Ҳуқуқшунос Россияга киришга қўйилган тақиқ ва уни олиб ташлаш йўллари ҳақида
KUN.UZ таҳририяти Москва шаҳрида “ЛексМобайл” юридик фирмасига асос солиб, меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келаётган Ботиржон Шерматов билан суҳбат уюштирди. Мулоқот давомида Россияга киришга қонуннинг бузилиши туфайли тақиқ қўйилиши ва ундан чиқиш ҳақида тўхталиб ўтилди.
Шерматовнинг айтишича, Россия маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексида 18-8, 18-9 моддалари бор. Уларда ушбу давлатдаги миграция қонунчилигини бузиш - ҳужжатларсиз ишлаш, рўйхатдан ўтмаслик, расмий ишда ишламаслик каби сабаблар учун чет эл фуқаросига нисбатан жарима солиш ва Россия ҳудудидан мажбурий чиқариб юбориш ҳолати ҳақида сўз юритилади.
“Бу нарса Россия ҳудудига киришга 5 йилгача тақиқ қўйишга олиб келади. Кўпчиликнинг бундан хабари йўқ. Телефон қилишади-да “Бизни судга олиб борди, қўлимизга қоғоз берди, 5 минг жарима тўланг, деб айтишди” дейди. Ўша 5 минглик жарима ёзилган жойда “Маъмурий чиқариб юбориш билан” деган жумла бўлиши мумкин. Агарда бундай сўзлар бўлса, ўша шахс Россиядан депортация қилинган бўлади ва 5 йилгача кира олмайди. Бундан ташқари, Россияга кириш ва чиқиш ҳақидаги қонунда 27- , 28-моддалар бор. Уларда ушбу давлатга киришга тақиқ қўйишга олиб келувчи сабаблар кўрсатилган. Улар жуда ҳам кўп, лекин бизнинг фуқаролар билан боғлиқ бўлган асосийси – охирги 3 йил ичида 2 марта маъмурий жавобгарликка тортилганлиги. Шунингдек, 90180 деган қоида бор. Илгари бизнинг фуқаролар патент тўламаслик учун ҳар уч ойда бир чегарага бориб, рўйхатдан ўтиб, яна қайтиб келишарди. Ҳозир бу нарса мумкин эмас. Шундай қилинганки, охирги 6 ой, яъни Россияда 180 кун ичида ҳаммаси бўлиб 90 кундан ортиқ патентсиз, вақтинчалик яшашга рухсатномасиз, бирор жойда расман ўқимасдан ёки бошқа бир ерда даволанмасдан юриш мумкин эмас. Масалан, 180 кун ичида 10 марта чегарага бориб келсангиз, буларнинг ҳаммасини қўшганда 90 кундан ортган бўлса ва сизнинг патентингиз, 90 кундан ошиқ юришга расмий рухсатингиз бўлмаса, 3 йилга тақиқ қўйилади. Шунинг учун ишлашга борганлар патент қилишлари шарт. Агарда улгурмаган бўлса, чиқиб кетиб, 3 ой ўтказиб кейин қайтиб келишлари лозим. Бу нарса қилинмаса ҳам тақиқ қўйилади.
Тақиқни қўйиш жараёни ҳам бор. Россияга киришга тақиқ қўйилганини текшириш базасида маълумот йиғиб борилади ва қонунни бузган фуқаролар ҳақидаги ахборот миграция марказининг ходимларига юборилади. У ходим кейин битта-битта кўриб чиқиб, агарда қонунни бузган бўлса, ҳар бир фуқаро учун алоҳида Россияга киришга тақиқ қўйиш ҳақида қарор қабул қилиши керак. Мигрантлар жуда кўп эканини ҳисобга олсак, миграция бўлимининг ходимлари бу нарсага улгурмаяпти. Шунинг учун сиз қонунни бугун бузган бўлсангиз ҳам, тақиқ бир йилдан сўнг қўйилиши мумкин.
Энди тақиқдан қандай чиқиш ҳақида. Бу ерда икки жиҳат бор: биринчиси – суд орқали чиқариб юборилиб, тақиқ қўйилиши, иккинчиси эса – қонунчиликни бузгани учун биронта давлат ташкилоти томонидан қўйилган тақиқ. Россияга келишдан аввал ИИВнинг сайтида ўзларини бир текшириб кўришлари керак. Аммо у ерда маълумотлар бир ойда бир марта янгиланади ва тақиқ сабаби, муддати қўйилмайди. Фақатгина тақиқнинг бор ёки йўқлиги кўрсатилади. Энг тўғри йўл – ички ишлар бўлимининг сайтидаги веб-қабулхонага ўз паспортини таржималари билан илова қилган ҳолда текшириш хати ҳақида ариза ёзилса, жавоб 15-20 кунда келади. Шунингдек, парвоз куни аэропортда ҳам айтишмоқда. Агарда тақиқ қўйилган бўлса, унинг сабабини ўрганиш керак. Биринчидан яхши ҳуқуқшунос топиш керак. Муаммо шундаки – тақиқни очишга бўлган асослар жуда кам. Улардан бири – Россияда яқин қариндошининг яшаши (ота-она, фарзандлар, ака-укалар, опа-сингиллар ва бобо-бувилар). Агарда бундай қариндош Россия фуқароси бўлса, тақиқни очишда шу асос бўлиши мумкин. Яна бир асос – тақиқнинг ноқонуний қўйилганлиги. Бунда исм-фамилиядаги ҳарфларнинг нотўғри ёзилгани, Россиядаги баъзи ички ишлар органлари ходимларининг фуқароларимизга нисбатан нохолис муносабати каби сабаблар бўлиши мумкин. Россиянинг расмий олий ўқув юртлари кундузги бўлимида ўқиётган талабаларда ҳам тақиқни очиш имконияти бор. Яна бири – Россияда даволаниш эҳтиёжининг борлиги”, - дейди Ботиржон Шерматов.
Маълумот учун, Ботиржон Шерматов билан суҳбатнинг тўлиқ шакли сайтда тез орада тақдим этилади.
Мавзуга оид
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024
Россияда саккиз нафар генерал лавозимдан олинди — ОАВ
20:51 / 04.10.2024
Россия «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқариш бўйича ишларни якунламоқда — ФХХ раҳбари
18:42 / 04.10.2024