Жамият | 16:52 / 31.07.2017
20675
10 дақиқада ўқилади

Ҳалиям абитуриент нидоси: “36 саволга 36 жавоб ёхуд сифат муҳимми ёки натижа” мақоласини ўқиб...

2016 йилнинг 23 сентябрида “Кун.uz” интернет нашрида чоп этилган “36 саволга 36 жавоб ёхуд сифат муҳимми ёки натижа?” мақоласини бугун ўқидим. Ушбу мақола ёзилишига сабаб бўлган куюкиш, фидокорликни қадрлайман. Лекин кеч бўлсада, лўнда қилиб шуни айтаманки, натижа муҳим...

ОТМга киришдаги тест саволларининг мураккаблиги, баъзида эса ҳаттоки, танланган йўналиш учун мутлақ аҳамиятсиз экани нуқтаи назаридан ҳам, натижа муҳим...

Қуйироқда сифат ҳақида ҳам айтиб ўтаман, ҳозир эса натижа ҳақида:

Энг содда мисол, спортнинг ҳар бир турида натижа муҳим... Чагаев Валуевни натижа туфайли ютган - ҳамма уни қадрлади... Футболимизда баъзи ўйинларда сифат кўринган эди (Бабаяндан олдинроқ), лекин оқибат натижасизликка етаклагач, ҳозир терма жамоадагилар: бош мураббий Бабаяндан тортиб, штаб аъзоларию футболчилар ёвдек кўринади биз учун, уларга ишонмаслигини ҳеч ким яширмайди.

Энди тестга қайтамиз:

Оддий мисол, Информатика фанига оид Информатика ахборот технологиялари ва Информатика ўқитиш методикаси йўналишларида информатикадан савол йўқ. Физика, математика, она тили ва адабиёт - учта блокда жойлашади. Бухгалтерия йўналишида эса бухгалтерия ҳақида мантиқий савол ҳам йўқ. Ҳаммасидан ўтиб тушадигани шуки, тестларни ўқувчи тугул ўша репетиторлар, ОТМдаги, коллеж-лицейлардаги домлалар ечишга қийналади. Айрим мисоллар соатлаб вақт олади. Бунақа мисолдан 36 савол ичида камида 7-10 тагача топилади. Вақт эса - 12-20да тугайди. Бу математика саволлари холос. Она тили ва адабиётдаги мураккаблик асабни эговлашдан бошқа нарса эмас. Қайси “олимлар” ўйлаб топган бу фаннинг кейинги эволюциясини!? Фан цивилизацияга эришиб, шунчалар мукаммалашиб, майдалашиб кетдики, уни ўрганиш учун ўша олимлар калласига келган фикр 19 ёшли болага ҳам келиши керак экан. (Мактаб дастурида эса 8-9-синф ўқувчилари ўрганишга мубтало этилган ўша мураккабликни) Ҳа, майли, шу тестларни охирида ечаман десангиз, улгурмайсиз. Камида, 21 балл (математиканинг ўзида) ютқазасиз... Таваккал қилиш эса, ҳамма нарсани мавҳумликка тортиб кетаверади. Мандат деганлари чиққанда ўқишга киролмаган одам, қайсини тўғри ечдим, қайси нотўғри, деб ўйланиб қолаверади. (Апелляция, дейсизми? Э, қўйсангизчи, кўрмадим, эшитмадим бирор ким аппеляциядан хурсанд чиққанини...)

Нима демоқчиман: ўқувчи ёшлар билими сифатсиз кўринишига уларга ўргатилаётган фаннинг икир-чикирлари, мавзуларнинг мураккаблиги сабабчи, тестлар эса ҳаддан зиёд мураккаб, ҳақиқий вундеркиндлар учун мўлжалланган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: институт ё университетга кирмоқчи бўлганлар учун бу қадар мураккабликдаги тестларни сифатли ечиш муҳимми (вақт етмаса ҳам), натижага эришишми?

Ўзи умуман бу муракккабликдан маъно нима?

Репетитор ўқувчи ОТМга кириши учун катта куч сарфлайди. Ҳар бир бола билан индувидуал ишлайди. Уларга тестда қандай ҳаракатланишни ҳудди фавқулодда вазиятга тайёрлагандек тушунтиради. (Умумий аудитория очиб ўтирганлар бундан мустасно.)

