Ўзбекистон | 19:59 / 24.09.2017
55476
6 дақиқада ўқилади

«Ёзувчига айланган ўзбекистонликлар» - Виртуал қабулхона бир йиллигига сўровнома

Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси ишга туширилганига бир йил тўлди. Роппа-роса бир йил муқаддам pm.gov.uz сайти ишга туширилган, аҳолидан тўғридан-тўғри Президентга мурожаатлар қабул қилиниб, уларни қийнаётган муаммолар ҳал қилина бошланди.

Жорий йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб аталишида ҳам ушбу виртуал қабулхонанинг тутган ўрни беқиёс. Чунки, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, давлат органларининг халқ билан яқиндан ишлаш механизмини шакллантиришда аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар салмоғи муҳим аҳамият касб этди. Барча шаҳар ва туманларда Халқ қабулхоналари очилди. Виртуал қабулхонага келиб тушган мурожаатлар ҳам Халқ қабулхоналари орқали ўз ечимини топиб келмоқда.

«Виртуал ҳамда Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган электрон, ёзма ва оғзаки мурожаатлар, таклиф ҳамда шикоятларга фақатгина жавоб қайтарилмасдан, уларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш тизимли таҳлил жараёнида умумлаштирилмоқда. Дейлик, бир хил масалада минглаб одамлар мурожаат қилаётган бўлса, улар атрофлича ўрганилиб, тегишли таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Пировардида давлат даражасида қарорлар қабул қилишга асос яратилмоқда.

Президентнинг виртуал қабулхонасига йил давомида 1,2 миллиондан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Бу ўзбекистонликларнинг давлат раҳбари ҳамда янги институтга бўлган юксак ишончини кўрсатмоқда. Бинобарин, Виртуал қабулхона аллақачон аҳоли муаммоларини амалда ҳал қилишга қодир бўлган механизмга айланиб улгурди», — деб ёзади «Халқ сўзи» газетаси бош муҳаррири Ўткир Раҳмат ўз мақоласида.

Бироқ, таҳририятимизга келаётган айрим шикоят ва мурожаатларда кўриниб турибдики, муаммолар виртуал қабулхонага мурожаат этилганидан сўнг ҳам ҳал этилмаган, эътиборсиз қолдирилган вазиятлар юз бермоқда. Бизга билдиришларича, ҳозир айрим ҳолларда виртуал қабулхонага юборилган мурожаат аввалгидек тепадан туриб ҳал этилмасдан мурожаат қилинган манзилнинг ўзига юборилмоқда. Муаммони ҳал этишга масъул бўлган айрим амалдорлар уни ечмасдан, виртуал қабулхонага келиштириб жавоб ёзиб, ёпиғлиқ қозонни ёпиғлиғича қолдиришнинг ҳадисини олиб бўлишган кўринади.

Биз KUN.UZ сайтининг «Телеграм» каналида бу борада сўров ўтказдик. Ўқувчиларимизга қуйидаги савол билан мурожаат қилдик:

Ўзбекистон Республикаси президенти Виртуал қабулхонаси ташкил қилинганига бир йил тўлди. Унинг фаолиятидан қониқиш ҳосил қиляпсизми?

Ушбу сўровномамизда 4959 нафар мухлисимиз иштирок этган ва жавоб вариантлари қуйидагича танланган:

  • Билмадим. Ҳозиргача ишим тушгани йўқ – 3 мингдан зиёд киши (ёки 56 фоиз)
  • Бошида яхши эди, ҳозир шунчаки расмиятчилик учун бўлиб қолган – мингдан зиёд киши (ёки 22 фоиз)
  • Йўқ, кўнглим тўлмаяпти – 538 киши (ёки 11 фоиз)
  • Ҳа, муаммоларимни шу орқали ҳал қилдим – 536 киши (ёки 11 фоиз)

Кўриниб турибдики, сўралганларнинг ярмидан кўпи виртуал қабулхонага ҳеч қачон мурожаат қилишмаган. 11 фоиз фуқаролар мурожаат қилиб, ўз муаммоларининг ижобий ечим топишига эришишган бўлса, яна шунча фоиз одам виртуал қабулхона ишидан қониқмаётганини баён қилган. 22 фоиз мухлислар виртуал қабулхонанинг бошланишидаги ишлаши ҳозирги аҳволдан яхшироқ бўлганини тасдиқлаган. Мухтасар қилиб тушунтирилса, 9 кишидан бири «портал»га ёзиб, ўз муаммосини ҳал қилган, бири ҳал қилолмаган, 2 киши «портал» ҳозирга кўра, аввал бошда яхшироқ ишларди, деб ҳисоблайди, 5 киши эса ҳеч қачон мурожаат қилмаган.

Хулоса қилинса, мурожаат қилинганларнинг тўртдан уч қисми виртуал қабулхонага мурожаат орқали жамиятимиздаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мумкинлигини тан олиб турибди. Фақат ўтган 1 йил давомида уни бошқараётганлар ишида сустлашиш кузатилаётгани, масъуллар ўз ишига панжа орасидан қарай бошлашганини англаш мумкин. Буни таҳририятимизга келган хат ва мурожаатлардан ҳам кўрсатиб турибди. Чунки, уларнинг кўпчилигида мухлисларимиз «портал»га ҳам мурожаат қилиб, ўз муаммосига ечим топмаётганини баён қилишмоқда.

Шу ўринда яна бир фикр ва таклиф: фуқаролар билан гаплашганимизда жойлардаги Халқ қабулхоналарига ҳуқуқ-тартибот органларида ишлаган собиқ амалдорларнинг раис қилиниши ҳам унчалик тўғри қарор бўлмаганини айтишяпти. Суд, прокуратура, милиция тизимида ишлаган собиқ амалдорлар мурожаатчиларни қўрқитиш, тазйиқ ўтказиш, аризасини қабул қилмаслик, муаммоси ҳал бўлмаса-да, «ҳал қилинди», дея мажбуран тилхат ёздириб олиш билан машғул бўлишгани борасида ҳам хабарлар учраётгани кишини ташвишлантирмасдан қўймайди. Президентимизнинг бу ташаббусни илгари суришдан мақсади бошқача бўлгани аниқ — халқнинг дардига қулоқ тутиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш учун очилмаганмиди виртуал қабулхона ва бу даргоҳлар?

Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашга ўзини «Президент командасиданман» дейдиган, қони қайноқ, серғайрат ёшларимиз ҳам жалб қилиниши бу борадаги ишларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилган бўларди.

Яна, виртуал қабулхонага қилинган мурожаатлар бўйича олиб борилаётган чораларни шаффофлаштириш ҳам унинг самарадорлигини каррасига оширган бўлар эди. Айниқса, коллектив мурожаатлар бўйича жамоатчилик назорати юзага келган бўлар эди. Йўқса, қилинган мурожаатлар ишчи гуруҳ томонидан ўтказиб берилган амалдорларнинг кабинетларида бюрократия ботқоғига ботиб, муаммолар ойлаб ҳал қилинмасдан қолиб кетишига, фуқароларда «портал»га ишончсизлик юзага келишига сабаб бўлаверади.

 

Ш.Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид