Спорт | 12:50 / 11.07.2017
10209
2 дақиқада ўқилади

Андижоннинг энг чекка Улуғнор туманида нафис спорт тури байрами

Улуғнор тумани Андижон вилоятининг энг олис туманларидан ҳисобланади. 8 июль куни тумандаги Болалар спорт мажмуасида бадиий гимнастика бўйича водий биринчилиги мусобақаси ўтказилди. Мусобақада Андижоннинг барча  туманлари, Тошкент, Фарғона ҳамда Наманган вилоятларидан ташриф буюрган 15 жамоа иштирок этди   
    
2000-2001 йилда таваллуд топган қизлар ўртасида ташкил этилган турнир давомида ёш спортчилар томонидан маҳорат билан намойиш этилган нафис композициялар иштирокчилар орасидан кўплаб иқтидорлар етишиб чиқаётганини кўрсатиб берди.  

Якуний натижаларга кўра, гуруҳлар бўйича Андижон шаҳрининг 2008-2009 йилда туғилган спортчи қизлари биринчиликни қўлга киритган бўлса, Улуғнор туманининг 2006-2007 йилда туғилган бадиий гимнастикачи қизлари ўз йўналишида ғолиб бўлдилар. 2010-2011 йиллар ёш тоифасида эса Улуғнор тумани биринчи, Асака шаҳар жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритди.
  
Ғолиб ҳамда совриндорлар вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, гимнастика федерацияси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали, “Соғлом авлод учун” хайрия жамоат фонди ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан медаль, диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
    
- Дарҳақиқат, энг чекка туманларимизда ҳам ёшларимизга спортнинг барча турлари билан шуғулланиш учун шароитлар етарли, - дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Озодбек Саидов. – Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан бунёд этилган муҳташам мажмуалар мана шундай нуфузли турнирларни ўтказиш, келажак авлодни ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишида ўз самарасини бермоқда.      

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид