Ўзбекистон | 17:17 / 26.09.2017
49804
11 дақиқада ўқилади

«Илк смарт шаҳар учун ўзбек тилидаги сўз ярашмайдими?»​ — Президентга мурожаат

Бир гуруҳ ўзбекистонликлар мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллади. 

Ҳурматли Президент, биз, Ўзбекистон фуқаролари, юртимизнинг келажагини, элимиз манфаатларини ўйлайдиган, тарихимиз, тилимиз ва миллий қадриятларимизга бефарқ бўлмаган ватандошлар, Сизга жамиятимиз учун жуда муҳим бўлган бир масала бўйича мурожаат этмоқчимиз.

2017 йил 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн биринчи ялпи мажлисида Тошкент вилоятидаги Тўйтепа шаҳри номини Нурафшон деб ўзгартириш қарори қабул қилинди. Бироқ на «ЎзА» ахборот агентлиги берган бу хабарда, на бошқа оммавий ахборот воситаларида шаҳар номини ўзгартиришга асос бўлган сабаблар кўрсатиб ўтилди.

Олий Мажлис Сенати аъзоларини халқ сайлайди, шундай экан, улар халқнинг фикрини ўрганишлари, ҳар бир қарори учун эл олдида ҳисобот беришлари керак. Бу Конституциясида демократик тамойиллар эълон қилинган ва улуғланган давлатимиз қонунларига ҳамда сиз бошлаб берган «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» сиёсатига уйғун.

Бироқ сенаторлар бутун бошли шаҳарнинг номланишини халқ муҳокамасидан ў​тказмасдан, одамларнинг фикрини ўрганмасдан ў​згартириши ва энг ҳайрон қолдиргани - бундай  ўзгариш сабаблари маълум қилинмагани уларнинг «халқ билан мулоқот» тушунчасини яхши ў​злаштирганликларига шубҳа уйғотади.

Биз, ўзбеклар, жуда бой ва фахрланса арзийдиган тарихга эгамиз, азалдан элимиз томонидан қўллаб келинаётган ҳар битта жой номи ҳам тарихимизнинг ажралмас бир қисми. Шундай экан, нима асосда томирлари узоқ ўтмишга, Қорахонийлар давлати даврига (10-12 асрлар) бориб тақаладиган тарихий ном сийқаси чиқиб кетган, ўзбек эли ва ўзбек тарихи учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган форсча «Нурафшон» сўзига алмаштирилди? Бу тарихимизга ҳурматсизлик эмасми?!

Тў​йтепа шаҳри номи «Нурафшон»га ўзгартирилиши кўпчилик томонидан салбий қарши олинганини ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларда кўриш мумкин. Бунинг сабаблари юқорида келтириб ўтилди. Бундай ўзгариш Тўйтепа Тошкент вилояти марказига айланиши билан боғ​ланмоқда. Тўйтепанинг мақомини ошириш, уни янада ривожланган ва муҳим шаҳар қилиш ташаббусингиз, албатта, жуда яхши. Биз сизнинг, ҳурматли Шавкат Мирзиёев, бу ажойиб, юртимизга, элимизга фойда келтирадиган тадбирингизни чин юракдан қўллаб-қувватлаймиз. Бироқ, бу шаҳарни ​ў​збекистонликлар билан Тўйтепада яшовчилар эски замонлардан бери айнан «Тўйтепа» деб билар экан, халқимизнинг кўпчилиги вилоят маркази барчага таниш ва қадрли, чиройлигина, асл ўзбекча тарихий номига эга бўлишини истаб қолардик. Чунки, қайси миллат ўз тарихи билан узвий боғланган бў​лса, ўша ўсади, ривожланади, дунё тараққиётида ўз муносиб ўрнини эгаллайди. Азалдан сақланиб келадиган жой номлари эса тарихий хотиранинг ташувчилари, тарих шоҳидларидир.

