Иқтисодиёт | 11:44 / 20.07.2017
30926
9 дақиқада ўқилади

Эксперт фикри: Одамлар бой бўлиши учун солиқ маъмурчилиги ислоҳ қилиниши керак

Фото: "Кун"

Ш.Мирзиёевнинг «Халқ бой бўлса, давлат, албатта, бой бўлади», деган сўзлари давлатимиз иқтисодий ҳаётидаги узоқ йилларга мўлжалланган стратегик йўналиш шиори эканлигига ҳаммамиз ишонамиз. Чунки бу аксиома ва бу ҳақиқатни ҳеч кимга исботлашнинг ҳожати йўқ.

Халқ бой бўлишининг битта йўли бу — ишга лаёқатли фуқароларнинг ҳалол меҳнат қилишлари ва меҳнатлари эвазига муносиб даромад топишларидан иборатдир. Бу ўринда давлатнинг асосий вазифаси уларга халақит бермай, янги иш жойларини кўпайиши учун қулай шароитларни яратишдан иборатдир. Шу ўринда республикамиз солиқ маъмурчилигининг айрим соҳалари қанчалик бугунги кун талабига жавоб беришини кўриб чиқсак.

Амалдаги меъёрларга асосан, якка тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган фуқаролар ҳар ой қатъий белгиланган солиқларни тўлашлари керак. Қатъий солиқ ставкаси тадбиркорликнинг фаолият тури ва энг кам иш ҳақи миқдорига қараб белгиланади. Бу тартиб солиқ ундириш амалиётида 20 йил атрофида қўллаб келинмоқда ва ўз вақтида тадбиркорликни ривожлантиришда ва солиқларни ўз вақтида тўлиқ ундириб олишда ижобий аҳамият касб этган.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, сўнгги йилларда якка тартибдаги тадбиркорларни солиққа тортиш маъмурчилигида ижобий ўзгаришлар бўлди. Жумладан, солиқ ставкаларини белгилашда фаолият турларининг рўйхати кенгайтирилди, якка тадбиркорларга бир неча ишчи ёллашга рухсат берилди, солиқ ставкаларини кескин ўсиши камайди, айрим фуқароларга «Ҳунарманд» уюшмаси орқали фаолият кўрсатишга рухсат берилди ва ҳоказо.

Аммо солиқ маъмурчилигида фақат шу тартиб ва ўзгаришлар билан чекланиб қолиш бугунги кун талабига жавоб бермайди. Сабаби бундай тартибда тадбиркорликни ривожланишига тўсқинлик қилаётган айрим ҳоллатлар мавжуд, жумладан:

  • солиқ ставкаларини белгилашга қаратилган меъёрий ҳужжатларда айрим тадбиркорлик турлари рўйхатга киритилмай қолади;
  • ойлик даромад ва харажатлар турлича бўлишига қарамай айрим фаолият турларига бир хил солиқ ставкалари белгиланади;
  • тадбиркор бир ойда 5 кун ишлайдими, 30 кун ишлайдими, фарқи йўк, ойлик солиқ суммасини тўлиқ тўлаши шарт. Агар тадбиркордан жорий ойда бетоб бўлиб қолса ёки бошқа узрли сабабларга кўра ишламаса ҳам, бу ҳол солиққа тортиш жараёнида инобатга олинмайди;
  • биринчи марта ёки янги фаолият турлари билан шуғуланишни бошлаган тадбиркорларга, ҳамда ногирон ёки давлат ижтимоий муҳофазасига муҳтож бошқа тоифадаги тадбиркор фуқароларга ҳеч қандай имтиёзлар кўзда тутилмаган.

Фикримизча, молия-солиқ идоралари олдида турган долзарб вазифалардан бири якка тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган солиқлар тизимига тубдан ўзгартириш киритиш лозим ва фаолият турига қараб жисмоний шахслардан ҳар хил солиқ ундириш тартибларини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳри ҳудудида турғун шохобчаларда чакана савдо билан шуғулланган тадбиркорлар ҳар ойда 1.500.000 сўм атрофида солиқлар тўлашади. Бу ўринда шохобчаларнинг катта-кичиклиги, уларнинг савдо учун қулай ерларда жойлашганлиги, савдодаги маҳсулотларнинг кўплиги ёки ассортименти инобатга олинмайди. Ваҳоланки, бу барча омиллар товар айланмасига ва якуний даромад ҳажмига таъсир қилади. Кимдир ҳар ойда 1.500.000 сўм солиқ тўлашга қийналмаса, кимгадир бу юк оғирлик қилиши мумкин.

Бугунги кунда барча турғун савдо шохобчаларида назорат касса машиналари ва/ёки терминаллар ўрнатилган бўлиши керак. Бу дегани солиқ идоралари ходимлари тадбиркорларнинг реал даромад ва харажатларини ҳисоблаб чиқиш имкониятига эгадирлар. Шу сабаб турғун шохобчаларда савдо қилаётган тадбиркорларнинг даромадларидан солиқ ставкалари асосида тўловлар ундириш адолатлироқ бўларди.

