Жамият | 13:58 / 11.09.2017
13303
2 дақиқада ўқилади

Андижонда стол тенниси бўйича Ўзбекистон чемпионати якунланди

Ўзбекистон стол тенниси федерацияси тақвим режасига асосан 4-10 сентябрь кунлари Андижонда 20 ёшгача бўлган ўсмир  спортчилар ўртасида мамлакат чемпионати ўтказилди.

Мусобақада Бухоро, Хоразм, Наманган, Фарғона, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар ҳамда Андижон вилоятидан 103 нафар теннисчилар куч синашди.

56 нафар қизлар ҳамда 57 нафар ўғил болалар иштирокидаги яккалик, жуфтлик ва аралаш жуфтлик баҳслари кескин курашларга бой бўлди.    

Ўғил болалар ўртасидаги яккалик мусобақаларида андижонлик Хожиакбар Хожимирзаев биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, қизлар ўртасидаги яккалик баҳслари ғолиби Тошкент вилояти вакили Камила Халикова бўлди. Ўғил болалар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида биринчи ўринни Мурод Ғайбуллаев(Бухоро) ва Ҳикматилло Ғофуров(Андижон)лар жуфтлиги, қизлар ўртасидаги жуфтлик беллашувларида эса хоразмлик Фотима Ҳайитбова ва Саида Қозоқовалар тенгсиз бўлдилар. Аралаш жуфтлик чемпионлигини Андижон вилояти вакиллари Нафиса Дадабоева ҳамда Муҳаммадюсуф Абдуғаниевлар қўлга киритишди.

Жамоавий ҳисобда эса ўринлар қуйидагича кўриниш ҳосил қилди: 1- ўрин Андижон, 2- ўрин Тошкент вилояти, 3- ўрин Тошкент шаҳри жамоаси.

Ғолиб ва совриндорларга медал ва дипломларни Андижон вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов ҳамда федерация мутасаддилари тантанали равишда топширдилар.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид