Нима учун iPhone 8 сотувлари кутилганидек эмас?
22 сентябрь куни АҚШ, Янги Зеландия, Австралия, Япония, Хитой, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда iPhone 8 ва iPhone 8 Plus сотувларига старт берилди. Ўтган йилларда "олма" фанатлари янги қурилмаларни биринчилар қаторида қўлга киритиш учун узоқ навбатга туришарди, бироқ бу сафар кутилганидек бўлмади. Apple компаниясининг кўплаб дўконларида аввалгидек навбатлар кузатилмаяпти. Масалан, Сиднейдаги Apple дўконида 30га яқин киши янги смартфонлар учун навбат пойламоқда. Шунингдек Брисбен, Лондон, Лестер ва Оттавада ҳам навбат кутаётганлар у қадар кўп эмас. Одатий шов-шув фақат Нью-Йорк ва Сингапурда кузатилди. Шуниси қизиқки, Apple акцияларининг нархи ҳафта бошидан буён 5,2 фоиздан кўпроққа пасайди ва бу бозор капитализациясининг 43 миллиард доллардан кўпроққа тушишига олиб келди. Хўш, нима учун содиқ мухлислар iPhone 8 смартфонини сотиб олишга шошилишмаяпти?
1. Ҳеч қандай янгилик йўқ
Афтидан, iPhone 8 ва iPhone 8 Plus'га бўлган талабнинг кутилганидек юқори эмаслигига унинг аввалги моделга ўхшашлиги сабабдир. 64 ва 256 Гб хотирали IPhone 8 учун 995,19 ва 1204,74 доллар тўлашингиз керак бўлади. 64 ва 256 Гб хотирали IPhone 8 Plus учун эса 1134,89 ва 1344,44 доллар беришингиз керак. Бундай пуллар учун камида қандайдир катта янгилик кутасиз, шунчаки эски версиянинг апгрейдини эмас. Охир-оқибат нимага эга бўлдик?
iPhone 8 олтинчи "олма" давридан бошланган эски дизайнга эга. Албатта, одатий пластик ўрнига энди шиша корпус билан таъминланган. Бироқ агар сиз смартфонни ғалофда олиб юришга ўрганган бўлсангиз, фарқни яққол сезмайсиз.
iPhone 8 жуда кучли ва бу, ҳойнаҳой, унинг аввалги смартфондан устунлик белгиси. Саккизинчи "олма"да A11 Bionic чипи ўрнатилган ва бу бугунги кундаги энг кучли чипдир. Шундай бўлса-да, бу сиз учун шу қадар муҳимми?
Давом этамиз. iPhone 7 ва iPhone 8 камераларининг техник хусусиятларини таққослайдиган бўлсак, ўзгаришлар у қадар катта эмаслигини тушунасиз. Энди видеони янги частоталарда ёзишингиз мумкин (сониясига 30 ёки 60 кадр), сониясига 240 кадр частотали секинлаштирилган видео эса 1080P'да ёзилади. Бундан ташқари, iPhone 8'да икки камера ҳисобига "Портрет ёритгич" функцияси пайдо бўлди, вспишка янгиланди.
Ҳа, ниҳоят инқилоб — симсиз тезкор заряд. Албатта, бундай заряд борасида Apple бироз кеч қолди, бироқ ҳечдан кўра кеч. Фақат фирманинг заряд қурилмаси учун қўшимча тўлов талаб қилиши кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Еттинчи "олма"нинг апдейти учун шунча пул тўлаш — кўпчилик учун ортиқча ташвиш.
2. Янги "ширинлик" тайёр
Ва бу ширинчлик — iPhone X. Ҳа, у қимматроқ, бироқ нима учун пул тўлаётганингизни англаб етасиз. Боз устига унинг сотувлари яқин - ноябрда. Унга қадар эса "саккизинчи" айфон ва X смартфон нархлари ўртасидаги фарқни тўплашга улгуриш мумкин.
iPhone Х'да экран телефоннинг деярли бутун олд панелини эгаллайди. Унда одатий Home тугмаси йўқ. Асосий экранни очиш учун бармоқларни экраннинг пастки қисмидан юқори томон ҳаракатлантириш, Siri'ни чақириш учун эса — ён томондаги блок тугмасини босиш керак бўлади.
iPhone X смартфонининг интерфейси мутлақо янгича: батарея заряди, тармоққа уланиш сифати ва сана датчикли чизиқларнинг чап ва ўнг томонларида акс этади. Бошқарув панелини очиш учун экраннинг юқори қисми, ўнг томони бўйлаб бармоқларни ҳаракатлантиришнинг ўзи кифоя.
iPhone X'нинг корпуси - шишадан, HDR'ни қўллаб-қувватловчи, намлик ва чангдан ҳимояланган 5,8 дюймли Super Retina экран ва икки камера билан таъминланган. iPhone 8 Plus камерасидан фарқли ўлароқ, iPhone X'нинг камералари вертикал жойлашган.
Touch ID бармоқ излари сканери ўрнига Face ID — фойдаланувчининг юзидан таний олувчи тизим ўрнатилган. Смартфон эгаси унга қараганида iPhone X блокдан ечилади. Apple'да таъкидланишича, бу жуда муҳим тизим, уни сурат ёки ниқоб билан алдаш мумкин эмас.
Бундан ташқари яна кўплаб ёқимли жиҳатлари бор, лекин унинг ҳақиқатда янги қурилма эканини тушуниш учун шуларнинг ўзи ҳам етарли. Ҳойнаҳой, iPhone фанатларининг учдан бир қисми танловни Х фойдасига амалга ошириб, саккизинчи қурилма учун шошилишмаяпти.
3. Рақиблар ҳушёр
Samsung хатолар устида ишламоқда ва у Купертинодаги ишлаб чиқарувчиларни тахтдан тушириши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Жанубий Корея компанияси келаётган қиш мавсумидаёқ янги Galaxy S9 флагманини намойиш қилишни режалаштирмоқда. Ундан олдинги S8 модели 2017 йилнинг ёзида тақдим этилганди. Samsung компанияси Galaxy S9'га қандайдир инновацион функциялар ёки техник хусусиятлар киритса, гаджетсеварлар кореяликлар томонга ўтиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.
Бошқа ишлаб чиқарувчилар ҳам қолишмаяпти. Apple консерватизм учун танқид қилувчи Huawei доимий тарзда рақобатбардош қурилмалар ишлаб чиқариш устида ишламоқда ва дарвоқе, улар Хитой бозорида "олма" смартфонларини сиқиб чиқармоқда. Июль ойида Apple'нинг Хитой бозоридаги улуши қисқарди: Xiaomi бозордаги улуш кўрсаткичлари бўйича Apple'ни тўртинчи ўриндан бешинчига тушириб юборди. Илк тўрт ўрин эса Huawei (23 миллион фойдаланувчи), Oppo (21 миллион фойдаланувчи), Vivo (16 миллион фойдаланувчи) ва Xiaomi (15 миллион фойдаланувчи)га тегишли.
Мавзуга оид
11:28 / 10.11.2024
Дунё бўйлаб энг кўп сотилаётган смартфонлар номи маълум қилинди
21:56 / 08.11.2024
iPhoneʼнинг янги функцияси полициячиларнинг зарарига ишламоқда — ОАВ
22:30 / 02.11.2024
Apple Globalstar сунъий йўлдош компаниясига 1,5 млрд доллар инвестиция киритади
00:17 / 31.10.2024