Light | 16:40 / 30.07.2017
30484
6 дақиқада ўқилади

«Гулханлар мамлакати» бўйлаб саёҳат (фото+видео)

"Гулханлар мамлакати" номини олган Озарбойжон ўзининг бой тарихий ва маданий мероси билан мақтанса арзийди. Мамлакатдаги кўплаб тарихий ёдгорликларининг ЮНЕСКО маданий мероси рўйхатига киритилиши бунинг исботидир. "Кун.уз" мухбири Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази таклифига биноан бир гуруҳ журналистлар қаторида Озарбойжоннинг диққатга сазовор тарихий ва маданий масканларида бўлиб, шу ҳақида ҳикоя қилади. 

Озарбойжон Республикасининг аҳолиси - 10 миллионга яқин, майдони эса 86 600 квадрат километрни ташкил қилади. Мамлакат бу икки кўрсаткич бўйича Кавказ орти мамлакатларининг энг йириги ҳисобланади. Пойтахти - Баку шаҳри. Давлат тили - озарбойжон тили. 

Нефть ва газ қазиб чиқариш, кимё саноати, металлургия, қишлоқ хўжалиги каби соҳалар мамлакат саноатини ташкил қилади. Озарбойжон иқтисодиётини тирик организмга қиёслайдиган бўлсак, айтиш мумкинки, унинг "томирларида" нефть оқади. Нефть ва газнинг кўплиги қадимданоқ бу мамлакатни дунёга танитди. Шу боис бу ерда бинолар қурилиши ва буюмлар тайёрлашда гулхан шаклига алоҳида эътибор қаратилиши кўзга ташланади. 

Агар ўзингизни палеолит даврида ҳис қилгингиз келса, сизга Озарбойжондаги очиқ осмон остидаги музей ҳисобланган "Гобустон"га боришини тавсия қиламиз. Бу ерда қоятошлардаги кўплаб тасвирлар билан бирга "гавалдаш" номли қадимий зарб асбобини ҳам кўриш мумкин. 

Эрамизнинг ўрта асрларига "саёҳат қилиш" истаги туғилса, "Ичеришеҳер" ("Ичкари шаҳар")га ташриф буюринг. Бу ерда Қиз қалъаси (XI-XII асрлар), Ширвоншоҳлар сарой мажмуаси (XV аср) ҳамда ўрта асрнинг кўплаб тарихий ёдгорликлари, шунингдек турли музейлар ва дўконлар  бўйлаб сайр қилишингиз мумкин. 

Дарвоқе, Озарбойжон музейлари менда жуда катта тассурот қолдирди. Бу борада Ўзбекистоннинг ўрганса арзигулик жиҳатлари кўп. Мамлакатдаги музейлар замонавий технологиялар билан таъминланган бўлиб, улар зиёратчиларга тарихий даврлардаги муҳитни янада яққол акс эттиришда ёрдам беради. 

Масалан, "Гобустон"да қадимий ялла рақслари музей деворларидаги экранларда акс эттирилади, бир хонадан бошқасига ўтганингизда ўша даврга хос бўлган товушларни эшитишингиз мумкин ёхуд йиғилган гилам шаклида қурилган Баку Гиламлар музейини олайлик - бу ерда қадимда гиламларнинг тўқилиши ва шу каби жараёнлар деворлардаги экранларда намойиш этилади (бир қараганда уларни шунчаки расм деб ўйлашингиз мумкин, лекин ҳар бир экран орқали ўзига хос жараёнлар акс эттирилади). Музейларнинг поллари алоҳида диққатга сазовор - Гилам музейида турли гиламлар тасвири, "Гобустон"даги музей полида эса ибтидоий одамлар ҳаракатлари тасвирланади. 

Озарбойжонда давлат тилига бўлган ҳурмат жуда кучли эканига гувоҳ бўлдик. Ўзбекистонда ўзбек тили билан бирга рус тилида сўзлашувчи ўзбеклар ҳам талайгина, бироқ озарбойжонликлар зарурат бўлмаса, фақат озарбойжон тилида сўзлашишади. У ерда кўпчилик рус тилини тушунмайди ҳам. Жамоат транспортлари ва маданий масканлардаги ёзувларнинг барчаси - озарбойжон ва инглиз тилларида. Кўча-кўйда маҳаллий аҳолига озарбойжон ёки инглиз тилида мурожаат қилган маъқул. Тилларимиз бир-бирига яқин бўлгани боис ўзбек тилидаги гапларимизни тушунганлар ҳам бўлди, албатта. Шу ўринда Ўзбекистонда кўп бўлган озарбойжонлик кишининг бир гапи мени ўйлантириб қўйди: "Сизларда ўз она тили турганда фақат рус тилида сўзлашувчи ўзбеклар ҳам кўп негадир, бизда ундай эмас. Бизга русча мурожаатдан кўра ўзбекчаси маъқул, биз тушунамиз"... 

Таъкидлаш жоизки, мамлакатда ўзбекларга бўлган ҳурмат юқори. Тарихий шаҳарларимизга қизиқиш билдирганлар, Ўзбекистон ҳақида илиқ фикрлар билдирганлар ҳам кўп бўлди - меҳмонхона ходимидан тортиб то матбуот раисигача. Шу ўринда қизиқ бир жиҳат бизни бефарқ қолдирмади - Бакудаги Тарих музейи ходими Ўзбекистондан эканимизни билгач, ҳурмат юзасидан кийимини алмаштириб, оқ кўйлак кийиб чиқди ва юртимиз ҳамда алломаларимиз ҳақида ёқимли фикрлар билдирди.

Шунингдек озарбойжонликлар Биринчи Президентимиз И.А.Каримов ва амалдаги юртбошимиз Ш.М.Мирзиёевни катта ҳурмат билан тилга олишди. Озарбойжондаги Митти китоблар музейида Ислом Каримов ҳамда мустақиллик ҳақидаги  китобларнинг мавжудлиги эса фахр туйғусини уйғотди. Озарбойжонликлар Ўзбекистонни қардош халқ дея тилга олиб, мамлакатимиз билан барча соҳалар, жумладан туризм, ОАВ ва таълим соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилиш истагини билдиришди. 

Таъкидлаш жоизки, ўзбекистонлик журналистлар гуруҳи саёҳатини ташкил қилишда Озарбойжоннинг Eurasia Travel компанияси яқиндан ёрдам берди ва келгусида бу мамлакатда бўлиш истагида бўлган кишилар учун ёрдамга шай эканини маълум қилди. Саёҳатнинг турли шаклларда тақдим этилиши кўпчиликни бефарқ қолдирмаса керак - компания турли меҳмонхоналардан жой ажратиш билан бирга озарбойжон хонадонларида меҳмон бўлиш хизмат турини ҳам тақдим этади ва табиийки, бу сайёҳлар учун хизматнинг бошқа турларига нисбатан арзонга тушади. 

Муаллиф: Лола Рахмонбоева

Мавзуга оид