Жаҳон | 08:14 / 04.08.2017
20084
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Осиё 2100 йилга келиб ҳаёт учун яроқсиз ҳолга келиши мумкин

Фото: EPA

Бир неча ўн йиллардан сўнг Покистон, Ҳиндистон ва Бангладеш ҳудудлари одам ҳаёти учун яроқсиз ҳолга келиши мумкин. Бу ҳақда 3 августда Hindustan Times нашри Массачусест технологик институти мутахассисларининг изланишларига иқтибос келтирган ҳолда маълум қилди.

Олимларнинг башорат қилишича, жорий аср охирига келиб Ернинг 20 фоиз аҳолиси яшайдиган Жанубий Осиё минтақасида ҳаво ҳарорати ва намгарчилик кўрсаткичлари инсон учун яроқли даражадан ошиб кетиши мумкин. 

Массачусетс технологик институтининг экологик инженерия профессори Алфотих Алтохир раҳбарлиги остида ўтказилган тадқиқот давомида «нам термометр” деб аталувчи кўрсаткич асос сифатида олинган. Бу кўрсаткич ўзидан икки омил: атроф-муҳит ҳарорати ва намгарчилик комбинациясини намоён қилади ва у ёки бу буюмнинг ўз сиртидан суюқликни буғлантириб ўзини совитиш қобилиятини акс эттиради. “Нам термометр” кўрсаткичи 35 градусдан ошганда, одам ўз танаси ҳароратини оддий тер чиқариш билан назорат қила олмайди ва бунинг оқибатида уни иссиқ уриш ва ўлим кутади. Иқлимшунос олимлар томондан ўтказилган моделлаштириш давомида 2100 йилга келиб энг ёмон сценарийга кўра Ҳиндистоннинг 70 фоиз аҳолиси вақти-вақти билан ҳар йили 32 градусда «нам термометр” ҳарорати билан тўқнашиши, 2 фоиз аҳолиси эса бу кўрсаткичнинг меъёрдан ошиши оқибатида иссиқ уриш қурбонига айланиши аниқланган.

Алтохирнинг айтишича, бу минтақа қишлоқ хўжалиги нуқтаи назаридан жуда муҳимдир. “Юқори ҳароратлар туфайли нафақат одамлар, балки қишлоқ хўжалиги ҳам зиён кўради. Бу эса барчага таъсир қилади», деб айтмоқда олим.

Ҳозир сайёрамиздаги “нам термометр” ҳарорати камдан-кам ҳолларда 31 градусдан ошади, бироқ 2015 йилда Форс кўрфази минтақасида инсон учун чегаравий 35 градуслик кўрсаткичлар қайд қилинган. Шу сабабли тадқиқотчилар иқлим бўйича Париж келишувини бажаришга иложи борича тезроқ киришишга чақирмоқдалар, чунки уларнинг айтишича, бу дунё аҳолиси учун қизиб кетиш хатарини анча камайтириши мумкин. 

Мавзуга оид