Жамият | 20:21 / 14.09.2017
5125
1 дақиқада ўқилади

Парижда 97 ёшли аёлнинг 800 минг евролик зеб-зийнати ўғирлаб кетилди

Парижда полиция кийимида бўлган икки ўғри 97 ёшли аёлдан 800 минг еврога баҳоланаётган 10 та олтин ёмбиси ва зеб-зийнат буюмларини ўғирлаб кетди. Бу ҳақда Le Point нашри хабар бермоқда.

Воқеа Парижнинг нуфузли туманларидан бирида юз берган. 13 сентябрда маҳаллий вақт билан соат 17:00ларда икки номаълум шахс ўзини полиция ходими сифатида таништириб, кекса аёлга Париждаги бир қатор ўғриликларни тергов қилиш билан шуғулланаётганларини айтиб, уйига киритишни сўрашган.

Жиноятчилар ҳеч нарсадан хабари йўқ аёлдан унинг зеб-зийнатлари ўғирланмаганига ишонч ҳосил қилиш баҳонаси остида улар қаерда сақланишини сўрашган. Ўғрилар аёл банкда олтин ёмбилар сақлашидан хабар топишгач, аёлга банкда улар сохтасига алмаштириб қўйилиши мумкинлигини айтишган. Шундан кейин сурбет ўғрилар аёл билан бирга банкка бориб, у ердаги ячейкадан олтин ёмбиларни олиб, кўздан ғойиб бўлишган.

Мавзуга оид