Жаҳон | 09:11 / 23.08.2017
3862
3 дақиқада ўқилади

Демократлар Трампнинг эҳтимолий рақобатчилари ҳақида маълумот йиғмоқда

Фото: Getty Images

АҚШ Демократлар партияси Миллий қўмитаси 2020 йилги сайловларда Доналд Трампнинг партиядошлари орасидан унинг эҳтимолий рақобатчилари ҳақидаги маълумотларни йиғмоқда. Бу ҳақда Politico нашри демократларнинг тадқиқотлар бўйича миллий қўмитаси директори Лорен Диллонга асосан ёзмоқда.

"Трампнинг жўшқин президентлиги алғов-далғовликка юз тутди, шунинг учун биз барча сценарийларга тайёрмиз", - дея маълум қилган Диллон.

Унинг сўзларига кўра, Трампнинг республикачилар сафидаги эҳтимолий рақиблари орасида вице-президент Майк Пенс, Оҳайо губернатори Жон Кейсик, АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Ҳейли ва Небраска штатидан сенатор Бен Сассга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Пенс ва Кейсикнинг ўтмиши ҳақидаги маълумотларни демократларнинг 25 дан ортиқ ходими йиғмоқда, бошқаларнинг ҳам сиёсий фаолияти, молиявий аҳволи, Трамп билан эҳтимолий манфаатлар можароси ва муносабатлари ўрганилмоқда. 

Мухолифатнинг бундай хатти-ҳаракати жуда ноодатий, сабаби АҚШда партиядошларнинг сайловларда яна бир муддатга ўз номзодини қўйган амалдаги президентга чақириқ ташлаши қабул қилинмаган ҳолат. Бироқ демократларнинг фикрича, Трампнинг камчиликлари кўп ва республикачиларнинг элитаси билан муносабатлари жуда чигал.

Пенс Трампга рақобат қилиши ҳақидаги гап-сўзларни қатъий равишда рад этди. Кейсикнинг ёрдамчиси эса демократларга иқтисодий дастурни ишлаб чиқиш ҳақидаги таклиф билан чиқди. "Демократлар пулларни ўзлари хоҳлаган тарзда бекордан бекорга сарфлашлари мумкин, бироқ буларнинг бари жуда кулгили", - дея маълум қилган Кейсикнинг вакили. Ҳейлининг вакили эса изоҳ беришдан бош тортди.

Шунингдек, юқорида номлари келтирилганлардан ташқари, Тед Круз, Марко Рубио, Том Коттон ва Митт Ромни ҳам Трампнинг эҳтимолий рақиблари сифатида кўрилмоқда. 

Сўнгги маротаба партиядошнинг амалдаги президентга чақириқ ташлаши билан боғлиқ ҳолат 1992 йилда юз берган - Пэт Бьюкенен ўз номзодини Республикачилар партиясидан қўйдиришга муваффақиятсиз уринган, ўшанда амалдаги президент катта Жорж Буш бўлган. Буш Бьюкененни праймеризда осонлик билан мағлуб этган, бироқ сайловларда демократ Билл Клинтонга имкониятни бой берган.

Мавзуга оид