2000-йилларнинг бошида жисмоний шахсларни транспорт солиғидан озод қилинди ва бензинни нархига қўшиладиган янги солиқ киритилди. Бу ўзгаришлардан бир томондан транспорт эгалари хурсанд бўлган бўлсалар, иккинчи томондан молиячилар шод бўлишди. Сабаби, биринчи йилнинг ўзида билвосита, яъни нефть маҳсулотлари савдоси орқали ундириладиган янги солиқнинг умумий ҳажми транспорт солиғидан тўрт марта кўп бўлиб чиқди. Бу ҳолатнинг эсланишига сабаб — айрим ҳолларда жисмоний шахслардан тўғридан-тўғри солиқ ундиргандан, билвосита солиқ ундирилиши самаралироқ экани. Шу сабаб эксклюзив шартномалар асосида айрим корхоналарнинг маҳсулотларини бозорга киритиш ва сотиш билан шуғулланган тадбиркорларга товар айланмасидан ёки сотувдан олинадиган солиқ жорий этилиши кўпчилик учун қулайликлар яратарди.

Жисмоний шахслар айрим ҳолатларда шундай фаолият турлари билан шуғулланишадики, бу фаолият турларини тадбиркорлик, деб бўлмайди. Масалан, мардикорлик, бозорларда юк ташувчилик ва шу каби фаолият турлари. Бундай фаолият турлари қонун билан тақиқланмаган. Шу каби фаолият билан шуғулланган жисмоний шахслар маълум даромадга эга бўлишади ва уларда солиқ мажбурияти пайдо бўлади. Аммо амалдаги тартиб бу фаолият турларини хусусиятларини инобатга ололмайди. Шу сабаб бундай фаолият турлари учун жисмоний шахсларга ўз турар жойларидан йиллик патент сотиб олиш тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Амалдаги тартибнинг яна бир камчилиги шундан иборатки, агар жисмоний шахсда бир неча фаолият тури билан шуғулланиш истаги бўлса, у ҳолда ундан ҳар бир фаолият тури учун алоҳида-алоҳида солиқ ундирилади. Бу — нотўғри. Чунки ҳеч бир одам бир вақтнинг ўзида бир неча фаолият турлари билан шуғуллана олмайди. Кун давомида ёки ой давомида шуғулланиши мумкин.

Айтайлик, кундуз куни савдо билан шуғулланиб, кечаси репетиторлик қилсин. Бундай тиниб-тинчимаган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашимиз керак ва уларга битта универсал солиқ белгиланиши керак. Ёки айтайлик, ўкитувчи мактабда дарс бериб, бўш вақтида репетиторлик билан шуғулланса, у фақат репетиторлик билан шуғулланадиган тадбиркордан бир неча марта кам солиқ тўлаши керак. Шунда кўпчилик домлаларда ўқув масканларида ишлаб, бўш вақтларида репетиторлик билан шуғулланишга хоҳиш уйғонади.

Ниҳоят, тадбиркорлар қайси фаолият тури ва қай тартибда солиқ тўлашларидан қатъи назар, уларни рағбатлантирувчи имтиёзлар тизими бўлиши керак. Негадир имтиёз беришдан қўрқамиз ёки имтиёзлардан келиб чиқадиган маблағлар ҳажмини жуда катта, деб ўйлаймиз.

Шу ўринда битта мисол: Солиқ кодексида айрим тоифадаги жисмоний шахсларга даромад солиғидан имтиёзлар кўзда тутилган. Жумладан, фуқаролар уруши (?) ва 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари, фронт фахрийлари, Ленинград қамали пайтида ишлаган ва шунга ўхшаган бир қатор фуқароларга даромад солиғидан қисман — ҳар бир тўлиқ ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида чегирма кўринишида имтиёз кўрсатилган.

Табиийки, мантиқий саволлар туғилади – бу тоифага кирувчи қанча киши бугун ҳаёт ва уларнинг ёши нечида, қанчаси меҳнатга лаёқатли ва агар улар ишлаётган бўлса, ўртача ойлик даромадлари қанча бўлиши мумкин? Ниҳоят, улардан ундириладиган солиқларнинг ҳажми бюджетнинг даромад қисмида қанчалик муҳим ўрин эгаллайди? Менимча, давлатимизнинг бундай тоифадаги фуқароларнинг борлиги учун шукр деб, энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида чегирма ўрнига моддий рағбатлантириб туришга қурби етади. Шу сабаб биринчи марта ёки янги иш бошлаётган тадбиркорларга, ногиронларга ва айрим тоифадаги бошқа фуқароларга ҳар хил турдаги имтиёзларни бўлиши бугунги кун талабидир.

Республика хукумати тамонидан фуқароларга тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва касаначилик билан шуғулланишлари кенг имкониятлар яратилмокда. Бу жараённи жадаллаштириш учун жойлардаги ҳокимиятларни масъулиятини ошириш керак. Маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ўзларининг тарихий, анъанавий, географик ва бошқа хусусиятларидан келиб чиққан холда махсус маҳаллий дастурларни ишлаб чиқилиши аҳолини тадбиркорлик билан шуғуланишлари, даромад топишлари ва пировард натижада — бой бўлишлари учун яхши омил бўларди.

Зафар Эргашев,
солиқ хизмати 3-рангли давлат маслаҳатчиси, иқтисод фанлар номзоди

Мавзуга оид