Ўзбекистон | 19:38 / 26.09.2017
19718
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда изоляторларнинг ички тартиб қоидалари тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидалари тасдиқланди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) расмий сайтида келтирилишича, бу «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ички ишлар вазирининг махсус буйруғида кўзда тутилган

Мазкур ички тартиб қоидаларда вақтинча сақлаш ҳибсхоналари (ВСҲ) ҳуқуқига кириш ва ундан чиқиш, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига олиб келинган шахсларни қабул қилиш ва камераларга жойлаштириш, ВСҲда шахсларни шахсий тинтувдан ўтказиш, уларнинг бармоқ изларини олиш, шунингдек, ашёлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини кўздан кечириш, тақиқланган ашёлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини олиб қўйиш, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг моддий-маиший ҳамда тиббий-санитария таъминоти, уларни меҳнатга жалб этиш каби муҳим бандлар белгиланган. 

Шунингдек, ВСҲда сақланаётган шахсларга бир марта ЭКИҲнинг 30 фоизгача бўлган суммага нақд пулсиз ҳисоб-китоб орқали озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни сотиб олишга, белгиланган оғирликдаги битта посилка (бандероль) ва 12 килограммгача озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат 2та йўқлов олишга рухсат этилади. ВСҲда сақланаётган ҳомиладор ва болали аёллар, вояга етмаганлар, шифокор хулосасига кўра даволанишга ва кучайтирилган овқатга муҳтож деб топилган беморлар, I ва II гуруҳ ногиронлари учун йўқловларнинг сони ва оғирлиги чекланмайди. ВСҲда сақланаётган шахсларга бир вақтнинг ўзида икки нафар вояга етган қариндоши билан 2 соатгача бўлган битта учрашувга рухсат берилади, аммо шахсни тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган ёки маст ҳолатда келган шахс билан учрашувга йўл қўйилмайди. 

ВСҲда сақланаётган шахслар тегишли шароитлар мавжуд бўлганда ВСҲ ҳудудида ўз хоҳишларига кўра меҳнатга жалб этилиши мумкин (иш ҳақи миқдори ЯТС (ягона тариф сеткаси) биринчи разрядидан кам бўлмаслиги лозим ). Уларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш тақиқланади, камерани тозалаш бундан мустасно.

Мавзуга оид