Жамият | 20:00 / 09.07.2017
39913
2 дақиқада ўқилади

Фейк: Путин Трамп ва Эрдўған даврасида

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Владимир Соловьёв ва бошқа блогерлар жойлаштирган ишончсиз суратга эътибор қаратишди.

8 июль куни интернетда Владимир Путин Ҳамбургдаги «Катта йигирматалик» саммити вақтида бошқа давлатлар раҳбарлари ўртасида ўтиргани тасвирланган сурат тарқалди.

Суратда Россия президенти АҚШ президенти Доналд Трамп, Туркия ТИВ раҳбари Мавлуд Човушўғли (уни Путин сурати орқали тўсиб қўйишган) ва Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған тасвирланган.

Бу суратни дастлаб блогер Дмитрий «Гоблин» Пучков ўз инстаграмида нашр этди.

Кўп ўтмасдан бу суратни телебошловчи Владимир Соловьёв қайта нашр қилди.

Кейинроқ ёзувчи ва публицист, ОАВда «„Антимайдан“ фаоли» сифатида танилган  Илияс Меркури ушбу суратни твиттерида эълон қилди.

Аслида бу сурат — фейк. Getty Images эълон қилган ҳақиқий суратда Путин бу ўринда йўқлигини кўриш мумкин.

Фото Getty Images

Ҳақиқий суратда Трамп, Човушўғли ва Эрдўған Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйдан бўшаган стул атрофида ниманидир қизғин муҳокама қилаётгани кўринади. Орқа фондаги Ангела Меркелда ҳам фейк суратдаги каби Георгиев лентаси йўқ.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари тезлик билан реакция билдира бошлашган ва бу сурат фотошоп қилинганини сезмасдан тарқатган журналистларни танқид қила бошлашган. Улар Меркури ва Соловьёвдан дезинформация қилмасликни сўрашган.

Кейинроқ Соловьёв суратни ўчирган.

Мавзуга оид