Ўзбекистон | 20:10 / 03.08.2017
146884
2 дақиқада ўқилади

Президент келин навкарлар ҳақида гапирди ва Тошкент шаҳар ҳокимига ҳайфсан эълон қилди

Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати

2017 йилнинг 3 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда маданият, санъат, адабиёт ва ОАВдаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳамда келгусидаги вазифалар кўриб чиқилди. Йиғилишда барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда қатор идора, ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этди.

Видеоселектор йиғилишида иштирок этган Кун.uz мухбирининг маълум қилишича, унда Президент виртуал қабулхонага келаётган мурожаатларнинг жуда кўп қисми тўй-маъракаларни тартибга солиб бериш ҳақида эканини таъкидлади. Хусусан, давлат раҳбари Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмоновга қарата келин навкар ҳақида гапирган. 

“Олдин куёв навкарлар бўларди, энди бунақаси ҳам чиқибди. Келин 10 нафарча дугоналарини бир хил кийинтириб, келин навкар бўлар экан”, - деган президент.

Тошкент шаҳар ҳокимининг қайд этишича, бу ҳолатларни телевидениега олиб чиқмаса бўлмайди, бундай дабдабани оддий одамлар эмас, катта одамлар қилаётган экан. 

Давлат раҳбари тўйларни ортиқча ҳашамларсиз ўтказиш учун бош вазир А.Арипов ва бош вазир ўринбосари Т.Нарбаевага тегишли қарор лойиҳасини тайёрлаш бўйича вазифа топширди.

Шунингдек, йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов ва унинг хотин-қизлар ишлари бўйича ўринбосари Ф.Абдурахимовага ҳайфсан эълон қилинди. 

Мавзуга оид