Ҳожибойсиз ўтган йиллар. Бугун у 62 ёшга кирган бўларди
«Борма куясаааан... ана куйдинг!». Бу жумлалар ижрочиси, халқимиз суйган сўз устаси Ҳожибой Тожибоев тирик бўлганида, бугун 62 ёшни қаршиларди.
Икки тилда гаплашиб бир халқ ҳисобланиб келган Ўзбекистон ва Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Ҳожибой Тожибоев 1955 йил 25 август куни Ленинобод, ҳозирги Сўғд вилоятининг маркази ҳисобланган Хўжанд шаҳрида таваллуд топган. Асл исми Ҳожимурод бўлган бўлажак санъаткорнинг болалиги Жаббор-Расулов ноҳиясидаги кўчаларда ўтган, бироз вақт ўтгач у Тошкентга келди.
1978 йил Тошкент Театр ва рассомчилик институтини тамомлаб, Тожикистонга қайтишга қарор қилади. Даставвал, Шукур Бурхонов номидаги Нов театрида, кейинчалик Камол Хўжандий номли театр даргоҳида фаолият юритган. СССР парчаланиб кетгач, Ҳожибой Тожибоев кейинги ижодини давом эттириш учун Тошкентга кўчиб келган. Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Усмон қори Раимбеков, Орифжон Тошматов, Зокиржон Овулов, Иброҳим қизиқ Тешабоев каби Ҳожибойнинг сўзлари ҳам халқ орасида илиқ кутиб олинди, унинг республика бўйлаб гастроллари барчанинг оғзида эди.
Ўтган асрнинг 90-йиллари сўнггидан Тошкент шаҳридаги «Халқлар дўстлиги» санъат саройида (ҳозирги «Истиқлол») қўйилган Ҳожибой Тожибоевнинг ҳар бир яккахон концерт дастури интизорлик билан кутиларди. Ўтган йиллар давомида унинг ҳазиллари эл орасида тез-тез «Ҳожибой айтардику» қабилида такрорланиб туради. Унинг аччиқ ҳақиқатларни ҳам кулги билан маромида ҳазилга йўйиб ижро этиш санъатига барча тан берган. Шунинг учун бўлса керак, кўп давраларда бир масаладан гап очилса, «ўзи Ҳожибой айтган» жумласидан бошланиши бежиз эмас.
2008 йил машҳур қизиқчининг соғлиғи безовта қилиб, бир неча бор шифокорларга мурожаат қилишга мажбур бўлди.
«Дадажоним ўз касбини жуда севган инсон эди. Ҳатто соғлиғи ёмонлашса ҳам, умрининг сўнггигача концерт беришни, янгилик яратишни, ижод қилишни ўйлади. Ҳаётини санъатсиз ҳеч ҳам тасаввур қила олмаган», дейди санъаткорнинг қизи Интизор Тожибоева.
Тошкентдаги шифохоналардан бирида даволаниб юрган даврида эл суйган Ҳожибой Тожибоевнинг вафот этгани барчани эсанкиратиб қўйди. У она юрти Хўжанд шаҳрида дафн этилиб, Ўзбекистонда ҳам катта ҳурматга сазовор бўлди. «Буюк» номига лойиқ Ҳожибой Тожибоевнинг оиласидан фақат унинг қизи Интизора Тожибоева санъат йўлини танлади. Айни пайтда Интизора Тошкент давлат Санъат ва маданият институтида Драматик театр ва кино йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. У бир неча клип, реклама ва кино лавҳаларида ролларни ижро этмоқда.
Мавзуга оид
20:56 / 28.11.2023
Ҳожибой Тожибоев асарларидан фойдаланиш бўйича мутлақ ҳуқуқлар иккита каналга берилди
12:10 / 27.10.2021
Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлараро автобус қатновини тиклади
15:15 / 16.10.2021
Хўжанд–Тошкент, Панжикент–Самарқанд–Бухоро йўналишлари бўйича яна автобус қатнай бошлайди
15:42 / 11.06.2021