Трамп Путин билан нималар ҳақида суҳбатлашганини маълум қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан жума куни Ҳамбургдаги G20 саммити майдонларида бўлиб ўтган музокаралари мазмунини изоҳлаб ўтди.
«Мен икки бор президент Путин олдига Росссиянинг бизнинг сайловларга аралашуви масаласини кўндаланг қўйдим. У бу айбловни мутлақо рад этди. Мен бу масаладаги ўз фикримни билдирдим», — деб ёзган Трамп ўзининг Twitter микроблогидаги расмий саҳифасида.
Трамп россиялик ҳамкасби билан тузилишини муҳокама қилган киберхавфсизлик бўйича ишчи гуруҳ «аралашув» масалаларидаги саволларга ҳам ўрин қолдирмаслигидан умид қилаётганини билдириб ўтди.
Унинг таъкидлашича, учрашувда томонлар Суриянинг жанубий-ғарбий қисмида «жонларни асраб қолувчи» сулҳ тузилиши ҳақида келишиб олишган ва «Россия билан конструктив ҳамкорлик қилиб янада илгарилаш учун фурсат етгани»ни қўшимча қилган.
«Биз Сурия ҳудудларида ўт очишни тўхтатишга келишдик, бу инсонларнинг ҳаётини қутқариш учун. Энди Россия билан конструктив ҳамкорлик қилиш вақти келди», — дея қайд этган америкаликлар етакчиси.
Илгарироқ The New York Times газетаси давлат котиби Рекс Тиллерсондан маълумот олган Оқ уй амалдорларидан бирига таяниб хабар беришича, Ҳамбургда давлат раҳбарлари Россиянинг Америка президенти сайловларига «аралашуви» деб аталувчи масалани 40 дақиқа давомида муҳокама қилишган.
Президентлар учрашуви ярим соат давом этиши режалаштирилган бўлса-да, алал-оқибатда у икки ярим соатга чўзилган.