Ўзбекистон | 21:30 / 10.09.2017
43169
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Остонага сафарини якунлаб, Ўзбекистонга қайтди

Фото: Ўзбекистон 24

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 9-10 сентябрь кунлари Остона шаҳрида бўлди. 

10 сентябрь куни Остона шаҳрида Мустақиллик саройида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити очилди. 

Мазкур саройда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев кутиб олди. 

Саммитни Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев очди. 

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ушбу нуфузли саммити “Фан, технологиялар, инновациялар ва ислом оламини модернизация қилиш” мавзусида ўтди. 

Маълумки, 2016 йил 18 октябрь куни Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтган, “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиори унинг асосий ғояси этиб белгиланган эди. Шу маънода Остона саммитини Тошкентда ўтган сессиянинг мантиқий давоми, дейиш мумкин. 

Саммитда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Фан ва технологиялар бўйича саммитда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат 80 га яқин делегация иштирок этди. Саммит якунида Остона декларацияси имзоланди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур саммит доирасида Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашувлар ўтказди. 

Эрон Президенти билан мулоқотда Шавкат Мирзиёев Ҳасан Руҳонийни яқинда бўлиб ўтган Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан самимий муборакбод этди. 

Ўзбекистон ва Эрон халқларини тарихий ва маданий муштараклик, яхши қўшничилик муносабатлари боғлаб туради. Икки мамлакатнинг мумтоз адабий мероси халқларимиз учун бирдек қадрли. Бугунги кунда давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бормоқда. 

Давлатимиз раҳбари савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-инфратузилма соҳаларидаги алоқаларга тўхталар экан, бу борадаги имконият ва кенг салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш, ўзаро саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш ҳамкорликни янги босқичга кўтаришини таъкидлади. 

Ҳасан Руҳоний Эрон Ўзбекистонни минтақадаги яқин ва ишончли ҳамкор деб билишини, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар мустаҳкамланиши ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилишини қайд этди. 

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашувда мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодиёт, инвестиция, сайёҳлик ва бошқа соҳалардаги алоқаларини кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди. Ўзаро манфаатли ва узоқ истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун тегишли вазирликлар ва ишбилармон доиралар ўртасида мунтазам учрашувлар ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди. 

Икки давлат Президентлари Ўзбекистон билан Туркия бир-бирига муҳим ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида қарашини, томонлар ҳамкорликни ўзаро ишонч тамойиллари асосида кенгайтириш ва халқларимиз манфаатларига хизмат қиладиган юксак даражага кўтариш тарафдори эканини таъкидладилар. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан мулоқотда у билан яна бир бор учрашаётганидан мамнун эканини таъкидлади. 

Икки давлат раҳбарларининг жорий йил июнь ойида Шангҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида ўтган учрашуви чоғида эришилган келишувлар асосида ҳамкорликни янада фаоллаштириш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинди. Унинг изчил амалга оширилаётгани натижасида савдо-иқтисодий алоқалар жадал ривожланиб бормоқда. 2017 йилнинг биринчи ярмида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 18,5 фоиз ўсган. 

Президентларнинг ушбу учрашувидан кейин савдо айланмаси янада ошиши қайд этилди. 

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон – Озарбойжон муносабатларининг бугунги ҳолати, савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Икки мамлакатнинг улкан иқтисодий салоҳиятидан тўла фойдаланиш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига ташрифи ниҳоясига етди. 

Мавзуга оид