Ўзбекистон | 19:46 / 20.08.2017
69625
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё ҳокими: Одамларни мажбурлаб пахтага олиб чиқиш — ноинсофлик!

Иллюстратив сурат

«Сурхондарё: Бой мерос, туризм ва ислоҳотлар уйғунлиги» мавзусида Сурхондарёда бўлиб ўтган Халқаро пресс клубнинг сайёр сессиясида Сурхондарё вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов модератор Шерзодхон Қудратхўжаевнинг пахта йиғим теримига бюджет ташкилот ходимларининг жалб қилиниши борасидаги саволларига жавоб қайтарди.

— Мен вилоят раҳбарлигига келган кунимоқ, ушбу масалани кўтарганмиз. Ўқитувчи ва шифокорларнинг дала ишларига, кўчада қатор бўлиб ободончилик ишлари билан шуғулланишига тўлиқ барҳам берамиз.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, мажбурлаб, меҳнатига пул тўланмасдан далага олиб чиқилган ўқитувчи ё шифокор чопиқ ва бошқа дала ишларини виждонан бажарадими? Қарғаб-қарғаб ишламайдими? Бу ахир пахта ҳосилига ҳам таъсирини ўтказмасдан қолмайди-ку?

Иккинчидан, бу йил пахтанинг харид нархи сезиларли тарзда оширилди, теримчиларга пахта йиғим-терими учун тўланадиган пул ҳам ошмоқда. Сурхондарёда ёлланма ишчи кучи жуда арзон — кунига 20–25 минг сўмга ишлашади. Пахта учун 400 сўмдан пул тўланишини ҳисобга олсак, 100 килограм пахта терадиган инсон камида кунига 40 минг ва ундан ҳам кўпроқ пул ишлаб топиши мумкин. Фермерлар ана шундай кишиларни ёллаб, пулини тўлаб, ўзлари йиғиб-териб олишади пахтани керак бўлса. Ўқитувчиларни далага чиқарадиган бўлсак, фермерлар дангаса бўлиб қолади.

Мана, илгари мактаб ўқувчиларигача пахтага чиқариларди. Барҳам берилди. Кейин коллеж ўқувчилари чиқариларди, бунга ҳам барҳам берилди. Пахта терилмасдан қолиб кетаётгани йўқ-да.

Такрорлаб айтаман: Сурхондарёда на ўқитувчи, на шифокор пахта йиғим-теримига жалб қилинмайди. Бировга яхши кўриниш, режани бажариш учун бошқаларни мажбурлаб пахтага олиб чиқиш — ноинсофлик! — деди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов.

Мавзуга оид