Жамият | 18:28 / 11.08.2017
12485
3 дақиқада ўқилади

«Қишлоқ қурилиш инвест»нинг фирибгар ходими қўлга олинди 

Илҳомбой Отажонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) илгари ҳам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир қилган. Ўшанда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши амнистия акти асосида тугатилган эди. Халқимизда сутдан оғзи куйган, қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деган мақол бор. И.Отажонов эса ўзига берилган имкониятдан тўғри хулоса чиқармай, яна эски «ҳунар»ини қўмсаб қолди, деб ёзади «Ҳуқуқ» газетаси.

Илҳомбой 2014 йилдан буён «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИКнинг Хоразм филиали «Бирламчи рухсат берувчи, лойиҳа ва танлов ҳужжатларини тайёрлаш» бўлими бошлиғи лавозимида ишларди. У зиммасидаги вазифаларни адо қилиш жараёнида мижозлардан қандай қилиб пул ундириш ҳақида бош қотира бошлади.

Қишлоқ жойларда намунали лойиҳалар асосида уй-жой қуриш учун ўтказилган навбатдаги тендерда А.Саидов ҳам иштирок этишга аҳд қилди. У маслаҳат ва кўмак сўраб, И.Отажоновга мурожаат қилди.

- Ўзим ёрдам бераман, - деб оғиз кўпиртирди Илҳомбой. – Ҳужжатларингизни тахлаб, ғолиб чиқишингизни ҳам таъминлаймиз. Сиз эса кўп эмас, озгина – бир ярим миллион сўм тахласангиз, кифоя.

А.Саидов унинг гапларига лаққа тушди. «Ишим битса, битақолсин», дея шу куннинг ўзида Илҳомга 900 минг сўм пул келтириб берди. Орадан кўп ўтмай яна 100 АҚШ доллари берди. Аммо тендерда ғолиб бўлмади. Бу ҳақда Илҳомга айтган эди, у турли баҳоналарни рўкач қилди. А.Саидов у билан пачакилашиб ўтириш бефойдалигини тушунди ва пулини қайтиб беришни сўради. Отажонов «ана-мана» дея олган пулини қайтиб беришни пайсалга сола бошлади. Орадан бир йилдан зиёд вақт ўтди. Охири А.Саидов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ёрдам сўрашга мажбур бўлди. И.Отажонов фирибгарлик йўли билан қўлга киритган пулнинг бир қисмини мижозга қайтариб бераётган пайтда қўлга олинди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва суд ҳукми билан тегишли жазога тортилди.

Мавзуга оид