Жамият | 23:46 / 20.07.2017
49407
6 дақиқада ўқилади

"Қассобга гўшт қайғуси.." Одамларни ким ўйлайди?

Бозорларимизда кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган гўшт маҳсулоти нархининг ошиб кетиши, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Вилоят ҳокимликлари ва тегишли мутасадди ташкилотлар ушбу вазиятдан келиб чиқиб, ўз ҳудудларида гўшт маҳсулоти учун ягона нарх белгилаб бераётганидан хабаримиз бор. Хўш, гўштнинг нархини белгилаб бериш билан муаммо ҳал бўляптими?

Мутасаддиларнинг аҳоли муаммосини ҳал этиш учун амалга ошираётган ишларига  раҳмат айтган ҳолда шуни айтиш мумкинки, эркин бозор иқтисодиётида нархни бозор белгилайди. Бизнинг фикримизча, бу йўл билан нарх-навони вақтинча ушлаб туриш имконияти туғилади, холос. Тиббиётда айтилганидек: “Касалликни тузатишни ўзи камлик қилади, балки унинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини ўрганиб, бартараф этиш лозим”.

Юртимизнинг турли вилоятларидан сайтимизга келаётган мурожаатларда қатъий белгиланган нархда жуда сифатсиз гўшт сотилаётгани, рисоладагидек маҳсулотнинг нархи эса барибир қиммат эканлиги айтилмоқда.

Бухоро шаҳридан бизга мактуб йўллаган Акмалжон Қудратов бу борада ўз фикрларини қўйидагича баён қилади:

“Бухоро бозорларида гўшт нархи асосан 23 000 сўмдан сотилиши белгиланган бўлсада, гўштнинг сифати ҳамда сотувчиларнинг муомала маданияти назоратга олинмаган. 23 минг сўмдан сотиладиган гўштни олгандан кўра, олмаган дуруст. Сабаби, ўша “арзон гўшт” ориқ ёки қари молларнинг гўшти бўлиб чиқади. Кун.uz сайтида берилаётган мақолаларни доим кузатиб бораман. Гўшт нега қимматлашгани ҳақидаги мақолаларда нархнинг ошишига сабабни озуқа-ем билан боғлиқ эканлиги айтилмоқда. Менимча, гўштнинг қимматлашишига сабаблар жуда кўп. 

Бухорода мол сўйиб сотадиган қассоблар тўлиқ назоратга олинмаган. Бундай дейишга асосим бор. Ҳозирда қассобларни бирлаштирувчи "қассоблар" уюшмаси мавжуд бўлиб, мазкур ташкилот номигагина фаолият юритади. Чунки 2 йил давомида бир бўрдоқи вояга етгунича чорва боққан киши жуда кўп машаққат чекади. Молни семиртириш учун катта маблағ сарфлайди. Лекин молни сўйиб олган қассоб фақат гўштни пулга ҳисоблаб қолган - калла, туёқ, ошқозон, ичак, тери ва ҳоказоларни хизмат ҳақига текинга олади. Бозор нархида ушбу маҳсулотларнинг нархини келтирадиган бўлсак, битта молдан олинадиган калла-поча, туёқ, ошқозон ичаклари билан 150 минг сўм атрофида, тери эса ўлчамига қараб 250 мингдан 500 минг сўмгача сотилиши аниқ.

Кўриниб турибдики, қассоб мол эгасидан текин оладиган юқоридаги маҳсулотлардан 750 минг сўм атрофида яна 150 килограм келадиган мол гўштини ҳар бир килосидан 2 минг сўм атрофида арзон олиши ҳисобига бир миллион сўм фойда қилар экан. Битта қассоб 1 кунда бир миллион сўм фойда қилса-ю, чорвадор 2,5 йилда нисбатан жуда оз фойда қилса, адолатдан эмаску? Нега энди ўша - “Қассоблар уюшмаси” қассобларни назорат қилмайди? 

Ҳудудларда ветеринария хизматлари етарли даражада эмас. Сабаби, вилоятларда гўштнинг етиштирилишига қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари ҳамда ветеринария хизмати ходимлари масъул этиб белгиланган. Лекин улар томонидан ем-озуқа маҳсулотлари адолатли тақсимланмайди. Шахсан ўзим емни ўртакаш даллол емфурушлардан килосини нақд пулга 1900 сўмдан оламан. Даллоллар кунжарани қаердан оларкин? Буёғи мавҳум. Аслида булар билан кимдир шуғулланиши керакдир? Оддий туёқ боқувчи аҳолида уларни текширишга ваколат йўқ.  Менимча, масалани қўйидагича ечиш мумкин: Шунақанги тизим ишлаб чиқиш керак-ки, чорвадор бўрдоқини боқиб, қонуний сўйиш пунктлари(кушхона)га бориб, чорвасини сўйса, қорамолнинг юқоридаги калла-поча, туёқ ва бошқа тоза гўшт ҳисобга кирмайдиган аъзоларига 500 минг сўм пул олсин. 150 кг гўштни қассоблар 26 минг сўмдан олиб устига икки минг сўм қўйиб сотса ҳам кунига 300 минг сўм фойда олади. Ахир бу энг кам иш ҳақининг 2 баравари-ку?! Демак, қассоблар озгина инсоф қилсалар ҳам гўштнинг нархини тушириш мумкин. Яна қонуний мол сўядиган шохобчалар мудирлари ўз қассобхоналарини очиб, коллеж битирувчиларини ишга олса, кўплаб ёшлар иш билан таъминланар эди”.

Юқоридаги фикрлар хонадонида қорамол боқиб етиштирадиган оддий фуқарога тегишли. Юртимизнинг бошқа ҳудудларида яшовчи кишилар ушбу мулоҳазаларга қўшилмаслиги ҳам мумкин. Мурожаат эгаси гўшт нархини пасайтириш учун ем-озуқага эътибор қаратишдан ташқари, қассобларнинг инсофли бўлишига ҳам боғлиқлиги ҳақида мулоҳаза қилган. Бугун водийнинг уч вилоятидаги кишилар билан қўнғироқлашганимда улар битта мол териси 300-400 минг сўмдан сотилишини айтишди.

Демак, бухоролик йигит айтганидек бир кунда 100 кг гўшт сотадиган қассоб чорва эгасидан олинган товарга 2 минг сўмдан қўшиб сотса ҳам кунига 200 минг даромад олиши мумкин. Бундан ташқари, тери, калла-поча сингари тоза гўшт ҳисобига кирмайдиган маҳсулотлар ҳам бор. Қассобнинг ўзига яраша кунлик қандай чиқимлари борлиги ҳақида тушунчага эга эмасмиз.

Бу муаммоли ҳолат чуқур ўрганишларга муҳтожлигини сезган ҳолда, соҳа мутахассисларидан таҳлилий мақола ва чиқишлар кутиб қоламиз.

Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид