Жаҳон | 18:09 / 16.08.2017
30543
20 дақиқада ўқилади

Араблараро урушлар: замонавий дунёда араб мамлакатлари ўртасида бўлиб ўтган бешта йирик қуролли тўқнашув

Фото: Islom.uz

Тарих турли воқеаларга гувоҳ. Унинг очилмаган қирралари шу қадар кўпки, билганинг сари ўзига мафтун этиб бораверади. Шу билан бирга сенга олам-олам билим манбаи ҳам бўла олади. Жорий йилнинг 10 август куни Абдул Қодир ибн Масъуднинг араб мамлакатлари тарихига бағишланган тарихий мақоласи эълон қилинди. Шаҳноза Тўрахўжаева таржимаси асосида тайёрланган мақола info.islom.uz сайти томонидан тақдим этилган. Қуйида ана шу мақола ҳавола қилинмоқда.

Форс кўрфазидаги инқироз шу даражага етдики, Қатар ҳукумати томонидан Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларининг талаблари бажарилмаслиги ортидан айрим кузатувчилар бу икки давлатнинг Қатарга қарши ҳарбий босқин бошлаши эҳтимоли ҳақида гапира бошлади.

Айни пайтда мутахассисларнинг фикрича, бу талаблар шундай ифодалангандики, уларни бажариш имконсиз бўлиб, ҳарбий аралашувни нақд қилиб қўяди.

“Араблар арабларни ўлдирадилар, уларнинг шаҳарларини вайрон қиладилар  ва араб қонини дарё қилиб оқизадилар” – бир неча ўн йиллар давомидаги араб ҳаётининг қайғули манзараси бу, сабаблари эса ерга кўмиб ташланган ва бизнинг назаримиздан пинҳон. Айнан шу туфайли ҳам биз бугун бошимиздан нималар ўтаётганини англаш учун тарих уммонининг тубига шўнғишимизга тўғри келади. Ахир, бугун ўтмишнинг қорнида пайдо бўлади, тарих эса ҳақиқатни билишни истаганлар учун устоздир. Қуйидаги докладда Қатарга ҳарбий босқин эҳтимоли муҳокамаси энг қизғин нуқтага етган бир шароитда биз замонавий дунёда араб мамлакатлари орасида бўлиб ўтган бешта энг йирик қуролли тўқнашувни ёдга оламиз.

1962 йил Ямандаги уруш

Яманликлар томонидан “26 сентябрь инқилоби” дейиладиган Яман уруши ўтган асрнинг 60-йилларида бошланди ва 1967 йилгача – Мисрнинг мағлубияти ёки 1967 йилги “Нақса” (олти кунлик уруш – муҳ. изоҳи)гача  – давом этди.

Уруш республика тузуми тарафдорлари имом Ал-Бадр саройини ўраб олишлари билан бошланди, бунинг натижасида Мутаваккил қироллиги қулатилди, имом эса Саудия Арабистонига қочди. Аммо Буюк Британия, Саудия Арабистони ва Иордания ўз тарафдорларини 1970 йилгача қўллашда давом этди, бу вақтда Жамол Абдул Носир республикачилар томонида бўлди. Бу билан у ўз назарида Миср ва Сурия томонидан тузилган бирлашган республиканинг парчаланиши ортида турган Саудия Арабистонига қарши “очко” ишлаб олмоқчи эди. Бундан ташқари, унинг мақсади араб ўлкаларида социализм ғояларини тарғиб қилиш ҳамда унда ўзи илгари сураётган панарабизм ғояларига мос тарзда Мисрга хайрихоҳ тузумлар жорий этиш эди.

Яман монархлик давлати эди ва расман Яман Мутаваккиллик қироллиги деб аталарди. Монархия британ мустамлакаси бўлган, айрим амирлар 1958 йил Миср ва Сурия ўртасида тузилган Бирлашган Араб Республикаси таркибига кириш истагини билдирганларида, Яман қироли бунга қарши чиқди ва уларни мамлакатдан қувиб юборди. 1961 йил Бирлашган Араб Республикаси парчаланиб кетгач, Жамол Абдул Носир Сурия билан бирлашган давлат қуриш лойиҳасининг муваффақиятсизлигида Саудия Арабистонини айбдор ҳисоблаб, ундан ўч олиш учун Яман қиролига қарши шафқатсиз уруш бошлади.

Миср Президенти Жамол Абдул Носир Қоҳирада 1956 йил/© AP Photo

Уруш 1962 йил бошланди. 1968 йил, Мисрнинг бир йил аввалги мағлубиятидан сўнг (ҳодиса “нақса”, яъни мағлубият номи билан машҳур), асосий ҳарбий амалиётлар тўхтаган бўлса ҳам, Яман уруши 1970 йилгача, яъни саккиз йил давом этди. Яман қироли мамлакатни тарк этди ва Саудия Арабистонидан паноҳ топди, ўша ердан туриб Саудия Аарабистони, Иордания ва Буюк Британия каби мамлакатларнинг қўллаб-қувватлаши билан Мисрга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошқариб турди.

Миср Яманда ҳарбий ғалабага эришди ва бу давлатнинг ривожланишига ёрдам берди. Аммо ғалабанинг баҳоси ҳақида гапириладиган бўлса, у жуда юқори бўлди – Яман урушида Миср ўзининг замонавий тарихи давомида энг катта йўқотишларга дуч келди. Миср армияси бутунлай ҳолдан тойди, қарийб 26 минг аскар ўлдирилди, бунинг натижасида Яманни Вьетнам деб атай бошладилар. Мисрнинг бу урушга сарфлаган молиявий харажатларига келсак, у 40 миллион Миср фунтига тенг бўлди.

1963 йил Марокаш ва Жазоир ўртасидаги “қум уруши”

“Марокашликлар бизни қириб ташламоқдалар”, – Жазоир президенти Аҳмад Бин Балла мамлакат фуқаролари қаршисида сўзлаган нутқида Марокашнинг Жазоир саҳросидаги ниятлари ҳақида гапираркан, айнан шундай ифодани қўллади ва шу машҳур ибора 1963 йил Марокаш ва Жазоир ўртасида авж олган “қум уруши”га гувоҳ бўлганларнинг онгига мустаҳкам жойлашиб олди. Бу Жазоир мустақилликни қўлга киритганидан бир йилу уч ой ўтгандан сўнг содир бўлди. Низо олдидан кўп ҳафталар давомида чегараларда тўқнашувлар бўлиб ўтган, бу охир-оқибат икки давлат армиялари ўртасида Тиндуф ва Хаси-Байда чегараларида қуролли зиддиятларга олиб келганди. Кейин ихтилоф Марокашнинг Фигиг воҳасига кўчиб ўтди ва Араб давлатлари лигаси ҳамда Африка бирдамлик ташкилоти (АБТ)нинг аралашуви билангина баратараф этилди. Шундай қилиб, 1964 йил томонлар ўт очишни тўхтатишди, бироқ уруш ўз ортидан Марокаш ва Жазоир ўртасида то ҳануз кузатилаётган таранг муносабатларни қолдирди.

Мазкур урушнинг деталлари ҳақида гап кетганда, Марокаш қироли Ҳасан II Жазоир мустақилликни қўлга киритгач, у ерга ташриф буюргани, мамлакат президенти Бин Баллани чегараларга доир баҳсли маасалаларни ҳал этиш юзасидан Жазоир муваққат ҳукумати билан аввалроқ имзоланган битимга риоя этишга чақирганини таъкидлаш лозим. Шундан кейин икки мамлакат ўртасида ахборот уруши бошланди: Жазоир Марокашни ҳудудда ўз таъсирини кучайтиришга уриняпти деб ҳисобларди, ўз навбатида, Марокаш бу айбловлар ортида араб монархияларига қарши мухолиф ҳаракатларни қўллайдиган ва бу тузумларни реакцион деб ҳисоблайдиган Миср президенти Жамол Абдул Носир турибди, деб ўйларди. Марокашнинг “Истиқлол” партияси Жазоирнинг  айбловларини рад этди, Миср ва Жазоир қиролликка қарши ахборот кампаниясини бошлаб юбордилар. Айни пайтда 1963 йил ўз ҳудудига Жазоирнинг учдан бир қисмини киритган “Катта Марокаш” харитаси эълон қилинди, бу икки давлат ўртасида ҳақиқий уруш бошланишига олиб келди. Жазоир кучлари Хаси-Байда ҳудудига ҳужум қилдилар, натижада ўнлаб марокашлик аскарлар ҳалок бўлди. Бунга жавобан Марокаш ҳукумати Жазоирга бундай ҳужумларга чек қўйиш мақсадида расмий делегациясини жўнатди, аммо бирон натижага эриша олмади. Оқибатда музокаралар амалга ошмади ва мамлакатлар уруш жари ёқасига келиб қолди.

1970 йил сентябри. “Қора сентябрь”

“Қора сентябрь” – 1970 йил рўй берган фожиаларни шундай аташади. Шу ойда Иордания қироли Ҳусайн ибн Талал Фаластин ташкилотлари томонидан Иорданиядаги монархия тузумини ағдаришга уриниш деб иддао қилгани ҳаракатларга қарши чоралар қўллади. Бу зиддиятнинг манбаси 1968 йил Иордания ва Исроил ўртасида бўлиб ўтган Карамадаги жанглар натижаларига бориб тақалади. Ўшанда Исроил фаластинликлар томонидан Иордания ҳудудидан амалга оширилган ҳамлаларга жавобан Иорданиянинг  Карама қишлоғига ҳужум қилган эди. Жанг Исроилнинг мағлубияти билан якунланди, аммо бу ҳодиса Фаластин жанговар гуруҳлари ва Иордания хавфсизлик кучлари ўртасида 1968 йил ўрталаридан 1969 йил охиригача давом этган беш юздан ортиқ қонли тўқнашувларга сабаб бўлди.

1970 йил 9 июнь куни қирол Ҳусайн кортежи Амман маркази бўйлаб ҳаракатланаётганда, унга нисбатан муваффақиятсиз суиқасд ҳаракати бўлди. “Ал Ҳусайний” масжиди минорасига яшириниб олган снайпер қирол машинасига қарата ўт очди, ўқлардан бири қиролни ҳимоя қилишга уринган Зайд ал-Рофеининг орқасига тегди. Бу ҳодиса мамлакат хавфсизлик кучлари билан Фаластин гуруҳлари ўртасида 1970 йил февралидан июнигача давом этган тўқнашувларга олиб келди. Натижада мингга яқин инсон ҳалок бўлди. Қирол Ҳусайн мамлакат ичкарисидаги Фаластин гуруҳларига қарши қақшатқич зарба бериш лозимлигини тушунди.

Лекин Сурия Фаластин жангариларини ҳимоялаш учун зиддиятга аралашишга қарор қилди. Шу мақсадда Иорданияга учта танк бригадаси, битта “коммандос” бригадаси, фаластинлик жангарилар гуруҳи, шунингдек, 200 дан ортиқ Т-55 танклари жўнатилди. Натижада уруш бир ойга чўзилди, ўн минглаб инсон, асосан, фаластинликлар, қурбон бўлди, Фаластин жангарилари эса мамлакатдан суриб чиқарилди.

"Фаластин халқ озодлик фронти" гурухи аъзолари
© Wikipedia, Thomas R. Koeniges

1977 йил Миср-Ливия уруши

Миср-Ливия уруши – 1977 йил апрель ва май ойлари Миср ҳамда Ливия муносабатлари таранглашгач шу йилнинг июль ойида икки мамлакат ўртасида рўй берган қисқа муддатли чегара зиддиятидир. Хуллас, июль ойида полковник Қаддофий Ливияда ишлаётган 225 минг мисрликка 1 мартгача мамлакатни тарк этишни буюради, акс ҳолда, ҳибсга олиш билан таҳдид қилади. Кўп ўтмай икки мамлакат чегара қўшинлари ўртасида отишмалар, кетидан ер усти ва қуруқлик зарбалари ҳам бошланди. 24 июлдаёқ Жазоир президенти Хуари Бумедиен воситачилигида ўт очишни тўхтатиш ҳақида битимга келинди.

