Жаҳон | 08:29 / 01.09.2017
7119
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг АҚШдаги бош консуллигини ёпиш қарорини шахсан Трамп қабул қилган

Фото: AFP 2017 / Josh Edelson

Россиянинг Сан-Францискодаги бош консуллиги ҳамда Вашингтон ва Нью-Йоркдаги дипломатик биноларини ёпиш қарорини АҚШ президенти Дональд Трампнинг шахсан ўзи қабул қилган. Бу ҳақда Трамп матбуот котиби Сара Сандерс маълум қилди.

“Ҳа, қарорни президент қабул қилган”, деб жавоб берган Сандерс тегишли саволга Оқ уйдаги матбуот анжуманда.

АҚШ 31 август куни Россиядан бош консуллиги ва консуллик биноларини 2 сентябргача ёпишни талаб қилди. Маълум қилинишича, гап савдо ваколатхоналари ҳақида кетган.

АҚШ маъмуриятида дипломатларнинг АҚШдан чиқарилиб юборилиши ҳақида гап кетмаётгани, ёпилаётган объектлар эса Россия мулки бўлиб қолиши айтилган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ушбу чекловларни АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон билан муҳокама қилган ва Москва АҚШнинг ушбу талабларни ўрганиб чиқиб, сўнгра ўз жавобини беришини айтган. Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов эса Россия бунга “жазавага тушмасдан”, осойишталик ва профессионаллик билан жавоб беришини айтган.

Шу сабабли Сан-Францискодаги бош консуллик 1 сентябрдан ташриф буюрувчиларни қабул қилишни тўхтатади.

Мавзуга оид