Light | 21:50 / 01.08.2017
48274
15 дақиқада ўқилади

Ёшларга муваффақиятли кишилардан ноодатий маслаҳатлар 

Лайфхакер ўз ишининг ҳақиқий усталари томонидан берилган ноодатий маслаҳатлар билан бўлишди.

1. Дональд Трамп

«Аутсайдер бўлинг»

Дональд Трамп АҚШ президенти сифатидаги илк нутқида Либерни Университети битирувчиларини «ишларнинг ҳозирги ҳолати ва ҳокимиятнинг фойдасиз тузилмалари билан курашишга» чақирди.

Трампнинг битирувчиларга айтишича, «аутсайдер сифатида баҳоланиш» — бу яхши, сабаби «фақатгина аутсайдерлар дунёни ўзгартиришга қодирдир».

«Ёдингизда турсин: ҳеч нарса ва ҳеч қачон осонлик билан амалга ошмайди. Ўз фикрида собит турувчилар, буни қила олмаганлар томонидан танқидга учрайди. Чириган тизим сиз адашаётганингиз ҳақида қанча кўп гапирса, сиз ўз мақсадингиз сари шунча қатъийлик билан ҳаракат қилишингиз керак».

2. Марк Цукерберг

«Ҳаётда ўз мақсадини топишнинг ўзи етарли эмас»

Facebook  асосчиси Марк Цукербергнинг фикрича, бугунги кунда кўплаб ёшлар ҳаётда мақсадини топишга ҳаракат қилмоқда, бироқ бу нотўғри ёндашув. Бунинг ўрнига ҳар бир киши аниқ мақсадга эга бўлган ва мақсад нима эканини аниқ тушунадиган дунёни яратишга ҳаракат қилиш керак экан.

«Мақсад – бу сиз катта ниманингдир бир қисми эканингиз, сиз бу дунёга керак эканингиз ва олдинда сизни фақатгина яхши нарсалар кутаётганини тушунишдир. Мақсаддан ҳақиқий бахт ҳам бошланади».

Цукерберг ёшларга учта маслаҳат беради:

•  Катта ниманидир амалга оширишдан қўрқманг. Бизнинг ҳозирги давримиз келажагимиз асосини яратади.

•  Бошқаларга ёрдам бериш учун вақт ва пулни аяманг. Ҳар ким ўз мақсади сари интилишда эркинликка эга бўлиши лозим. Агарда ҳамма ўзининг буюк ғояларини амалга ошира олса, дунё бироз яхши бўлган бўларди.

•  Жамиятни мустаҳкамлаш. Биз қашшоқлик ва касалликларни тугатиши мумкин бўлган авлодга айланишимиз мумкин. Бироқ бунинг учун бирлашишимиз ва биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Ҳеч бир давлат иқлим ўзгариши билан битта ўзи кураша олмайди. Бунинг учун бизга глобал жамиятни қуриш керак.

3. Ричард Брэнсон

«Олдинги вақт ҳақида ҳеч қачон қайғурманг. Фақатгина олдинга қараб ҳаракатланинг»

«Мени шу ҳайратга соладики, кишилар муваффақиятсизликлар ҳақида гапиришга жуда кўп вақт сарфлайди. Ваҳоланки, ўз кучлари ва энергияларини керакли йўналишга ҳам беришлари мумкин, - дейди Virgin Group корпорацияси асосчиси. – Менга ўз бизнесимни бошқариш ёқади, ҳамда мен муваффақиятсизлик – бу хато эмас, балки янги тажриба эканини тушунаман».

4. Шерил Сэндберг

«Мақсадингизга тўғри йўлнинг ўзи йўқ»

Facebook ижрочи директори Шерил Сэндбергнинг фикрича, абстракт орзуга бир ярим йил аввалдан аниқ режа тузиб олса, етишиш осонроқ бўлади. Узоқ муддатли режа кишини бироз хотиржам қилиб қўяди, қисқа муддатлиси эса мотивация беради ҳамда ўз мақсадига эришиш учун батафсил жиҳатлар ҳақида ўйлашга мажбурлайди.

«Ўзингиздан сўранг, сизни нима яхши қилади ва сиз нимадан қўрқасиз. Сиз айнан шу йўлдан кетишингиз лозим».

5. Уоррен Баффет

«Камтар ва вазмин бўлинг»

Ишбилармон, таниқли сармоядор ва дунёдаги энг бой кишилардан бирининг айтишича, энг яхши маслаҳатни Berkshire Hathaway директорлар кенгаши аъзоси Томас Мёрфидан олган: «Уоррен, ҳеч қачон унутмангки, кишини ҳайдаб юборишга ҳар доим улгурасиз. Шунинг учун буни қилишдан аввал, эртагача кутинг. Ўшанда жаҳл қолгани ёки бу вақтинчалик ҳолат бўлганини тушунасиз».

Баффетнинг фикрича, кишилар билан яхши муносабатлар сири – бу ўз феълини қўлга олиш ва сизга ёқадиган инсонлардан яхши жиҳатларни қабул қилиб бориш.

6. Билл Гейтс

«Мураккаблаштирманг»

Microsoft ҳаммуассиси ва раиси Билл Гейтс Уоррен Баффетнинг ўзига хос жиҳатларига қойил қолади: «Унинг жадвалига назар ташланг. У ерда ҳаммаси жуда оддий. Сиз ундан бизнеснинг қандайдир соҳаси ҳақида сўрайсиз, у эса фақатгина бир неча асосий факт ва рақамларни эслайди. У ўзига яхши таниш бўлган нарсани танлайди, ҳамда бунинг устида узоқ муддат муваффақиятли иш олиб боради. Унинг ҳаммасини енгиллаштириш бўйича ўзига хос жиҳати – бу даҳоликнинг алоҳида шакли».

7. Иванка Трамп

«Камроқ ўйланг, кўпроқ қилинг»

Иванканинг билдиришича, ҳаётда севимли иш билан шуғулланиш учун катта меҳнат қилиш лозим.

«Ўзингизни оддий таҳлил қилиш ҳаётингиз ишини топишинга кафолат бермайди. Сиз назариядан амалиётга ўтишингиз, ўқишингиз ва реал ҳаётни ўрганиб боришингиз, тажриба орттиришингиз лозим. Агарда қандайдир иш сизни илҳомлантирса, буни қилишда давом этинг. Мен танийдиган ўз ишининг ҳақиқий профессионаллари ўз ишларини жуда севишади. Уларга ўз мақсадини билиш мотивация беради».

8. Энтони Роббинс

«Янги кўникмаларни шакллантиринг»

Таниқли нотиқ бир пайтлар бизнес-мураббий Рон Жимдан маслаҳат олган: «Тони, сен ҳамма нарсани бирданига олишни кутмоқдасан. Ишга бошқалардан кўпроқ нарсани олиб киришинг лозим. Компания, ходимлар ва мижозлар учун кўпроқ нарса қилишинг керак. Сенинг қандай қийматга эга эканинг шунга боғлиқ бўлади. Бироқ, бунинг учун ҳар доим янги ниманидир ўрганиш лозим».

9. Майя Энжелоу

«Ўз йўлингиздан юринг»

«Агарда ҳаёт сени ўзингга ёқмайдиган йўлга бошласа, агарда сенга очилаётган истиқболлар ва ортда қолган нарсалар ёқмаса, бу йўлдан четга чиқиб, янгисини топ. Мен бу маслаҳатга 65 йилдан бери амал қилиб келаман», - дейди ёзувчи.

10. Ллойд Бланкфейн

«Дам олинг»

Goldman Sachs бош ижрочи директорининг тан олишича, ўзи ёшлигида бу маслаҳатга умуман амал қилмаган.

«Фақатгина тинимсиз ҳаракат билан муваффақиятга эришиш мумкин бўлган спорт тури ёки бошқа ишнинг ўзи йўқ. Дам олишни билиш керак, сабаби хотиржамлик ҳам яхши натижаларни беради. Баъзида нимагадир таёқ билан етишиш ўрнига, арқонни ташлаб қўйишнинг ўзи кифоя қилади. Қатъий характер ҳар доим ҳам муваффақият сири бўла олмайди».

11. Жоан Роулинг

«Мағлубиятни қабул қилинг»

«Ўйлашимча, биз муваффақиятсизликлар ҳақида кам гапирамиз, - дея ҳисоблайди Ҳарри Поттер ҳақидаги китоблар муаллифи. – Менга кимдир: “Сен мағлуб бўласан. Бунинг олдини олиб бўлмайди. Энг муҳими – ундан кейин нима қилишингда”, деганида катта ёрдам берган бўларди».

Роулинг сайёрадаги энг бадавлат аёллардан бирига айланишдан аввал, фарзандларини бир ўзи тарбиялаётган ва маблағлардан қийналган аёл эди. Кўплаб нашрлар ёш сеҳргар ҳақидаги воқеаларни чоп этишдан бош тортишганди.