Энди сифат ҳақида айтаман:

Сифатга эришиш учун унга имконият яратиш ва яратилган имкониятлардан бола, ота-она, устоз, таълим муассасаси маъмурияти, (шаҳар, туман, вилоят) маҳаллий ҳокимиятлари фойдаланишни билиши керак.

Бола қандай фойдаланади? У ўқийди, интилади, ҳаракат қилади. Тинимсиз меҳнат қилади. (Менда айнан шу жиҳатлар ўз вақтида топилмаган, озгина сусткашлик қилганман. Тамом, маррадан борган сари узоқлашдим. Борган сари ҳаёт довонлари паст-баландлиги ошиб борди, иш кўпайди, тоқат йўқолди, шеъриятдан икки мисра шеър ёза олмайдиган даражада узоқлашдим, оила ғами пайдо бўлди... Ҳалиям абитуриентман.)

Яна бир мулоҳазани шу ерда айтаман, йўқса, қолиб кетади: ёши каттароқ (масалан менчалик, 27 ёшдаги) абитуриентлар ўқишга киришда яхши тайёрланса, ёшлардан кўра, кучлироқ билимга, малакага эга эканлигини мандатда англаб етадилар. Нима демоқчилигимни англолмадингизми? Тушуниб олинг: 19 ёшли болакайнинг ҳалиги саволларга, тестларга ақли етмаслиги ҳақиқат. Катта одамларда эса тестни ечиш учун тушуниш, фикрлаш, жамлаш етарли бўлади. Сифат эмас, натижа муҳим бўлади шу учун ҳам абитуриентларда.

Сифатга эришишнинг кейинги босқичи: ота-она. Аввало, улардаги наслий қобилиятлар ва кейин ақлий қобилиятлар. Болани тарбиялаш биринчи устувор вазифа, иккинчиси унинг таълим олишидир. Бунда ота-она устоздан каттароқ масъулиятга эга, АСЛИДА. Тарбияли бола кўп қусурлардан ҳоли бўлади, шу қаторда алдовга ўрганмайди. Бировниям, ўзиниям алдамайдиган бола кейинги устувор вазифа: таълим олишда ўзига талабчан бўла олади. Сифат ҳам, натижа ҳам шунга яраша бўлади.

Учинчи босқич – ўқитувчи омили. У мактабдами, коллеж/лицейдами, олий таълимдами, энг аввало, ўқувчи билимига жавобгар. Репетитор ҳам шу қаторда. Бугунги муваффақиятларимизга, эришган озми кўпми ютуқларимизга сабабчи деб айта оладиган устозларни узоқдан кўрсак ҳам бориб кўришамиз. Бизга таълим бериб нури тўкилган кўзлари бизни эшитганларида порлаб кетадиган фидоий устозлар учинчи босқич омилидир. Ҳамма устозлар ҳам бу шарафли номга муносиб бўлавермайди. Бундайларини ҳам кўрганмиз, эшитганмиз, биламиз. Шу ерда кичик битта қўшимча: ота-она устоз билан доимий алоқада бўлса, боланинг юриш-туришидан хабар олиб турса, устозда ҳам, болада ҳам масъулият юки оғир келади.

Яна бир фикр: олий таълимдаги ва баъзи “кучли” (тиббиёт коллежидан тортиб, нуфузи ўртамиёна) коллежлардаги устозларга алоҳида рағбатлантириш бериш керак. “Бечоралар”ни меҳнати кўп. Улар таълим муассаса номларига яраша – баҳолариям, берадиган билимлариям пуллик! Томоқлари қирилибам қолмайди. Қирилмадими, демак бунга қонуний йўл тутиш керак. Аълочи ўқувчилари қанча кўпайса – шунча уларга рағбатлантиришни оширган маъқул, шунда ўқувчи, талабаларга қовоқ уйишмайди. Аксинча, кўпроқ уларга билим бериши кераклигини тушниб етади, чунки эртами индин текширувчи келиши бор гапку. Қани аълочилар учун олган даромадингизни ўқувчиларингиз олган билим билан солиштирамиз, деганда уялмаслик ва муҳими пулни қайтармаслик учун ҳам ўқув сифатини оширади. Виждонан ҳам ҳақ бўлаверади.

