Жамият | 18:00 / 13.09.2017
28489
2 дақиқада ўқилади

МХХ Намангандаги ер участкалари билан боғлиқ фирибгарликни фош этди

Ўзбекистонда уй-жойлар, хизматлар ва сервис объектлари қурилиши, айниқса қишлоқ жойларда фаол равишда олиб борилмоқда. Давлат даражасида миллионлаб квадрат метр уй-жойларни қуриш бўйича дастурлар тасдиқланган қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Кишилар имтиёзли ипотека кредитлари орқали аввалги орзуларига эришмоқда, қулай ва замонавий уйларни сотиб олишмоқда, ўз бизнесларини очишмоқда.

Ер участкаларини бериш жараёни ҳам такомиллаштирилмоқда. Аукцион савдолар орқали қурилиш учун ер участкаларини сотиш тартиби жорий этилди ва давлат кадастр органларининг фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилди. Бюрократия ва коррупцияни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ерда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари турли хил сохта схемаларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштирмоқда.

Куни кеча Наманган вилояти МХХ бошқармаси Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари билан биргаликда, муқаддам судланган, ҳозир эса ишсиз наманганлик 42 ёшли Маъруф Йўлдошевни ашёвий далил билан қўлга олди, у ер участкалари билан боғлиқ фирибгарликда айбланмоқда.

Олинган маълумотларга кўра, қўлга олинган шахс Наманган шаҳри ҳокимиятидаги гўёки алоқалари орқали ер участкасини ажратиш ва расмийлаштириш масаласини ҳал қилишга ваъда берган. Бунинг учун у 9,1 минг АҚШ долларини талаб қилган. Натижада, Йўлдошев пулни олиш вақтида ашёвий далил билан қўлга олинди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан Йўлдошевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича жиноий иш қўзғатилди, тергов давом этмоқда.

Мавзуга оид