«Менинг қисқа муддатли оиламга дарз кетди, ёш болам билан ишсиз ва пулсиз қолдим. Ўзимни энг омадсиз инсон, деб билардим». Бироқ у ўз муваффақиятсизликларини тақдир совға сифатида қабул қилади, сабаби улар омадга эришиш, ўзини яхшироқ англашга имкон яратиб берди. 

12. Мелани Велан

«Иш топинг. Исталган ишни»

SoulCycle фитнес-клублари тармоғи ижрочи директорининг ишонч билдиришича, университетлар битирувчилари исталган ишни излашлари даркор. Ҳозирги вақт ҳақида ўйлаш, келажак ҳақида қайғуришдан муҳимроқдир.

«Мутахассислигингиз бўйича ишламаётган бўлсангиз, асабийлашманг. Барча янги нарсага очиқ туринг ва тинимсиз ишланг. Бу муваффақиятнинг калити», - дейди Мелани.

13. Эрик Шмидт

«Кўпроқ „ҳа“ денг»

«Янги имкониятларга кўпроқ „ҳа“ денг: бошқа давлатга бориш таклифларига, янги инсонлар билан танишишга, таълим олишга. Бу сўз сизга биринчи ишни топишда, уни ўзгартиришда, карьера поғонаси бўйлаб тепага чиқишга, жуфтингизни топишда ва ҳаттоки фарзандли бўлишда ёрдам беради», - дея маслаҳат беради Google’нинг собиқ ижрочи директори.

14. Челси Хэндлер

«Ўзингизга мажбурият олсангиз, уларни бажаринг»

«Юқори синфларда машҳур эмасдим. Мен кишилар менга ишониш мумкинлигини ҳис этишларини истардим. Мени ҳам эътиборга олишларини хоҳлардим. Шунинг учун ниманидир ваъда берсам, ўз сўзимнинг устидан албатта чиқаман. Мен бошқалар орасида ажралиб туришни истайман», - дейди актриса.

15. Стив Жобс

«Орзунгиз кетидан шунчаки юриш керак эмас»

«Биз тарихни ёзмоқдамиз. Шунинг учун унга ҳисса қўшиш лозим. Шунда ўн йиллардан сўнг сизни нафақат ўз орзуси кетидан юрган инсон, балки бошқа кишиларга ёрдам берган шахс сифатида ҳам эслашади».

16. Сьюзи Орман

«Фойдасиз танқидга эътибор берманг»

Аввал ёзувчи Сьюзи Орманни асоссиз танқид жуда ғазаблантирган. Бироқ кейинчалик бунга эътибор бермасликка ўрганди. Унинг ишонч билан айтишича, муваффақиятли кишилар ҳар доим танқидга учрайди, шунинг учун ўз имкониятларини тўғри баҳолаш ва ўзини ҳимоя қила билиш лозим.

17. Арианна Хаффингтон

«Ҳаддан ташқари кўп ишламанг»

The Huffington Post бош муҳаррирининг ишонч билдиришича: «Муваффақиятга эришиш учун ҳаддан ташқари кўп ишлаш шарт эмас. Дам олиш ва кучларни тиклаш лозим». У ёшлигида ўзига бу нарсани кимдир айтмаганидан афсусда.

18. Стюарт Баттерфилд

«Тажриба қилинг»

«Баъзилар болалигидан нима билан шуғулланмоқчи эканликларини билишади. Бироқ, бундайлар жуда кам. Менинг фикримча, 20-25 ёшдаги кишилар ҳаётга жуда жиддий ёндашади. Улар ёш пайтларидаёқ кўп нарсага эришиб улгурганларини ҳис этишни хоҳлайдилар, аммо янги нимагадир ўрганиш ва ўзини турли фаолиятларда синаб кўриш керак. Шунинг учун уларни тажрибаларга ундайман», - дейди Flickr ҳаммуассиси ва Slack ижрочи директори.

19. Фил Макгроу

«Сизга ишингиз орқали баҳо беришларига тайёр туринг»

«Ишга киришишдан олдин, сизга айнан ўша иш орқали баҳо беришларини яхши тушунишингиз лозим», - дейди руҳшунос ва телебошловчи.

20. Жорж Стефанопулос

«Хотиржам бўлинг»

«Бугун сизни ташвишга солаётган нарсаларнинг биронтаси эртага долзарб бўлмайди, - дейди сухандон ва сиёсий маслаҳатчи. – Пулларни ўз орзунгизга сарфлашдан қўрқманг. Фақат бундан аввал кексалик пайтларига озгина олиб қўйинг».

21. Марла Малкольм-Бек

«Ҳар доим олдинга қараб ҳаракат қилаётганингизни ёдда тутинг»

Bluemercury ҳаммуассиси ва ижрочи директорининг сўзларига кўра: «Ҳеч ким бутун ҳаёти давомида энг биринчи ишида қолмайди. Шунинг учун ўзингизга қизиқ бўлган нарсани танланг, сабаби кишилар айнан севимли иш билан шуғулланиб омадга эришади. Ўрнингиздан туринг ва шуни қилинг. Йўқотадиган нарсангиз йўқ».

Бундан ташқари, у технологиялар соҳасини ўрганиш ҳақида маслаҳат берган, сабаби ҳозирда у жуда катта талабга эга.

22. Ти Жей Миллер

«Атрофдагиларни тинчлантириш жуда мураккаб иш»

Стендап-комикнинг фикрича, айнан шу муваффақият формуласидир: «Мен бунга ўзим ишонч ҳосил қилдим, гарчи истеъдодим жуда юқори эмас ва худди отники каби жағларга эгаман».

23. Алекса фон Тобель

«Ўрнингиздан туриб, кийининг ва ўзингизни кўрсатинг»

LearnVest бош ижрочи директорининг айтишича, эрталаб бугунги кун сизга жуда яхши ниманидир тайёрлаб қўйганига ишонч билан туриш жуда муҳим. 

24. Жон Чен

«Суперюлдуз бўлиш ҳар доим ҳам карьерангизга фойда бермайди»

«Кўпларнинг фикрича, раҳбариятнинг эътиборини ўзига тортишнинг энг яхши йўли – ўзини кўрсатишга бор кучи билан ҳаракат қилиш. Бу сиз компания муваффақияти ҳақида эмас, балки ўз мақомингиз ҳақида қайғураётганингиздан дарак беради. Аслида ўз ишини виждонан бажаришнинг ўзи етарли».

25. Салли Сетта

«Ҳеч қачон тушликни ёлғиз қилманг»

Унинг фикрича, тушлик – иш алоқаларини яхшилаб олиш учун ажойиб имкониятдир. Биринчидан, сиз ишингиз ҳақида янги ниманидир билиб олишингиз мумкин, иккинчидан эса, ҳамкасблар билан тил топишишда бу қўл келади.

26. Дипак Чопра

«Сиз ноаниқликнинг оқилона эканини тушунишингиз керак»

«Фаолиятнинг энг бошида, - дейди шифокор ва ёзувчи. – мен нима исташимни аниқ билардим. Фақатгина ноаниқлик ва ҳаётнинг кутилмаган экани, ҳамда у инсонга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини ёддан чиқариб қўйдим. Агарда ноаниқлик оқилоналиги менга ёшлик пайтларимда тушунарли бўлганида, ўшанда номаълум томонга киришга тайёрлик – жуда муҳим имконият эканини билган бўлардим».

27. Брайан Чески

«Ота-онангизга қулоқ солманг»

Airbnb асосчисининг билдиришича: «Ота-оналар – ҳаётингиздаги энг асосий кишилар. Бироқ уларнинг карьерага оид маслаҳатларига эътибор берманг. Нимани ёқтирсангиз, шуни қилинг».

28. Диана фон Фюрстенберг

«Объектив бўлинг»

Таниқли модельернинг фикрича, муваффақиятга калит – ўзига ишончдир.

«Ўзингизга ишониш учун, ички оламингиз жуда яхши бўлиши керак. Бу қатъий бўлиш ҳамда шахсиятингиз бўйича ортиқча хаёлларга бормасликни англатади».

29. Рик Гоингс

«Барча билан бирдек яхши муомалада бўлинг»

 Tupperware Brands компанияси директори Рик Гоингснинг фикрича, суҳбатга бораётган пайтингизда, ҳамма билан хушмуомала бўлиш лозим.

«Мен ҳайдовчим, маъмурим ва ёрдамчиларимдан лавозимга даъвогар улар билан қандай мулоқот қилганини сўрайман. Бошқа инсонларга қандай муносабатда бўлишингиз, сиз ҳақингизда кўп нарсани айтиб беради», - дейди у.

 

Мавзуга оид