Ижтимоий тармоққа қайтган энг ёш вазир ўринбосари ўз саҳифасида янги лойиҳа ҳақида эълон қилди
Президент томонидан 23 ёшида халқ таълими вазири ўринбосари этиб тайинланган Алишер Саъдуллаев фейсбукдаги саҳифасида ўз ташаббуси билан бошланаётган янги лойиҳа ҳақида хабар берди.
«Муҳтарам Президентимиз эътироф этганларидек, яқиндагина ташкил этилган «Халқаро Пресс-Клуб» шаффофлик ва мулоқот ўрнатиш орқали давлатимиз ривожланишига улкан ҳисса қўшмоқда.
Ушбу клуб фаолиятидан илҳомланиб, менинг ташаббусим билан Халқ таълими вазирлиги томонидан Ёшлар Иттифоқи ҳамда «Ёшлар» телеканали билан ҳамкорликда янги лойиҳа иш бошлайди.
Лойиҳа Ўзбекистон илм-фан, спорт, санъат ва маданиятига оид энг илғор ғояларни оммавий узатиш ва тинглашга имкон яратиб берувчи платформа бўлиб хизмат қилади.
Оддий деҳқондан тортиб вазиргача бўлган хоҳловчилар «Ёшлар» телеканалида тақдимот қилишлари орқали ўзининг ибратли ғоялари, тажрибаси ва ҳикояларини омма билан баҳам кўра олади. Мисоллар: пойабзал ишлаб чиқарувчисининг бизнес фаолияти; ўқитувчи ўзи ишлаб чиққан, русийзабонларга ўзбек тилини ўрганишлари бўйича қўлланмасининг тақдимоти; шаҳар ҳокимининг ўз фаолияти давомида дуч келган ибратли, барчани ларзага соладиган ҳикояси; илмий ходимнинг ихтироси; ўлим билан олишиб тирик қолган беморнинг ташаккури; талабанинг «Start up» ғояси; ўт ўчирувчисининг оиласи ва ҳаёти; доимо кулиб юрадиган боғбон маслаҳатлари; журналистнинг жасорат ҳикояси; Ўзбекистонда экстремал спорт ва бошқалар.
Лойиҳанинг мақсадлари: фикрлар ва ғояларни бир жойга жамлаб, овоза қилиш, уларнинг базасини яратиш; ижтимоий бирдамлик ҳамда фаолликни кучайтириш; ҳамфикр инсонларни бир-бирларини топиб, алоқа ўрнатишларида ёрдам бериш ва бу орқали ғоя эгаларини, айниқса ёшларни руҳлантириш ва қўллаб-қувватлаш.
Лойиҳанинг халқаро муқобили – ТEД (www.ted.com) платформасидан фарқи шундаки, унинг асосий фаолияти интернет эмас, балки телевидение канали орқали олиб борилади ва бу билан кенг омма қамрови таъминланади.
Биз ҳозирда жамоамиз билан лойиҳанинг тартиби, низоми ҳамда иштирокчилар/тақдимотчилар учун стандарт кўрсатмаларни ишлаб чиқмоқдамиз. Миллий қадриятларимизни, Ўзбекистон шарт-шароитларини эътиборга олган ҳолда ушбу лойиҳа бўйича ҳар қандай фикрларингизни кутиб қоламиз. Буюк бобокалонимиз Амир Темур айтганларидай: «Куч - бирликда». Келинглар, биргалашиб ушбу лойиҳани амалга оширайлик!», дея ёзган вазир ўринбосари фейсбукдаги расмий саҳифасида.
Мавзуга оид
18:17 / 04.10.2024
Бош вазир Абдулла Арипов шахмат федерациясига раислик қилади
12:09 / 11.08.2022
“Жадидлар” тўплами. Бу ташаббус нега бирдек илиқ қарши олинмади?
20:27 / 08.08.2022
Имтиҳон ҳаяжони ва ҳаётнинг бурилиш нуқтаси – вазирлар абитуриентларга нима дейди?
14:47 / 24.05.2022