда эса бирданига зўр дарсликлар яратиш амримаҳол.

Коллеж ё лицейдагилар масаласи. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидаги ўқувчию ўқитувчилар – барча ходимлар-чи, уларнинг тақдири билан ҳам қизиқиб кўрмоқ керак. Дейлик, бир ўқитувчи коллежда дарс беради. Коллеж уйига яқин жойлашган. Борди-ю, бу ер ўрнига уни узоқроқдаги бошқа мактабга жўнатишса-чи. Худди шунингдек ўқувчилар ҳам, бошқалар ҳам ҳар ёққа сочилади. Тўғри, буни муаммо ўрнида қабул қилмаслик мумкин. Бироқ шу каби оворагарчиликлар ҳам маълум вақт таълим сифатига таъсир этмай қолмайди.

Таълим сифати муаммоси. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидаги дарс жараёнидан 10-11 синфлардагиси устунлик қила оладими? Бунда кўпгина предметлар ўзгариб, кетади, жуда кўп ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга тўғри келади. Ҳатто «Таълим тўғрисида»ги Қонун ҳам, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» ҳам ислоҳ қилинишига тўғри келади.

Хуллас, шу каби ютуқ ва камчиликлар кўзга ташланади. Юқоридагилар, албатта, бизнинг ўзаро фикрларимиз. Яна қанчалаб айтилмаган ва қолиб кетган жиҳатларни санаб ўтиш мумкин. Гап давлатимизнинг таълим соҳасини янада ривожлантириши, уни замон талабига мослаши тўғрисида кетар экан, турли фикрлар юзага чиқиши табиий.

Ҳурматли ўқувчилар, қадрли юртдошлар! Агар она-ватанимиз ҳақида чиндан жон куйдирсангиз, қуйидаги саволларга жаво беринг-чи:
1. Яхшилаб ўйлаб кўринг: таълимдан бош мақсад нима?
2. Қаерда ўқиган муҳимми ёки қандай ўқиган? Умуман, таълим ҳамда билим олиш макон ва замон танлайдими? Оддий мисол. Коллежни битириб туриб ҳам ҳеч нимани қойиллатмаслик ёки, аксинча, 11-синфни тамомласа-да, ўз билими, қобилияти билан давлатга фойдаси тегадиган инсон бўлиб етишиш мумкин.
3. Таълим-тарбияни фақат мактаб ёки коллеждагиларга, айниқса, ўқитувчиларга ташлаб қўйган тўғрими ёки буни ота-онанинг ўзи бўйнига олиш керакми? Ёинки ота-она ҳам, мактаб-коллеж ҳам бирдай масъулият билан ёндашмоғи лозимми? Агар шундай бўлса, бундай масъулиятли ота-оналар қандай шаклланади ҳамда шундай феълли ўқитувчи-педагогларга эга бўлмоқ учун нималар қилиш даркор?
4. Агар ниҳолни бошиданоқ нотўғри парваришласангиз ёки экишдаёқ хатоликка йўл қўйсангиз, оқибатда нима бўлади?
5. Энг муҳими, ҳар биримиз ўзимизга ўзимиз шундай саволни берайлик: давлатимиз биз учун қўлдан келганча ҳаракат қилмоқда. Айниқса, муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев халқ учун қайғурмоқда, жонажон Ўзбекистонимизнинг буюк келажаги учун бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда. Биз-чи, ватанимиз, давлатимиз учун нима қилдик ва қиляпмиз?

Бу саволларни яна кенгайтириш мумкин. Биз эса энг муҳимларини келтириб ўтдик. Аслида, болаларимиз 11 синфда ўқиса яхшими ёки коллежда таълимни давом эттирган афзалми деган саволнинг ўзи нотўғри. Бунинг ўрнига фарзандларимиз қаерда ўқимасин, давлатимизга фойдаси тегадиган инсон ва етук кадр бўлиб етишиши – энг муҳими дейишимиз керак эмасми?

Агар ушбу муҳим саволга юқоридаги мулоҳазалар орқали қисман бўлса-да жавоб топилган бўлса, демак, ёзганларимиз беҳуда кетмабди.

Бобуршоҳ АБДУҒАФФОРОВ

Мавзуга оид