Ҳарбий ҳаракатларнинг бошланишига “Қоҳирага марш” деб номланган ҳодиса сабаб бўлди. Миср ва Исроилнинг дипломатик яқинлашувига қарши чиққан ўз ҳукуматининг қўллаши ортидан 1977 йил 20 июлда минглаб ливияликлар Миср чегараси томон йўл олдилар. Ливия етакчиси Муаммар Қаддофий араб халқларининг қайта тикланиши ва бирлашувига қаршилик қилаётган чегараларни бузишга чақирди, жумладан, Мисрнинг янги президенти Анвар Саодатни Камал Абдул Носирдан юз ўгирган деб ҳисоблаб,  Жамол Абдул Носир қарашларига эргашган ҳолда,  икки мамлакатнинг бирлашишини ёқлади. Ливия етакчиси Миср халқи ҳам ўз президентига қарши чиқади деб ўйлади, чунки Саодатнинг Исроил билан алоқаларни яхшилаш ҳаракати ортидан юзага келаётган халқнинг норозилигини кузатиб турган эди. Миср чегарачилари намойишчиларни тўхтатганларида, Ливия артиллерия бўлинмаси Миср чегара пунктлари томон ўт очди.

24 июлда Жазоир раҳбари ҳамда Фаластин етакчиси, Фаластин озодлик ташкилоти раҳбари Ёсир Арофатнинг воситачилиги билан ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилди. 1977 йил 25 июлда уруш ҳаракатлари тўхтатилди, аммо шунга қарамай улар орасидаги келишмовчилик сақланиб қолди. 1977 йил августида ҳарбий асирларни алмашиш амалга оширилди, бу Миср ва Ливия ўртасидаги муносабатларни янада таранглаштирди.

Бошқа араб давлатларига келсак, улар зиддиятга нисбатан қарама-қарши позицияларни эгалладилар. Мисрни қўлловчи консерватив тузумлар Ливиянинг ҳаракатларини Миср суверенитетини бузиш деб баҳоладилар, миллатчи араб давлатлари эса Исроил-Миср яқинлашувини танқид қилиб, Ливия томонига ўтдилар. Кейинроқ бу кўплаб араб давлатларининг Мисрга нисбатан бойкот эълон қилишига ва унинг Араб давлатлари Лигасига аъзолигини музлатиб қўйишларига олиб келди. Бу Анвар Саодатнинг Исроилга ташрифи ва томонлар ўртасида Кэмп-Девидда тинчлик битими имзоланишидан кейин рўй берди.

1981 йил Саодатнинг ўлимидан ва Ҳусни Муборакнинг мамлакат президенти этиб тайинланишидан сўнг  Ливия-Миср алоқалари бўйича қўмита тузилди. Уни Миср ва Ливия муносабатлари координатори лавозимига тайинланган Аҳмад Қаддоф ад-Дам бошқарди.

Форс кўрфазидаги иккинчи уруш

Америка Қўшма Штаталари бошчилигидаги халқаро коалиция томонидан бошланган уруш президент Саддам Ҳусайн бошқараётган Ироқ давлатининг 1990 йил Кувайтга бостириб киришидан сўнг бошланди. Ўшанда Кувайт ҳукумати Ироқ нефтини ўғирлашда ва Ироқ ҳукуматига нисбатан фитнада айбланган. Уруш 40 кун давом этди ва Ироқ қўшинларининг Кувайтдан сиқиб чиқарилиши, Ироқнинг ҳарбий ва иқтисодий салоҳияти қисқариши, шунингдек, кейинчалик Ироқда инсонпарварлик билан боғлиқ аҳволнинг ёмонлашувига олиб келган блокада жазоси билан якунланди.

Бу зиддиятнинг илдизи 1932 йил Ироқнинг Бирлашган Қиролликдан мустақил бўлиб чиқишига бориб тақалади, Кувайт эса 1961 йилга келиб британияликлардан мустақилликни олди. Кувайт мустақиллиги эълон қилингандан бир ҳафта ўтиб Ироқ раҳбари Абдул Карим Қосим Кувайт ҳудудига даъволарини эълон қилди, бу халқаро инқирозга олиб келди. Араб давлатлари лигаси Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Судан қуролли кучларидан иборат араб қўшинларини Кувайтга юбориб вазиятга аралашди. Абдул Карим Қосим ўз даъволарини Кувайт Ироқнинг бир қисми бўлгани ва ундан Британия мустамлакачилиги даврида тортиб олингани билан асослади. 1963 йилнинг 4 ноябрида Ироқ Кувайтнинг мустақиллигини ва ўрнатилган чегаралар доирасида суверенитетини тан олди, Эрон-Ироқ уруши даврида эса Кувайт ва Саудия Арабистони Ироқ ҳукуматига иқтисодий ёрдам кўрсатди. Жумладан, Кувайтнинг шу уруш давомида Ироққа ёрдами ҳажми қарийб 14 миллиард долларга етди.