Тўртинчи босқич – ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ РАҲБАРИЯТИ. Бу ерда гап кўп. Моддий рағбатлантиришдан тортиб, кўча супуришга олиб чиқишгача. Мактаб (коллеж, лицей, институт, университет) юқорида айтганимдек, даставвал вазифалари болага таълим бериш. Раҳбарият эса буни таъминлай олишидир. Қандай қилиб? Шундай қилиб… Ўқитувчига тўғри талаб қўйиши керак. Яқинда бир таълим муассасасида (қаерлигини айтмайман) ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари касаллиги туфайли блютенга чиқди, лавозим эгаси вақтинча алмашди. Ёш кадр экан, ишчан экан, виждони кабинетда ўтирма, тур, ташқарига чиқ, дарсларда қатнашмай юрган ўқувчиларни хоналарига хайдаб сол, дарсни валақлаш билан ўтказадиганларни назорат қил деган экан… Ана Сизга натижа сифати. Беш қўл баробар эмасда, дарровда “Яхшиям, вақтинча бўляпти, бўлмаса, шўримиз қуриб қоларкан” дейдиганлар топилди. Яхши ишлайдиганлар эса ўз ишида давом этаверди. Ўша ҳалол, пок, сидқидилдан ишлайдиган устозлар учун директор жамғармасини у бу кимга ёзиб чўнтакка урмасдан, рағбатлантириш учун, ўз ўрнида сарфлаш керак. Моддий рағбатлатирилган одамга қараб, сенга буни мен ёздим, мен ёзмасам олармидинг, деб чўтар олмаса (чўтармисан чўтар: 50%дан 90%гача, қолса фойдасига коммунал учун ушланмаю пенсияси учун жами ҳисобланди (начисления)нинг ошгани қолади, холос) ҳар қандай ўқитувчи ҳам ишлайди. Бунда, қолганлари ҳам кўп эҳтимол билан ўша мукофот учун ҳаракат қилади.

Бешинчиси: Бошқармалар, ҳокимиятлар.

Индамас-да, ўқитувчи халқи. Шунча курашиб, туянинг устига энди миндирган эдим... Нима демоқчилигимни топдингиз, ҳа яна ўша гап. Ҳамма талашиб, тортишиб, тинмаётган, фикрлар, қарашлар бир тарафи оғирроқ, иккинчи тарафи эса пучроқ бўлсада, адолат тарозиси аросат турган мавзу. Буни кўп гапирмайман. Айтадиганим шуки, ўқитувчи (ва шифокорлар) ё мардикорлик қилишсин дарс ўтиб, журнал тўлдириб, келажак авлодга билим беришдан озод қилинган ҳолда (ва ёки беморларни қабул қилиш, улар соғлигига қайғуришдан вос кечган ҳолда) ёки ҳамма ўз ишини қилсин. Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари дарсларни қойиллатиб ўтишига, беморларни даволаб, рецепт ёзиб беришига ишонмаганим каби, ўқитувчи ё шифокорларни ҳам ободонлаштириш ходимлари ўрнида кўриш мантиқсизлик деб биламан. (Шу ўринда яна бир мулоҳаза (кўпайиб кетди, биламан, лекин керакли тошнинг оғири йўқ): ўқитувчиларни икки тоифага бўлганимиз каби, докторларниям бўлиш мумкин. Бу ачинарли ҳақиқатни ҳар қандай тоифадаги, ҳар қандай лавозимлардаги шахсларга ва ўзлигини англаб етолмаган кимсаларга қўллаш мумкин. Акс ҳолда, бугун бунчалик тортишувлар бўлмасди. Президентимизнинг виртуал қабулхонасида шикоятлар, аризалар кўрсаткичлари бунчалик тез суратда ошмасди.)

Шунақа гаплар. Мавзудан анча узоқлашиб кетдимми? Йўқ. Сизга бафуржа қилиб, ОТМга киришда барибир натижа муҳимлиги, сифатга эришиш учун эса тест саволларини ҳам енгиллатиш бу учун мактаб дастурларини қайтадан ислоҳ қилиб, мактаб боласига, коллеж дастурларини коллеж ёшидагиларга мослаштириш кераклигини кўрсатишга ҳаракат қилдим.

Ана унда балки, репетиторнинг кераги бўлмас, натижа ва сифат бирдек кўринар.

Бу йил олий таълим муассасаларига киришда тестлар олиш тартиб-қоидалари қаттиқ бўлишига умид қилиб турибман. Олий таълим вазири интервю берди шу ҳақда, вилоят телерадиокомпанияси "Кун мавзуси" кўрсатувида Андижондаги ОТМлар ректорлари йиғилишиб шу мавзуда гапиришди.

Кузатамиз,  кутамиз...

Жавлон Ўзбек ўғли,
Андижон

Мавзуга оид