Жамият | 11:30 / 13.07.2017
10016
3 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ХДПга: Партия қачон бирорта қонун ташаббускори бўлиб майдонга чиқди?

Фото: Халқ демократик партияси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 2017 йил 12 июль куни парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Мажлисда нутқ сўзлаган президент парламентда фракциялар ўртасида фикрлар хилма-хиллиги ва рақобат йўқлигини танқид қилди.

«Шу нуқтаи назардан қараганда, аввало сиёсий партиялар фаолиятидаги айрим муаммо ва камчиликлар ҳақида сўз юритиш ўринли, деб ўйлайман. 

Бугунги кунда сиёсий партиялар ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ва самарали бажармоқда, деб айтолмаймиз. Улар ҳанузгача мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, фуқаролар онгида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллай олмади. 

Сиёсий партиялар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида партия фракциялари томонидан устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар деярли сезилмаяпти. 

Масалан, Халқ демократик партияси ўзини пенсионерлар, кам таъминланган аҳоли қатламлари манфаатларининг ҳимоячиси сифатида намойиш этади. Лекин, холисона айтадиган бўлсак, партия шу мақсад йўлида ҳақиқатан ҳам амалий иш олиб боряптими? 

Партия пенсионерларнинг ҳаёт даражасини, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш борасида кўзга кўринадиган ташаббуслар билан чиқяптими? 

Шу борада бир мисолга мурожаат қилайлик. Маълумки, пенсионерларнинг муайян бир қисмини ногиронлар ташкил этади. Лекин ҳозирги вақтда улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис қилиши учун барча зарур шароитлар яратилмаган. Бу ҳақиқатни афсус билан тан олиш керак. Ногиронларни, айтайлик, протезлар, инвалидлар коляскалари билан таъминлаш, уларнинг турар-жой ва маъмурий биноларга кириб-чиқиши, метро ва автобуслардан бемалол фойдаланиши учун пандуслар ва платформалар қуриш каби масалаларда, умуман, ушбу социал тоифанинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда талайгина камчилик ва муаммолар борлиги сир эмас. 

Шу борада ХДП қачон бирорта қонун ташаббускори бўлиб майдонга чиқди ва унинг ижроси устидан қандай назорат олиб борди? Ёки «Мурувват», «Саховат» ва «Меҳрибонлик» уйлари фаолиятини яхшилаш бўйича партия томонидан амалий ҳаракатлар бўляптими? 

Яна бир муҳим масала – пенсионерларни дори-дармон билан таъминлашдаги муаммоларни ҳал этиш учун ушбу партия нима иш қилди? 

Агар Халқ демократик партияси мана шу муҳим ижтимоий масалалар билан яқиндан шуғулланганида эди, ўйлайманки, Президентнинг Халқ қабулхоналарига аҳолининг кам таъминланган қатламларидан, аввало, пенсионерлардан кўплаб шикоят ва аризалар тушмаган бўларди», дея президентнинг сўзларини келтирган ЎзА. 

Мавзуга оид