Бағдод бу қарзни ОПЕК томонидан нефть қазиб олиш ҳажмининг туширилиши ва бунинг оқибатида нефтнинг нархи ошиши ортидан тўлашни режалаштирганди, аммо нархлар пастлигича қолаверди, бу эса Саддам Ҳусайннинг Кувайт Ироққа зарар етказиш учун атайлаб нефть қазиб олиш ҳажмини оширди, деган айбловни илгари суришига олиб келди. Воқеалар хавфли тус ола бошлади: Саддам Ҳусайн Кувайтни Румайлода жойлашган шерикчиликдаги нефть конининг Ироққа тегишли қисмидан (Кувайт қисми Ратка деб номланади) ноқонуний нефть қазиб олишда айблади. Президент  Саддам Ҳусайн саккиз йилга яқин давом этган Эрон-Ироқ урушининг мақсади араб дунёсининг шарқий чегараларини ҳимоя қилишдан иборат эди, демак, Кувайт ва Саудия Арабистони Ироқ билан қарзларни тўлаш борасида келишиши ёки умуман улардан воз кечиши керак, деди.

1990 йилнинг 2 августида Ироқ армиясининг катта бўлинмалари Ироқ-Кувайт чегарасини кесиб ўтди. Кувайт ҳудудида Ироқ бронемашиналари ва танклари кеза бошлади, улар мамлакатнинг асосий марказлари устидан назорат ўрнатдилар, шундан сўнг Саддам Ҳусайн Кувайтни Ироқнинг ўн иккинчи вилояти деб эълон қилди. Кувайт амири Шайх ас-Сабоҳ Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдга қочди, у ерда қочқинликдаги Кувайт ҳукуматини бошқара бошлади, бу вақтда эса Ироқ етти ой давомида Кувайтни тасарруфида ушлаб турди.

"Чўлдаги бўрон" операцияси, ҳарбий госпитал ўрнатилиши
© AP Photo, Mikami

Америка Қўшма Штатлари Кувайтни озод этиш бўйича 38 мамлакатдан иборат коалицияни бошқарди. Коалиция амалиёти “Саҳродаги бўрон” деб номланди ва 1991 йилнинг 16 январи тонгида, Ироқ БМТ хавфсизлик кенгашининг Кувайтдан қўшинларни бир сутка давомида олиб чиқиб кетиш талабини бажармагач, бошланди. Америка бошчилигидаги коалиция қўшинлари бутун Ироқ ҳудудини ҳаводан жадал бомбалай бошлади. 43 кун  давомида жами  109867 та, яъни кунига  2555  та авиазарба берилди, бунда ҳаммаси бўлиб 60624 тонна бомба ишлатилди.

Ироқ бу зарбаларга 17 январь куни Исроил томонга уни ҳам урушга жалб этиш мақсадида еттита “Скад” ракеталарини йўллаш билан жавоб қайтарди. Бундан ташқари, Саудия Арабистонининг Дахрон ва Ар-Риёд шаҳарларига ҳам қатор ракеталар отилди. Ироқнинг Саудия Арабистонидаги энг машҳур нишонларидан бири Дахрондаги Америка ҳарбий базаси бўлди. Ироқ ракета зарбалари натижасида 28 нафар Америка аскари ҳалок бўлди. Бошқа араб давлатлари ҳам Ироққа қарши урушда иштирок этдилар, айни пайтда, Жазоир ва Марокаш бетараф бўлиб қолди. Ироқни қўллаган давлатлар ҳам бўлди, масалан, Иордания каби.

Кувайтни озод этиш учун қўшин жўнатган мамлакатлар орасида Миср, Саудия Арабистони ва Форс кўрфазининг бошқа давлатлари ҳам бор эди. Ироқ томонидан йўқотишлар статистикасига келсак, рақамлар жуда хилма-хил, аммо қурбонлар сони ўртача 70 дан 100 минггача боради. Бундан ташқари, 30 минг Ироқ аскари асир тушди, тўрт мингта танк, 3100 қурол, 1856 та аскар ташишга мўлжалланган автомобиль, шунингдек, 240 та самолёт яксон қилинди. Бу замонавий дунёда араблараро энг машҳур ва шафқатсиз уруш бўлиб тарихда қолди.

