Фан-техника | 10:42 / 25.09.2017
20699
4 дақиқада ўқилади

Бензин таслим бўлмаяпти: ишлаб чиқарувчилар электромобилларга қандай қарши турмоқда?

Электромобиллар дунёни эгалламоқда. Ҳар йили тобора кўплаб моделлар пайдо бўлаяпти. Ишлаб чиқарувчилар ва давлатлар яна 20 йиллардан кейин ички ёнув двигателларидан бутунлай воз кечишга ваъда беришмоқда. Аммо ички ёнув двигателли машиналар ишлаб чиқарувчилар таслим бўлишни хаёлига ҳам келтиргани йўқ.  Улар ҳам янги технологияларни таклиф этиб, самарадорликни оширишмоқда. Қуйида бензинли двигателларнинг муқобил двигателлар билан курашига доир фикрлар билдирилган. 

Барчаси имкон қадар кучайтирилмоқда

Ҳозирги ички ёнув двигатели (ИЁД) XIX асрдагисидан тубдан фарқ қилади. Унинг самарадорлиги арзон электромобиллар пайдо бўлгунича ҳам анча яхшиланган эди. АҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигига кўра, сўнгги 40 йил мобайнида ёқилғини тежаш кўрсаткичлари қарийб 2 баравар ортди. 

Ушбу жадвалда Америкада ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг 10975 йилдаги кўрсаткичларига нисбатан қиёси келтирилган. Сариқ рангда — ёқилғини тежаш, яшил рангда — вазн, қизили — от кучлари.

Умуман, 2005 йилдан 2015 йилгача бўлган давр мобайнида дунёда ҳар 100 кмни босиб ўтиш учун 1 литр камроқ бензин ёки бошқа турдаги ёқилғини камроқ сарфлашган. Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, 2015 йили бу кўрсаткич ҳар 100 кмга 7,6 литргача пасайган. Глобал мақсад эса 2030 йилга келиб ушбу рақамни 4,4 литргача пасайтиришдир. 

Бензинли двигатель ўзгаришда давом этмоқда

Бензинли ички ёнув двигателини яхшилаш карбюратор ўрнини электрон инжектор эгаллаганидан бери тўхтаб қолгани йўқ. Оммавий ишлаб чиқарилаётган автомобилларда кучни камайтирмасдан мотор ҳажмини кичрайтириш учун турбокучайтиргич кўпроқ қўлланилмоқда. Бироқ шу билаан тежаш кўрсаткичларини ҳам янада яхшилашга уринишлар ҳам давом этаяпти. 

2018 йили Nissan ёнилғи аралашмаси сиқилишини компьютер воситасида бошқариб, «кўча» тартибидан «пойга» тартибига двигатель ичидаги поршенларнинг механик кўрсаткичларини ўзгартира оладиган машинани ишлаб чиқаради. Ҳатто, оддий машиналарга танклар ва самолётларда бўлгани каби поршенлари қарама-қарши ҳолатда ўрнатилган моторларни ўрнатиш таклифлари ҳам мавжуд. Тадқиқотчиларга кўра, бу самарадорликни 50 фоизга оширади. 

Янги нарса ўйлаб топа олмасангиз алдаш ҳам мумкин

Маълумки, 2015 йили Volkswagen дизель автомобилларида махсус дастурий таъминотдан фойдаланди. У зарарли газларни ўлчайдиган назорат қилувчи идораларни алдаш учун қўлланилган. Гарчи бу экологик меъёрларга риоя қилинишини исботлаш учун амалга оширилган бўлса-да, аслида машиналар лаборатория шароитларидагина ёқилғини тежашган. 
Алалоқибат, VW муаммони бартараф этишга миллиардлаб доллар сарфлайдиган бўлди. 

Бензин ва дизель — ички ёнув двигателларининг асосий ёқилғисидир. Бироқ бошқа ёнувчи ашёлар: табиий газ, биодизель, этанол ва ҳатто сув ўтларини ҳам қўлласа бўлади. Бугунги кунда биоёқилғидунё ёнилғи бозорининг 4 фоизини ташкил этмоқда. Табиий газ улуши бир фоиздан кам. Аммо айнан табиий газдан фойдаланувчи автомобиль эгалари сони 2040 йилга келиб сезиларли ўсиши мумкин. 

Гибридлар

Бензинли ва электрокарлар ўртасидаги асосий келишув намунаси бу  — гибрид автомобиллардир. Бу машинада ИЁД билан бир қаторда электромотор ҳам мавжуд. Аккумулятор ИЁДдан ёки тормозлаш чоғида қувватланади. Албатта, бу каби транспорт воситаларини ишлаб чиқишда Toyota кашшоф бўлди. У 2017 йилга келиб 10 млн дона шундай автомашиналарини сотишга улгурди. Ҳозирча бу жараён ўсишда давом этмоқда. 

Мавзуга оид