«Рақибнинг ўйини анча кучайган». Бабаян Хитойга қарши ўйиндан олдин матбуот анжуманида қатнашди
ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи “А” гуруҳи 9-туридан ўрин олган Хитой – Ўзбекистон учрашуви олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ва ярим ҳимоячи Сервер Жепаров иштирок этди.
“Эртага ҳаммани – мураббий ва футболчиларни муҳим ўйин кутиб турибди. Биз ЖЧга чиқиш орзусига эришишни истаймиз ва ҳаммамиз учун имкониятлар яратиб берган мамлакат олдидаги қарзимизни узишимиз керак. Айни вақтда Ўзбекистонда спорт, айниқса, ёшлар спортига катта эътибор қаратилмоқда.
Бевосита эртанги ўйинга тўхталадиган бўлсам, биз кучли рақибга қарши ўйнаймиз. Айни вақтда Хитой футболида катта ўсишни кўриш мумкин. Клуб миқёсида ҳам жамоалар халқаро майдонда муносиб иштирок этмоқда. Бу мамлакатга киритилаётган сармоялар ҳам улкандир. Хитой термасини замонамизнинг энг кучли мутахассисларидан бири – Марчелло Липпи бошқармоқда. Сўнгги пайтларда ўйин сифати устида ишладик ва имкон қадар бара муаммоларни бартараф этдик. Эртага майдонда энг яхши ўйинимизни намойиш қиламиз.
Тошкентдаги ўйиндан кейин Хитой термаси мураббийи алмашди ва бу жамоага ижобий таъсир ўтказди. Рақибнинг сўнгги ўйинларини кузатдик. Ўйин сифати анча кучайганини айтиш мумкин. Хитой термасига қарши қизиқарли беллашув гувоҳи бўламиз. Бугун Жанубий Корея ҳақида эмас, фақатгина Хитойга қарши ўйин ҳақида ўйлаймиз. Барча эътибор эртанги ўйинга қаратилган.
Хитой термасидан фарқли равишда, Ўзбекистон терма жамоасининг бир неча нафар футболчиси чет эл чемпионатларида тўп суради. Ўзбекистон Футбол Федерацияси тайёргарлик кўриш учун барча имкониятларни яратган, бироқ легионер футболчилар ҳар доим ҳам бир вақтда бизга қўшила олмайди.
Уханга келишдан олдин об-ҳаво нисбатан нам бўлишини айтишганди. Бироқ биз бу ерга етиб келганимизда ҳаво илиқ эканига амин бўлдик. Хитой чемпионатида тўп сураётган 3 нафар футболчимиздан рақиб ўйинчилари ҳақида етарлича маълумот олдик”, – деди Самвел Бабаян.
“Хитой кучли ва яхши жамоа, аммо биз ғалаба учун келдик. Умид қиламанки, Ўзбекистонга аъло кайфиятда учиб кетамиз. Жанубий Кореяга қарши беллашув ҳам биз учун муҳим саналади”, – дея фикр билдирди Сервер Жепаров.
Эслатиб ўтамиз, Хитой – Ўзбекистон учрашуви эртага, 31 август куни Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланади.
Мавзуга оид
14:32 / 29.06.2024
Расман: «Навбаҳор» ва Бабаян ўзаро келишувга асосан шартномани бекор қилишди
13:00 / 12.11.2022
Пойтахт клубларининг 21 йиллик ҳукмронлиги давом этадими? Тошкентда дерби, Кападзе – Бердиев, Қосимов Бабаянга қарши
19:03 / 14.09.2022
ЎФА журналистга тазйиқ ўтказган Самвел Бабаянга чора кўрди
16:54 / 12.09.2022