Форс кўрфазида янги араблараро уруш эҳтимоли

Қатар ёки бошқа исталган давлатга ҳарбий аралашув мустақил давлатнинг ички ишларига аралашиш ҳуқуқи билан боғлиқ масаладир. Шаклан аралашувми ё мазмунан, қатъи назар, на Саудия Арабистонида, на Бирлашган Араб Амирликларида бундай ҳуқуқ йўқ. Бу икки давлатнинг Қатардан ортиқ жойи ҳам, бундай босқин учун алоҳида сабаб ҳам мавжуд эмас. Масалан, Яманда ҳарбий ҳаракатларнинг ташаббускори қонуний ҳукумат эди, Қатарга ҳарбий аралашувнинг мақсади эса мавжуд эътироф этилган тузумни ўзгартиришдир, шу сабабли у халқаро миқёсда қонуний характерга эга бўлмайди.

Саудия Арабистони ва БАА Қатардаги вазиятга фақат БМТ томонидан тегишли резолюция берилган тақдирда аралашиши мумкин, аммо Қатарнинг иттифоқчилари нақадар кўплигини инобатга олсак, буни амалга ошириш деярли имконсиз, бундан ташқари, ҳудудий ва халқаро рақобатнинг ҳамма икир-чикирларини ҳам эътиборга олиш керак.

Маълум бўладики, Қатарга ҳарбий аралашув кузатувчиларнинг кун тартибида турмаяпти. Юқорида айтилганидек, мавжуд халқаро воқелик шароитида бу халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан имконсиз нарса, чунки бундай аралашувга йўл берадиган қонуний ҳукуматнинг тегишли сўрови ҳам, БМТ резолюцияси ҳам йўқ. Яна бир муҳим жиҳат Қатарнинг иттифоқчилик борасида кенг тармоқли алоқаларидир. Туркиядаги беш минг аскар жойлашган ҳарбий базани, шунингдек, Американинг инқирозни бартараф этиш учун музокаралар бошлаш чақириғини ҳам эътибордан қочирмаслик керак.

Саудия Арабистони ва БАА томонидан ишора қилинган аралашув Қатарнинг ҳозирги ҳукуматини ағдариш ва уни ташқи сиёсати ўз манфаатларига мос келадиган бошқа ҳукумат билан алмаштиришни кўзлаб қилинган ишдир. Бироқ буни ташқаридан аралашув эмас, фақат ички тўнтариш йўли билан амалга ошиириш мумкин. Лекин бунинг эҳтимоли жуда кам, чунки бундай тўнтариш Форс кўрфазидаги мавжуд монархия тузумлари учун потенциал хавф туғдиради. Агар бу давлатлардан биронтасида тўнтариш бўлса, бошқалари ҳам хавф остида қолади.

Мавжуд тузумни ағдариш мақсадида ҳарбий аралашув қилиш эҳтимоли Қатар учун зиддитнинг илк кунлари ҳақиқий хавф туғдирган эди, айниқса ўша пайтда Қўшма штатларинг бу масалада позицияси аниқ бўлмаганини ҳисобга олсак. Қатар раҳбариятининг аҳволни ичдан беқарорлаштиришга қарши чора ўлароқ мамлакатга турк ҳарбий қўшинларини киритишга рухсат бериш қарори шундан далолат. Бошқа тарафдан, бу тажовузкорларга нисбатан ҳам ҳарбий оқибатларни юзага келтириши мумкин.

Қатар Форс кўрфазидаги мавжуд инқороз шароитида тўнтариш хавф солиб турган ягона давлат эмас. Хусусан, Саудиянинг БАА билан алоқалари ҳам кўп миқдордаги портловчи муаммолар билан характерланади. Булар орасида Амирликларнинг Яман ишларига аралашуви, БАА билан Эрон ўзаро алоқаларининг кучайиши кабиларни санаш мумкин. Буларнинг бари, амирликликлар ва саудияликлар орасида ўтмишдаги зиддиятларни ҳисобга олсак, Форс кўрфазида шафқатсиз уруш бошланишига сабаб бўлиши мумкин. Фақат бу уруш Саудия Арабистони ва БАА ўртасида бўлади.

Мавзуга оид