Тўйтепа тарихи, ўтмишимизда гуллаб-яшнагани илк туркий-мусулмон сулоласи Ал Афросиёб - Алп Эр Тўнга ёки эски номи Қорахонийлар даври билан боғ​лиқ. Афросиёб - Алп Эр Тўнга сулоласи - бу жаҳон тарихидаги биринчи туркий-мусулмон сулола. Бу сулола даврида биринчи туркий адабий тил яратилган, Буғрохон тили, Чиғатой ва Қипчоқ лаҳжаларига асос солган тил. Бу давр - биринчи туркий адабиёт, биринчи туркий адабий асар «Қутадғ​у билиг», Юсуф Хос Ҳожиб ёзган илк туркий китоб даври! Бу туркий этнос ва туркий тил Туркистонда тамомила ғалабаси қозонган даври. Ал Афросиёб - Алп Эр Тўнга сулоласи бу биринчи туркий сулола - Ашиналар сулоласидан бў​либ, Ислом динини қабул қилгач, янги ном билан жаҳон тарихи саҳнасига чиққан буюк сулола бўлади ҳамда жаҳон тарихида биринчи туркий-мусулмон давлатига, биринчи туркий-мусулмон цивилизациясига  асос солган сулола ҳам.

Бу буюк, ота туркий давлатимиз замони Ислом динининг ғалабаси билан боғлиқ, чунки авваламбор Афросиёблар-Алп Эр Тўнга сулоласи даврида Имоми Аъзам мазҳаби расмий ва ягона мазҳаб сифатида эълон қилиниб, келажакда бутун минтақамиз тарихида жиддий ва муҳим роль ў​йнади. Биринчи бетакрор туркий моддий маданият, туркий-мусулмон меъморчилик анъаналари ҳам шу даврда пайдо бўлади. Қисқаси, бу ўта муҳим тарихий замон бўлган, тилимизнинг, биринчи давлатчилигимизнинг, адабиётимизнинг, эътиқодимизнинг шаклланиши шу буюк сулола ва улар қурган давлат билан боғ​лиқ. Тарихий Тўйтепа ҳам шу даврда кучайган ва кўтарилган, буюк туркий шаҳарлар сафига кирган.

Тўйтепа бу оддий географик тушунча эмас, бу жойнинг тарихи ўша туркий бешигимизнинг сиймоларидан бири, номи ҳам шунга туркийча-ўзбекча ва умуман олганда, туркийни жаҳон тарихида буюк қилган ишларининг сиймоларидан бири бу.

Агар бобо ва эналаримиз туркий бў​лмаган, деган гаплар яна пайдо бўлган бў​лса, биз яна бир бор Амир Темур сўзларини эслатиб қўямиз, шундай одамларга: «Биз ким Мулки Турон, Амири Туркистонмиз, Биз ким миллатларнинг энг қадими ва энг улуғ​и Туркнинг бош бў​ғинимиз». Энди эса Амир Темур айтган бош бўғ​ини бў​либ туриб, биринчи туркий-ўзбек тарихида қуриладиган смарт-ақлли шаҳарга чет тилдан ном бериш шундай бой ва улуғ​ тарихимизга ҳурматсизлик эмасми? Ёки замонавий технологиялар, тараққиёт ва тафаккур тушунчалари туркий тилига ва омилига нисбатан бегонами? Наҳотки, биринчи ўзбек смарт-ақлли шаҳрига ўзимизнинг туркий-ўзбек тилида бўлган сўз ярашмади? Нега? Наҳотки замонавий инновация лойиҳаси учун она тилимизнинг она илдизи ярашмади? Ахир дунёдаги энг машҳур ва ривожланган барча смарт-шаҳарларнинг номлари янги ўйлаб топилган эмас, балки азалдан сақланиб келган тарихий номланишлардир. Масалан, Амстердам шаҳрининг номи 13-асрга, Барселонаники эса ундан ҳам қадим даврларга бориб тақалади. Нега бундай паст назарда илдизларимизга қараш? Мана шунга Алишер Навоийнинг сатрларини эслатмоқчимиз:

Туркий тил наздида:

Чунки топтим ул калом ичра камол, Турк алфози била сурдум мақол… Турк назмида чу мен тортиб қалам, Айладим ул мамлакатни якқалам… Мен туркча бошлабон ривоят, Қилдим бу фасонани ҳикоят; Ким шуҳрати жаҳонга тўлғай, Турки била дағи баҳра олғай. Чунки бу кун жаҳонда атрок Кўптур хуш таъб, соф идрок…

Туркий тилимизни паст кўриш, ҳурмат қилмаслик бу янгилик эмас ва шунга замонавий ўзбек тилининг отаси бобомиз Абдурауф Фитрат ёзган буюк сўзлари бугун ҳам долзарб: «Дунёнинг энг бой, энг бахтсиз бир тили қайси тилдир? Биласизми? Туркча. Шоирлик қилмоқчи эмасман, сў​знинг тўғ​риси шудир. Дунёни энг бой тили туркчадир, энг бахтсиз тили яна худ туркчадир».

Демак, яна она тилимизни, туркий ўзбек тилимизни бечора қилиб, янги, улкан замонавий лойиҳани чет тилидан олинган сўз билан атадик. Бироқ яна бир буюк бобомизни, Абдулла Қодирийнинг ўлмас сўзларини эслатиш маъқул деб ўйлаймиз ва бу сўзлар ҳам долзарб ва кўтарилган мавзуга тегишли: «Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал  дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар».

Тўйтепа номи, минг йиллик тарихга эга биринчи туркий сулола, туркий тил ва адабиёт туғилган замонда кўтарилган ва кучайган шаҳарнинг ўзбекча-туркийча номи шу камбағал бўлмаган тилимизнинг бойликларидан бири бўлади!

Илтимосимизни инобатга олиб, биринчи ўзбек смарт-ақлли шаҳрига ўзимизнинг, асл туркий, ўзбек номини қолдирасиз деб умид қиламиз! Тўйтепа сўзидан уялмайлик, бу туркий илдизга эга сўз, бу Юсуф Хос Ҳожиб, Амир Темур, Алишер Навоий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Ойбек, Шайхзода, Қаҳҳор, Шуҳрат, Миртемир, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов ижод қилган тилдан чиққан сўз! 

Ҳурматли Президент Шавкат Мирзиёев, биз, ўзбек юртсеварлари, тарихимизни, тилимизни, миллий давлатчилигимизни ҳурмат қилувчи ватандошлар, Сиздан президентлик ваколатингиздан фойдаланиб, Сенат қарорини бекор қилишингизни ва тарихий Тўйтепа номини тиклашингизни илтимос қиламиз. Бунинг учун биз ва эл Сиздан жуда миннатдор бўлади, чунки, шундай қилсангиз, Сиз халқ, миллат, унинг тарихи ва тилининг ҳимоячиси бў​либ, мангу одамлар хотирасида қоласиз.

Катта Ҳурмат билан! 
Отабек Умар —Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани;
Анвар Назир — Тошкент шаҳри, Мирзо-Улуғбек тумани, таҳлилчи;
Жонузоқ Халил — Самарқанд вилояти - IT-менежер, ҳуқуқшунос;
Қутфиддин Муҳиддинов — Наманган вилояти, Наманган шаҳри, ишчи;
Жаннатхон Асқарова — Тошкент шаҳри, докторант;
Сардор Давлат — Наманган вилояти, Учқўрғон шаҳри, тилшунос, таржимон.
Нодира Мусаева — Тошкент шаҳри Чилонзор тумани, маркетолог;
Юлдузхон Асланова — Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳри, иқтисодчи, тадбиркор;
Дилбар Агзамова — Бухоро шаҳри, шифокор;
Даминов Карим — Хоразм вилояти, Урганч шаҳри, мактаб ўқитувчиси;
Сабир Камалов — Жиззах шаҳри, ўқитувчи;
Шермат Шараджабов — Самарқанд вилояти, ўлкашунос;
Алмазхон Ўртаев — Қорақолпағистон Республикаси, Нукус шаҳри, ўқитувчи;
Ҳусан Тўрабеков — Тошкент шаҳри, Бектемир тумани, таржимон;
Динара Мустафина — Тошкент шаҳри, Яшнаобод тумани, пенсионер;
Мариям Камилова — Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани, кутубхона ходими;
Камолбек Фозилов — Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри, муҳандис;
ва яна 387 нафар фуқаро.

Мавзуга оид